ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ВА РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДАГИ
Битим
НОҚОНУНИЙ МИГРАЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати — бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи,
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги 1992 йил 30 майдаги Шартномада, ва Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида тузилган стратегик шерикчилик тўғрисида 2004 йил 16 июндаги Шартнома ва Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иттифоқчилик тўғрисида 2005 йил 14 ноябрдаги Шартномада кўрсатилган фундаментал принциплар ва Ўзбек—Россия муносабатларига амал қилган ҳолда,
Томонлар давлатларининг фуқаролари, учинчи давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат ҳудудига кириши (бўлиши), транзит ўтиши ва чиқиб кетишини тартибга солувчи Томонлар давлатларининг қонунчилигини бузган ҳолда Томонлар давлатларининг ҳудудларига кириб келиши, яшаши ва Томонлар давлати ҳудудидан чиқиб кетиши (қуйида матнда — ноқонуний миграция деб юритилади) жамоат ва миллий хавфсизликка, иқтисодий барқарорликка жиддий таҳдид солиши ва Томонлар давлатларининг ҳудудларида криминоген вазиятларнинг мураккаблашишига олиб келишини чуқур англаган ҳолда,
ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорликни Томонлар давлатларидаги миграция жараёнларини назорат қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қараб,
ноқонуний миграцияни олдини олиш бўйича биргаликда чораларни амалга ошириш истагини билдирган ҳолда,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ва Томонлар давлатлари қонунчиликларига асосланган ҳолда,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган Конвенциясига қўшимча тарзда мигрантларни қуруқлик, денгиз ва ҳаво йўллари билан ноқонуний тарзда олиб киришга қарши Баённоманинг қоидаларини эътиборга олиб,
Томонлар давлатларининг ноқонуний миграцияга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорлик учун қонуний асосни яратишни кўзлаган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар давлатларининг қонунчилигига ва мазкур Битимга мувофиқ ноқонуний миграция соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
1. Мазкур Битим қуйидаги ваколатли органлар томонидан амалга оширилади:
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик хизмати.
Россия томонидан — Россия Федерациясининг Ички ишлар вазирлиги, Федерал миграция хизмати, Россия Федерациясининг Федерал хавфсизлик хизмати.
2. Томонлар ўзларининг ваколатли органлари таркибига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида дипломатик йўллар орқали дарҳол хабар қиладилар.
3-модда
Мазкур Битимнинг бажарилиши юзасидан ҳар бир Томон миграция соҳасида ўз ваколатли органи ваколатхонасини бошқа Томон давлати ҳудудида очиши мумкин.
4-модда
1. Томонлар мазкур Битим доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) чегара ва иммиграцион назорати;
б) Томонларнинг давлат чегараларини ноқонуний тарзда кесиб ўтган, уларнинг ҳудудларига ноқонуний кириб келган шахсларни ҳисобга олиш;
в) информацион-аналитик материаллар, даврий нашрлар, миграция масалалари, шунингдек Томонларнинг ваколатли органлари фаолиятининг тажрибаларини оммалаштириш, жумладан чегара ва иммиграцион назоратини ташкиллаштириш бўйича материаллар билан ўзаро алмашиш;
г) ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалалари билан шуғулланувчи Томонларнинг ваколатли органлари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакаларини ошириш, шунингдек мазкур соҳада семинарлар ва стажировкаларни ташкил қилиш;
д) ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида биргаликда илмий ишларни олиб бориш;
е) ўзаро манфаатларни ифода этувчи маълумотлар билан алмашиш:
аниқланган ноқонуний миграция каналлари тўғрисида;
Томонларнинг давлатлари ҳудудида фаолият кўрсатаётган ноқонуний миграцияни ташкил қилиш ва амалга оширишда иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахслар тўғрисида;
