ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН МАЛАЙЗИЯ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
англашув Меморандуми
Олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Малайзия Ҳукумати номидан Малайзия Олий таълим вазирлиги (бундан кейин алоҳида «Томонлар» деб аталувчилар),
олий таълим соҳасида икки давлат ўртасидаги ўзаро икки томонлама дўстона муносабатларни мустаҳкамлашни истаб;
олий таълим соҳасининг иқтисодий ривожланиш ва икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил эканлигини эътироф этган ҳолда; ва
олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик иккала мамлакат учун ҳам фойда келтиришига ишонган ҳолда;
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда. Англашув Меморандуми мақсади
Томонлар, ушбу Англашув Меморандумининг қоидалари ҳамда ҳар қайси мамлакатнинг амалдаги қонунлари, қоидалари, йўриқномалари ва миллий сиёсатига амал қилиб, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида икки мамлакат ўртасида олий таълим ҳамда билимни юксалтириш ва интеллектуал ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
2-модда. Ҳамкорлик шакллари
Томонлар ўз мамлакатларида ушбу Англашув Меморандуми предметини тартибга солувчи олий таълим соҳасида амалда бўлган қонунлар, қоидалар, йўриқномалар ва миллий сиёсатга асосланган ҳолда қўйидаги соҳаларда техникавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур бўлган чора-тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қиладилар:
а) ўзаро манфаатли деб топилган дастурлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Малайзия Олий таълим вазирлиги билан ўтказиладиган маслаҳатлашувлар ёрдамида олий таълим муассасалари ўртасида профессор ва ўқитувчилар, экспертлар ва талабаларнинг алмашинувини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш. Бундай алмашинув дарс бериш ва/ёки изланиш бўйича қўшма ҳисобот тайёрлаш, илмий мақола чоп этиш ёки илмий ташрифдан иборат бўлиши мумкин. Қабул қилувчи вазирлик томонидан ўтказиладиган алмашинув дастурнинг муддатлари ва шартлари ҳар икки вазирлик раҳбарлари томонидан белгиланади;
б) техникавий, касб-ҳунар ва олий таълимнинг манфаатли соҳаларида ўзаро ёрдамни қўллаб-қувватлаш;
в) Томонларнинг олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттириш учун грантлар ажратиш бўйича чоралар кўриш;
г) олий таълим муассасаларининг икки томонлама техникавий, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларидаги ўзаро манфаатли бўлган дастурларини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириш;
д) таълим соҳасининг маъмурий ходимлари ва ўқитувчилари, жумладан малака ошириш соҳасида машғул бўлганларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириш;
е) Томонларнинг олий таълим муассасалари ўртасида баҳолаш тизими ва шунга ўхшаш дастурлар ҳамда академик, касб-ҳунар ва малакавий квалификацияларини ўзаро тан олиш имкониятларини ўрганиб чиқиш;
ё) ўқув адабиётлари, ўқитиш бўйича ёрдам, ахборот ва кўргазмали қўлланмалар билан алмашишда, шунингдек муҳим аҳамиятга эга бўлган махсус кўргазмалар ва семинарлар ташкил қилишда кўмаклашиш;
ж) ахборот ва коммуникация технологиялари, математика ва табиий фанлар соҳасидаги ўзаро ёрдамни қўллаб-қувватлаш; ва
з) Томонлар томонидан ўзаро келишиб олинадиган олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳар қандай бошқа жабҳаларида.
3-модда. Ваколатли органлар
Ушбу Англашув Меморандумини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Малайзия Ҳукумати номидан — Малайзия Олий таълим вазирлиги масъул этиб тайинланади.
4-модда. Алмашинув дастурлари
Ҳар бир алмашинув дастурнинг тафсилотлари ваколатли органлар томонидан мувофиқлаштирилади ва уларни Томонлар тасдиқлаши талаб қилинади, шунингдек ўқитувчилар, талабалар ёки ўқув материаллари алмашинуви албатта бир вақтнинг ўзида икки тарафлама амалга оширилмаслиги ҳам мумкин.
5-модда. Молиявий келишувлар
Ушбу Меморандумда қайд этилган ҳамкорликка оид тадбирларни молиялаштириш Томонларнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, алоҳида ҳар бир ҳолат юзасидан ўзаро келишув асосида амалга оширилади.
6-модда. Қўшма ишчи гуруҳ
1. Томонлар ушбу Англашув Меморандумини амалга ошириш бўйича Қўшма ишчи гуруҳни ташкил этадилар.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Қўшма ишчи гуруҳи тегишли муассасалар ва агентликлар вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили томонидан бошқарилади.
