Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ФОНДИ ВА ЖАҲОН БАНКИ ГУРУҲИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 октябрдаги 274-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шунингдек мавжуд қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янгиларини тайёрлашни жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича 1-иловага мувофиқ Мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда Мувофиқлаштирувчи кенгаш) тузилсин.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида 2-иловага мувофиқ ишчи гуруҳи тузилсин, унга кенгаш котибияти функцияси юклансин.
2. Мувофиқлаштирувчи кенгашга:
Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасига кўрсатиладиган молиявий ва техник ёрдамдан фойдаланишнинг устувор йўналишлари;
макроиқтисодий ривожлантириш борасида хорижий ва миллий экспертлар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш юклансин.
3. Молиявий ва техник ҳамкорлик лойиҳаларида иштирок этадиган вазирликлар ва идораларга:
Халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш бўйича масъул шахсларни тайинлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан тасдиқланган амалдаги лойиҳаларни бажаришнинг бориши тўғрисида Мувофиқлаштирувчи кенгашга йилнинг ҳар чорагида ҳисоботлар тақдим этиш юклансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 22 июль,
261-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1- илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 14 декабрдаги 520-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2- илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 14 декабрдаги 520-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)