Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАР ВА ТОШЛАРДАН ЗАРГАРЛИК БУЮМЛАРИ ТАЙЁРЛАШ ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сон Фармони)» қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Вазирлар Маҳкамасининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ;
Вазирлар Маҳкамасининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 27 сентябрь,
205-сон
Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари
тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида
тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.
2. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Комиссия фаолияти Комиссия тўғрисидаги низомга мувофиқ ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) Комиссиянинг ишчи органи функциясини бажаради.
3. Ишчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни тегишли ҳужжатлар билан қабул қилади, улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензияларни расмийлаштиради ва қайта расмийлаштиради, лицензия битимлари тузади, лицензиялар реестрини юритади, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туради ва тиклайди.
4. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.
5. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилади.
6. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга оширишга лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
II. Лицензия талаблари ва шартлари
7. Қуйидагилар қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига, қимматбаҳо металлар ва тошларнинг, таркибида қимматбаҳо металлар ва тошлар бўлган буюмларнинг муомалада бўлишига оид норматив-техник ва бошқа талабларга мажбурий тарзда риоя қилиш;
қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлашни тартибга солишга доир норматив-техник ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;
лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур ва белгиланган талабларга мувофиқ бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжуд бўлиши;
белгиланган талабларга мувофиқ хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни, қимматбаҳо металлар ва тошлар чиқиндилари ҳамда парчаларини ҳисобга олиш ва сақлашнинг таъминланиши;
юридик шахс штатида қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш соҳасида махсус маълумотга ёки ушбу соҳада камида уч йиллик иш стажига эга бўлган камида бир нафар ходим бўлиши;
жисмоний шахснинг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш соҳасида махсус маълумотга ёки ушбу соҳада камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг қимматбаҳо металлар ва тошлар билан операцияларни амалга оширишга берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг мавжуд бўлиши.
8. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатиб ўтилган лицензия талаблари ва шартларидан аниқ талаблар ва шартлар назарда тутилиши мумкин.
III. Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар
9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:
юридик шахс учун — юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами;
жисмоний шахс учун — фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга оид маълумотлар;
лицензияланадиган фаолият тури;
б) қуйидагилар:
юридик шахс учун — юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
(9-банднинг «б» кичик банди иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
жисмоний шахс учун — якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
(9-банднинг «б» кичик банди учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
в) ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
г) лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар тўғрисидаги маълумотлар;
д) лицензияланадиган фаолият амалга ошириладиган бинолар ва хоналарга мулк ҳуқуқини ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат;
е) мавжуд бино ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига, санитария-гигиена ва экология нормаларига мувофиқлиги тўғрисида ёнғиндан сақлаш ва санитария-эпидемиология органлари, табиатни муҳофаза қилиш органларининг хулосалари.
10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ишчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.
Ҳужжатлар ишчи органнинг масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).
Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
IV. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия
беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
12. Ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгоридан қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.
Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.
13. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган Схемага мувофиқ амалга оширилади.
Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.
Ишчи орган ариза олинган кундан бошлаб йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга тақдим этади.
Комиссия ишчи орган таклифи олингандан кейин ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарорлари сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.
14. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.
Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.
Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битими ишчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади ҳамда унда қуйидагилар бўлиши керак:
битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;
томонларнинг реквизитлари;
амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;
лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.
Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва ишчи орган учун бир нусхадан тузилади.
15. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари намуналари ишчи орган томонидан ишлаб чиқилади, Комиссия томонидан тасдиқланади ҳамда ишчи орган буюртманомасига кўра «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун ишчи орган раҳбари белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.
Лицензиялар ишчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.
16. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.
17. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
18. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.
Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
19. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
20. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришнинг рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Бунда ишчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан бирга тасдиқлаш учун Комиссияга тақдим этади.
Комиссия ишчи орган таклифи олингандан кейин тўрт кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.
Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.
V. Лицензияларни қайта расмийлаштириш, дубликат бериш
21. Лицензиат — юридик шахс қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Лицензиат — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки яшаш жойи ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
22. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.
23. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш ишчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.
Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
24. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.
Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
VI. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
25. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.
26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;
текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисида Комиссияга кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензияланадиган фаолият лицензия расмийлаштирмасдан амалга оширилишининг аниқланган ҳолатлари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун солиқ органларига белгиланган тартибда юбориш.
27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ишчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси ишчи органда қолади.
VII. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш
28. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.
Ишчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда ишчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
29. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.
Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
30. Лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.
Комиссиянинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг бекор қилиниши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
VIII. Лицензиялар реестри
31. Ишчи орган лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;
жисмоний шахс учун — фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, телефон рақами;
лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;
лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;
дубликат бериш асослари ва санаси;
лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.
32. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(33-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
IХ. Давлат божини тўлаш тартиби
34. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида давлат божи ундирилади.
Лицензиялар берилганлиги учун давлат божи маблағлари республика бюджети даромадига ўтказилади.
Қимматбаҳо металлар ва тошлардан
заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини
лицензиялаш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини
лицензиялаш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик
буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш схемаси
буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш схемаси
Вазирлар Маҳкамасининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси
ТАРКИБИ
ТАРКИБИ
| Азимов Р.С. | — | Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Комиссия раиси |
| Алимов Ф.М. | — | Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси бошлиғи, Комиссия раисининг ўринбосари |
| Қобилов И.М. | — | Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментининг етакчи мутахассиси, Комиссия котиби |
| Патуллаев А.А. | — | Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси бошлиғининг ўринбосари |
| Усенов Н.С. | — | Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг назорат-тафтиш бўлими бошлиғи |
| Абдуқодиров А.А. | — | «Ўзстандарт» агентлигининг давлат инспектори |
| Якубов А.И. | — | «Фонон» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси 1-Тошкент заргарлик заводи директорининг ўринбосари |
Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтганда Комиссия таркибига уларнинг лавозимларига янгидан тайинланган шахслар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 27 сентябрдаги 205-сон қарорига
3-ИЛОВА
2006 йил 27 сентябрдаги 205-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Вазирлар Маҳкамасининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) вазифалари, функциялари ва ҳуқуқларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) Комиссиянинг ишчи органи функциясини бажаради.
II. Комиссиянинг вазифалари ва функциялари
4. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш бўйича фаолияти лицензияланишини таъминлаш;
лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилиш;
қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш бўйича фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш.
5. Комиссия ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ишчи органнинг лицензия талабгорларига лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги эксперт хулосалари ва таклифларини кўриб чиқади ҳамда улар бўйича қарорлар қабул қилади;
ишчи орган, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш ёки лицензияларни бекор қилиш тўғрисидаги хулосаларини кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади;
ишчи органнинг лицензиялар бериш тўғрисидаги аризаларни ва тегишли ҳужжатларни қабул қилиш, эксперт хулосалари тайёрлаш, лицензияларни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш, лицензия битимларини тузиш, лицензиялар реестрини юритиш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш бўйича фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
ишчи органнинг лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;
ишчи органнинг тақдимномасига кўра лицензия битимининг намунавий шаклини, шунингдек лицензия бланкалари намунасини тасдиқлайди.
Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.
III. Комиссиянинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
6. Комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишчи органдан, тегишли вазирликлар ва идоралардан ўзининг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган ахборотларни сўраш ва олиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига лицензияланадиган фаолиятнинг лицензия олмасдан амалга оширилиши, қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари бўйича таклифлар киритиш;
қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш бўйича фаолиятни лицензиялашнинг айрим масалалари юзасидан таклифлар ва хулосалар тайёрлаш учун вақтинчалик ишчи ва эксперт гуруҳлар ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш бўйича фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш.
Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
7. Комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг зарур даражада, самарали ва ўз вақтида бажарилиши учун жавоб беради.
IV. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
8. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган раис, унинг ўринбосари, Комиссия аъзолари ва унинг котибидан иборат бўлади. Комиссиянинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
9. Комиссия раиси:
Комиссия ишини ташкил қилади ва унга раҳбарлик қилади;
Комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Комиссия мажлислари протоколларини тасдиқлайди, лицензияларни имзолайди;
Комиссия аъзоларига, ишчи органга ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига Комиссия фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича топшириқлар беради;
бошқа ваколатларни амалга оширади.