3. Малайзия Ҳукумати номидан Қўшма ишчи гуруҳи тегишли муассасалар ва агентликлар вакиллари иштирокида Малайзия Олий таълим вазирлиги вакили томонидан бошқарилади.
4. Қўшма ишчи гуруҳи йилига камида бир марта ёки Томонлар ушбу Англашув Меморандумининг бажарилишини муҳокама қилиш мақсадида ўзаро келишилган пайтдан йиғилиши мумкин.
7-модда. Махфийлик
1. Ушбу Меморандум ёки унга мувофиқ тузилган бошқа келишувларнинг бажарилиши вақтида ҳар бир Томон бошқа Томонга тақдим этган ёки ундан қабул қилган ҳужжат, ахборот ёки бошқа маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиш мажбуриятини олади.
2. Томонлар ушбу Англашув Меморандумининг амал қилиш муддати тугатилишига қарамасдан Томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланган муддатга ушбу модданинг қоидалари ўз кучини сақлаб қолишига рози бўлдилар.
8-модда. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш
1. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқнинг ҳимояси Томонларнинг амалдаги тегишли қонунлар, қоидалар ва йўриқномаларга ҳамда ҳар иккала Томонлар имзолаган халқаро битимларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Томонлардан бирининг номи, белгиси ва/ёки расмий эмблемасидан нашр, ҳужжат ва/ёки бошқа қоғозлардан фойдаланиш, ушбу Томоннинг ёзма рухсатисиз тақиқланади.
3. Ушбу модданинг 1-қисмида кўрсатилган қоидалардан қатъи назар, амалга ошириладиган ҳар қандай технологик янгилик, маҳсулот ва хизматларнинг ривожланишига оид интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар:
а) Томонларнинг биргаликдаги фаолияти ёки Томонларнинг ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган тадқиқотлар натижасида яратилган бўлса, ўзаро келишувга мувофиқ ҳар иккала Томонга тегишли ҳисобланади;
б) Томонлардан бирининг якка ёки алоҳида фаолияти ёхуд якка ёки алоҳида амалга оширган тадқиқотлари натижасида яратилган бўлса, фақат ўша Томонга тегишли ҳисобланади.
9-модда. Бажарилишини тўхтатиш
Ҳар бир Томон миллий хавфсизлик, манфаат, жамоат тартиби ва соғлиғидан келиб чиққан ҳолда ушбу Англашув Меморандумининг бажарилишини вақтинчалик тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини сақлаб қолади, бундай тўхтатиш бошқа Томоннинг дипломатик каналлар орқали ёзма хабардор қилинганидан сўнг дарҳол амал қила бошлайди.
10-модда. Қайта кўриб чиқиш, ўзгартиш ва қўшимчалар
Томонлардан бири Англашув Меморандумининг барча ёки бирор бир қисмини қайта кўриб чиқиш, ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида иккинчи Томонга ёзма равишда мурожаат қилиши мумкин. Ҳар қандай Томонлар ўзаро розилик билдирган қайта кўриб чиқиш, ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ёзма ҳолда амалга оширилади ва улар Ушбу Англашув Меморандумининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу каби қайта кўриб чиқиш, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Томонлар белгилаб қўйган вақтдан бошлаб кучга киради. Барча қайта кўриб чиқишлар, ўзгартиш ва қўшимчалар уларнинг кучга киргунига қадар ушбу Англашув Меморандумидан келиб чиққан ёки унга асосланган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этмайди.
11-модда. Низоларни ҳал этиш
Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилиш ва/ёки бажаришда ва/ёки қўллашда Томонлар ўртасида вужудга келадиган ҳар қандай келишмовчилик ёки учинчи томонга ёхуд халқаро судларга мурожаат этмасдан, Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали дўстона маслаҳатлашув ва/ёки музокара ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.
12-модда. Кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
1. Ушбу Англашув Меморандуми имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва 5 (беш) йил давомида амал қилади. Бундан сўнг, агар Томонлардан бири Англашув Меморандумининг тугатиш нияти бўлган муддатдан камида 6 (олти) ой олдин ушбу Англашув Меморандумини бекор қилиш ҳақида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабар бермаса, Англашув Меморандуми ўз-ўзидан кейинги 5 (беш) йиллик муддатга узайтирилади.
2. Ушбу Англашув Меморандумининг ўз кучини йўқотиши унинг ўз кучини йўқотишига қадар келишилган тадбирлар/дастурларнинг амалга оширилишига ўз таъсирини кўрсатмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат қуйида имзо чекувчилар Ушбу Англашув Меморандумини имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 17 ноябрь куни олти (6) асл нусхада, ҳар иккиси (2) ўзбек, малай ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 3-4-сон)