ноқонуний миграцияни ташкил қилиш ва амалга оширишда қўлланиладиган жўнатиш ва келиш пунктлари, йўналишлари, ташувчилари ва транспорт воситалари тўғрисида;
ноқонуний миграция мақсадида қўлланилган кириш визалари ва бошқа ҳужжатларни олиш ва улардан фойдаланиш усуллари тўғрисида;
миграция соҳасида Томонлар давлатларининг қонунчилиги тўғрисида, жумладан миграция жараёнларини назорат қилиш, ноқонуний миграцияга қарши курашишни ташкил қилиш тўғрисида, шунингдек мазкур соҳаларга оид Томонлар давлатларининг қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида;
ноқонуний миграцияни олдини олишга қаратилган тажриба ва тадбирлар тўғрисида ва у билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар тўғрисида;
шахсни аниқловчи ва давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг намуналари тўғрисида, Томонлар давлатларининг ҳудудларига кириш, унда бўлиш ва чиқиб кетиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг шаклларига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида;
учинчи давлатлар билан тузилган миграция масалалари бўйича халқаро шартномалар тўғрисида;
бошқа Томон давлатининг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бир Томон давлатининг фуқаролари тўғрисида;
бошқа Томон давлатининг ҳудудида бир Томон давлатининг фуқароларини ишга жойлаш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар—лицензиатлар тўғрисида;
ж) ҳамкорликнинг бошқа ўзаро маъқул йўналишлари.
2. Томонларнинг давлатлари ҳудудларида ноқонуний миграцияни олдини олиш бўйича Томонлар зарур ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чораларни кўрадилар.
3. Жисмоний шахсларнинг эркин ҳаракат қилишларига доир халқаро мажбуриятлар учун зарар етказмаган ҳолда Томонлар ноқонуний миграцияни олдини олиш ва уни аниқлаш учун талаб қилинадиган чегара ва иммиграцион назорати бўйича қуйидаги чораларни белгилайдилар:
а) мазкур Битим доирасида ҳамкорлик манфаатдор Томоннинг кўмак бериш тўғрисидаги сўровномалари асосида, ёки бундай ҳамкорлик бошқа Томоннинг манфаатини ифода этишини англаган Томоннинг ташаббуси билан амалга оширилади;
б) кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўровнома ёзма равишда юборилади. Фавқулодда ҳолатларда сўровнома матн узатишнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда алоқа воситалари орқали юборилиши мумкин, бироқ бундай юборилганидан кейин 48 соатдан кечиктирилмасдан сўровнома ёзма равишда тасдиқланиши керак. Сўровноманинг ҳақиқийлиги ёки унинг матнида шубҳа уйғонса, қўшимча тасдиқ талаб қилиниши мумкин.
в) кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўровномада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
сўраётган ва сўралаётган органнинг номи;
ишнинг моҳияти;
сўровноманинг мақсади ва асоси;
сўровноманинг мақсадга мувофиқ ижро этилиши учун фойдали бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа маълумот.
г) кўмак бериш тўғрисидаги сўровнома сўраётган ваколатли органнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.
5-модда
1. Сўралаётган Томон сўровноманинг тез ва имкони борича тўлиқ бажарилиши учун барча чораларни кўради.
Сўраётган Томонга сўровноманинг амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган ёки жиддий қийинлаштирадиган ҳолатлар тўғрисида дарҳол хабар қилинади.
2. Сўраётган Томон, ўзининг фикрига кўра, сўровноманинг мақсадга мувофиқ равишда бажарилиши учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни ҳам сўраш ҳуқуқига эга.
3. Сўровномани бажаришда сўралаётган Томон давлатининг қонунчилиги қўлланилади.
4. Агар сўралаётган Томон сўровномани бажариш ўзининг давлатида олиб борилаётган бирон бир жиноий ишга тааллуқли бўлган қидирув ёки суд ишларига халақит берадиган бўлса, у сўровноманинг бажарилишини тўхтатиши ёки сўраётган Томон билан келишиб олгандан кейин унинг бажарилишини зарур деб топилган шартларга боғлаши мумкин. Агарда сўралаётган Томон сўровномани бундай шартлар асосида бажарилишига рози бўлса, у ҳам бу шартларга амал қилиши керак.
