LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган, ҳақли равишда «Шарқ дарвозаси» деб ном олган, халқимизнинг ғурур-ифтихори бўлмиш азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг миллий давлатчилигимиз тарихида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Қадимдан илм-фан ва маданиятнинг йирик маркази, тинчлик ва дўстлик рамзи бўлиб келаётган Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини пойтахтимизнинг юксак нуфузи ва мавқеига муносиб равишда нишонлаш, унинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборини янада ошириш, халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида:
1. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2007 йил 2 ноябрдаги 34-сессиясида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлаш ва юбилей тадбирларида ЮНЕСКОнинг иштирок этиши ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ижодий уюшмалар ва кенг жамоатчиликнинг Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини 2009 йилнинг сентябрь ойида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 11 ноябрдаги ПҚ-997-сонли қарори таҳририда — Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 11-сон, 618-модда)
3. Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва юбилей тадбирларини ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси таркиби 1-иловага, комплекс чора-тадбирлар дастури 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги тарихий обидалар, ёдгорлик ва қадамжоларни таъмирлаш, ободонлаштириш, янги замонавий объектлар қуриш, шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга доир тадбирлар режасини 3-иловага* мувофиқ амалга оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси иштирокида Тошкент шаҳрида 2009 йилнинг март ойида «Тошкентнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий конференцияни ташкил этиш, мамлакатимиз ва чет элдаги таниқли олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, уни ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш, конференция материалларини чоп этиш ва анжуманни кенг ёритиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан пойтахтда кенг кўламли бунёдкорлик, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш;
мавжуд тарихий обидалар ва ёдгорликларни юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ўрганиш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича амалий чоралар кўриш;
тарихий-маданий аҳамиятга эга иншоотларни таъмирлаш ишларини уларнинг асл қиёфасига мос тарзда белгиланган меъморий талаблар асосида амалга ошириш;
Тошкент шаҳрининг тарихи, бой маданий мероси ва унинг бугунги ҳаётини Ўзбекистонда ва хорижий мамлакатларда тарғиб этиш бўйича тадбирларни ташкил этиш;
7. «Ўзбектуризм» миллий компанияси, бир ой муддатда, халқаро туристик ташкилотлар билан биргаликда, Тошкент шаҳрининг тарихий-меъморий обидаларини, зиёратгоҳ ва табиий жиҳатдан эътиборга молик масканларини кенг тарғиб этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
8. Юбилей муносабати билан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларни белгиланган муддатда бажариш ва фойдаланишга топшириш учун уларнинг лойиҳалаш ва қурилиш ишларини истисно тариқасида бир вақтда амалга оширишга рухсат берилсин.
9. Юбилей муносабати билан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган бино ва иншоотлар учун хориждан келтириладиган қурилиш материаллари ҳамда асбоб-ускуналар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат асосида божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви тўловларидан ташқари) озод қилинсин.
Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга доир тадбирларни амалга оширишда ҳомий сифатида қатнашиш истагини билдирган нодавлат ва жамоат ташкилотлари, хорижий ва халқаро тузилмаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
юбилейга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур маблағларни тўплаш мақсадида махсус ҳисоб рақамини очиш ҳамда маблағларни аниқ йўналтирилган тарзда сарфлаш;
юбилей муносабати билан объектларни таъмирлаш, қайта тиклаш ва қуриш ишларини белгиланган муддатда сифатли амалга ошириш вазифаси топширилсин.
11. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
12. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.