Комиссия раиси бўлмаган ҳолларда, шунингдек унинг топшириғига кўра раиснинг функцияларини унинг ўринбосари бажаради.
10. Ишчи орган:
лицензиялар бериш тўғрисидаги аризаларни тегишли ҳужжатлар билан бирга қабул қилади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди;
лицензияларни расмийлаштиради ва қайта расмийлаштиради;
лицензия битимлари тузади;
лицензиялар реестрини юритади;
лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;
лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туради ва тиклайди;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.
11. Комиссия фаолиятини ташкилий-техник таъминлаш ишчи орган томонидан амалга оширилади.
12. Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор Комиссия томонидан лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.
Ишчи орган ариза олинган кундан бошлаб йигирма кундан ошмайдиган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди ҳамда лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.
13. Комиссия ўз мажлисларини заруриятга кўра, шунингдек ишчи органнинг лицензиялар бериш ёки лицензиялар беришни рад этиш, лицензияларни бекор қилиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги таклифлари олингандан кейин 10 кун мобайнида ўтказади. Комиссия ўз мажлисида ишчи органнинг таклифини кўриб чиқади ва қарор протоколини тасдиқлайди.
14. Комиссия мажлисини тайёрлашда Комиссия котиби мажлисдан кечи билан бир кун олдин Комиссия аъзоларини Комиссия мажлиси ўтказиладиган сана, жой ва вақт тўғрисида хабардор қилади.
15. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми иштирок этган тақдирда қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Комиссия қарорлари сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.
Комиссия қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва протоколлар билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг (у бўлмаганда — раис ўринбосарининг) овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Комиссия мажлиси протоколида лицензия талабгорининг ҳужжатларини кўриб чиқиш натижалари ва улар бўйича қисқача эксперт хулосаси акс эттирилади.
Комиссия қабул қилган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан, Комиссия мажлисидан кейин бир кундан ошмайдиган муддатда (такрорий кўриб чиқишда — Комиссия қарори протоколи лойиҳаси тақдим этилгандан кейин тўрт кун мобайнида) имзоланади.
Имзоланган протоколни Комиссиянинг масъул котиби рўйхатдан ўтказади, у протоколнинг биринчи нусхасини сақлаш учун ўзида қолдиради, иккинчи нусхасини эса ишчи органга жўнатади.
16. Ишчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилгандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.
Лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда жўнатилади (топширилади).
17. Лицензиат томонидан лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин 2 кун муддатда ишчи орган лицензия бланкаларини расмийлаштиради.
Расмийлаштирилган лицензия бланкалари уларни Комиссия раиси (унинг ўринбосари) имзолаши учун ишчи орган томонидан Комиссияга жўнатилади.
18. Ишчи орган имзоланган лицензияларни муҳр билан тасдиқлайди ва лицензиатга беради ҳамда реестрда тегишли ёзувни қайд этади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган қарорлари рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2003 йил 12 ноябрдаги 503-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 11-сон, 115-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика комиссиялари ва кенгашлари таркибини тасдиқлаш тўғрисида» 2004 йил 26 июлдаги 358-сон қарорига 33-илова.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда баъзиларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2005 йил 22 февралдаги 73-сон қарорига 2-илова 36-бандининг йигирма тўққизинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 2-сон,13-модда).
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим республика комиссиялари ва кенгашлари таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2005 йил 7 ноябрдаги 244-сон қарорига 1-илова 10-бандининг ўн еттинчи хатбоши.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти юритиш учун рухсатнома турларини қисқартириш ва уларни бериш тартиб-қоидаларини соддалаштириш тўғрисида» 2005 йил 21 сентябрдаги ПҚ–186-сон қарори)» 2006 йил 22 майдаги 92-сон қарорига илованинг 32-банди.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 390-модда; 2012 й., 6-сон, 57-модда, 44-сон, 507-модда)