5. Сўралаётган Томон сўраётган Томоннинг таклифига кўра сўровнома келиб тушган ҳолатнинг, бундай сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар матнининг махфийлиги, шунингдек кўмак бериш ҳолати махфийлигини таъминлаш учун барча чораларни кўради.
Агар сўровномани амалга оширишда махфийликни таъминлашнинг имкони бўлмаса, сўралаётган Томон бу ҳақда сўраётган Томонга маълум қилади, сўраётган Томон эса сўровномани худди шу шартларда бажарилишини ҳал қилади.
6. Сўралаётган Томон иложи борича қисқа вақт ичида сўровноманинг бажарилиши тўғрисида сўраётган Томонга хабар беради.
6-модда
1. Агар сўралаётган Томон сўровномани бажариш давлатнинг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ва бошқа мавжуд манфаатларига зарар етказиши, ёки унинг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига қарши келади деб ҳисобласа, мазкур Битим доирасида кўмак беришдан қисман ёки тўлиқ бош тортиши мумкин.
2. Сўраётган Томонга сўровноманинг бажарилишини рад этганлик тўғрисида мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма хабар қилинади.
7-модда
1. Агар Томонлар бир-бирларидан олган маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар ёпиқ характерга эга бўлса ёки уларни берувчи Томон уларнинг ошкор қилинишини истамаса, ҳар бир Томон уларнинг махфийлигини таъминлайди. Бундай маълумотлар ва ҳужжатларнинг ёпиқлиги даражаси уларни берувчи Томон тарафидан белгиланади.
2. Мазкур Битимга мувофиқ олинган сўровномаларнинг бажарилиши натижалари уларни тақдим этган Томоннинг розилигисиз улар сўраб олинган ва тақдим этилган мақсадлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.
3. Мазкур Битимга мувофиқ бир Томондан олинган маълумотларни учинчи Томонга бериш учун, бундай маълумотларни берган Томоннинг олдиндан берилган розилиги талаб қилинади.
8-модда
Мазкур Битим қоидаларининг талқини ва қўллашдан келиб чиқадиган баҳсли масалалар маслаҳат ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
9-модда
Мазкур Битимнинг ва ноқонуний миграция соҳасида келгусидаги келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Томонлар кўрсатилган масалалар бўйича Бирлашган Ўзбек—Россия ишчи гуруҳини тузадилар, унинг таркибига Томонларнинг манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари киради.
10-модда
Томонлар, агар ҳар бир муайян ҳолда бошқача тартиб келишилмаган бўлса, мазкур Битимни амалга ошириш давомида юзага келиши мумкин бўлган харажатларни ўзлари қоплайдилар.
11-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси иштирок этаётган бошқа халқаро шартномалар юзасидан келиб чиқувчи Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Мазкур Битим доирасида Томонлар ҳамкорлиги рус тилида амалга оширилади.
13-модда
1. Мазкур Битим, унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедуралари бажарилганлиги тўғрисидаги Томонларнинг сўнгги ёзма хабарномалари олинган санадан бошлаб 30 кунлик муддат ўтганидан кейин кучга киради.
2. Мазкур Битим 5 йил муддатга тузилади ва унинг амал қилиш муддати, агарда Томонларнинг ҳеч қайси бири мазкур Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида 6 ой олдин ёзма равишда уни тугатиш тўғрисида хабар бермаса, кейинги 5 йиллик муддатга чўзилади.
Агар мазкур Битимнинг амал қилиш муддати тўхтатилса, унинг қоидалари Битимга мувофиқ амалга ошириладиган барча тугатилмаган тадбирлар бўйича қўлланилиши давом этади.
3. Томонларнинг ўзаро келишувлари асосида мазкур Битимга ўзгартишлар киритилиши мумкин, ва бундай ўзгартишлар баённомалар кўринишида расмийлаштирилади.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 4 июлда ўзбек ва рус тилларида иккита нусхада тузилди, бунда иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)