Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АНДИЖОН ВА ФАРҒОНА ВИЛОЯТЛАРИ АҲОЛИСИГА ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШНИ ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, шунингдек Андижон ва Қува шаҳарлари оқсоқоллари ва масжидлари намозхонларининг мурожаатларини ҳисобга олиб Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларининг Андижон шаҳридаги «Имоми-Осим» масжид-мадрасасини она ва бола реабилитацияси маркази ҳамда Қува шаҳридаги «Абу Ханифа» масжидини реабилитация бўлимига эга бўлган «Она ва бола» касалхонаси сифатида реконструкция қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари кўрсатиб ўтилган объектларни реконструкция қилиш ишларининг буюртмачилари этиб, «Ўздавтиблойиҳа» институти бош лойиҳалаштирувчи этиб белгилансин.
3. Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари:
кўрсатиб ўтилган объектларни вилоятларга ажратилган капитал қўйилмаларнинг умумий лимитлари доирасида маблағ билан таъминласинлар;
объектлар қурилишини 1999 йилда фойдаланишга топширган ҳолда тендер асосида амалга оширсинлар.
4. 1-бандда кўрсатиб ўтилган объектларни ишчи чизмалар бўйича маблағ билан таъминлаган ва кейинчалик харажатларни смета ҳужжатларига киритган ҳолда бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш ва реконструкция қилишга рухсат берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги объектларнинг белгиланган тартибда тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан бутланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 1999 йил учун ушбу вилоятларнинг инвестиция дастурини тузишда кўрсатиб ўтилган объектларни реконструкция қилишни тугаллашга лимитлар ва бюджет маблағларини назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳалаштиришнинг боришини ва бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат остига олсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ҳ.С. Караматов ва Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 12 ноябрь,
473-сон