LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 16 апрелдаги 161-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини тўлиқ ёки қисман ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
«Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида» ва «Ўзбекистон ССЖнинг ташқи иқтисодий фаолияти ҳақида»ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Божхона қўмитасини ташкил этиш ҳақида» 1991 йил 25 октябрдаги Фармонини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати ва Божхона қўмитасининг марказий аппарати тузилиши 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Республика божхона муассасалари ходимларининг сони 415 киши (улардан 373 киши—ишлаб турган бўлинмалар ҳисобига), шу жумладан, Божхона қўмитаси марказий аппарати ходимларининг сони 42 киши қилиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасига раиснинг икки нафар ўринбосарлари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ва таркиби 7 кишидан иборат ҳайъатга эга бўлишга рухсат этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси божхона муассасаларини ва Божхона қўмитасини 1992 йилда ва ундан кейинги йилларда сақлаш учун бюджетдан пул маблағлари, шунингдек, иккита енгил автомашина учун лимитлар ажратсин.
Божхона муассасалари ходимларига меҳнатга ҳақ тўлаш, афзалликлар ва имтиёзлар шартлари СССР Халқ хўжалигини оператив бошқариш қўмитасининг 1991 йил 6 сентябрдаги 12-сон қарори билан тасдиқланган амалдаги қоидаларга мувофиқ сақлансин.
4. Божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқалар қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда республикада божхона ишлари бўйича қонун актлари лойиҳаларини тайёрласин.
Кўрсатилган қонун лойиҳалари қабул қилингунга қадар СССР Божхонасининг мавжуд қонунларига амал қилинсин.
5. Республиканинг молиявий манфаатларини ҳимоя қилиш, ташқи савдо оборотини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш ва бу ишда божхона хизматининг роли ва масъулиятини ошириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқалар қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ижроия қўмиталари билан биргаликда божхона тизими тузилишини, унинг моддий базасини, техник жиҳатдан жиҳозланганлигини, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни божхона органларининг сифат жиҳатдан янги вазифаларига мувофиқ келтириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
ташқи иқтисодий алоқалар бўйича республика ягона давлат божхона статистикасини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча вазирликлар ва идоралар, корхоналар, хўжаликлар ва ташкилотлар, қайси идорага қарашлиликларидан, мулкий шаклларидан, юридик мақомидан, божхона имтиёзларидан фойдаланишларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги юк ортиш ва олиш жойларида божхона органларида экспорт-импорт товарларни ва бошқа мол-мулкларни декларация қилишни таъминласинлар;
белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги бош декларациячи Давлат ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқалар қўмитасининг Республика хўжалик ҳисобидаги «Ўзвнештранс» ташқи савдо бирлашмаси ҳисобланади.
Ўрта Осиё темир йўли бошқармаси, Автомобиль транспорти вазирлиги ва Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармаси ва бошқа транспорт ташкилотлари товарлар ва бошқа мол-мулклар декларация қилингандан ва божхона кўригидан ўтгандан кейингина экспорт қилинадиган юкларни қабул қилиб олсинлар ва импорт юкларни олувчиларга берсинлар.
Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси 1991 йилнинг охиригача мазкур Қўмитани, унинг ҳисоблаш маркази ва лабораториясини жойлаштириш учун умумий майдони 1500—2000 квадрат метр бўлган зарур хизмат хоналари ажратсин;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт қўмитаси ва Моддий-техника таъминоти давлат-кооператив қўмитаси асосланган буюртмаларга мувофиқ тегишли номенклатура бўйича моддий-техника ресурслари, асбоб-ускуналар ва инвентарлар ажратсинлар;
Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Божхона қўмитасини ва унга қарашли муассасаларни телефон, телефакс, теле-тайп алоқалари, шу жумладан, локал компьютер тармоқлари барпо этилишини ҳисобга олиб «Искра» каналлари билан таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Нефть маҳсулотлари билан таъминлаш давлат қўмитаси божхона муассасаларининг хизмат автотранспорти учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ажратилишини таъминласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ижроия қўмиталари, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси Ўрта Осиё темир йўли бошқармаси, Ўзбекистон фуқаро авиация бошқармаси, Автомобиль транспорти вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда темир йўл станцияларида, автостанцияларда ва аэропортларда 1-иловага мувофиқ экспорт-импорт юкларни назорат қилувчи автоматлаштирилган ишчи ўринлари яратиш учун хизмат хоналари ажратишни таъминласинлар.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги 1992—1995 йилларда «Термиз-Дарё порти», «Айритом» божхона назорат қилиш-ўтказиш жойларини реконструкциялашни ва чегара зоналаридан ташқарида жойлашган йўлдош объектлар қурилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт қўмитаси 1992—1995 йилларда республика қурилиш ташкилотлари режаларида Божхона қўмитаси талабномалари бўйича айрим бинолар, иншоотлар ва республика божхонаси инфраструктурасининг бошқа объектлари қурилиши, реконструкция қилиниши ва ишга туширилиши учун давлат буюртмаларини назарда тутсин.
8. Божхона қўмитаси ҳузурида режадан ташқари даромадлардан келадиган тушумлар ҳисобига капитал қурилишни пул билан таъминлаш ва республика божхона муассасалари инфраструктуралари тузиш фонди ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда режадан ташқари даромадлардан Божхона қўмитаси фондига ажратиладиган маблағларнинг миқдорлари ва тартиби тўғрисида таклифлар ишлаб чиқсин ва тақдим этсин.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий банки бир ой муддатда белгиланган тартибда Божхона қўмитасига валюта счёти очиш ҳақидаги масалани ҳал этсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари ўртоқ Б. С. Ҳамидовга юклатилсин, қарорнинг қандай амалга оширилаётгани 1992 йилнинг январь ойида кўриб чиқилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 августдаги 375-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 августдаги 375-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган).
1. Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси* Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги марказий божхона органи ҳисобланади.
2. Божхона қўмитаси, божхона, божхона постлари Ўзбекистон Республикасининг ягона божхона хизматини ташкил этадилар.
3. Божхона қўмитаси ягона божхона сиёсатини амалга ошириш, божхона иши ҳақидаги қонунчиликка риоя қилинишини таъминлаш, республика божхона хизматларини такомиллаштириш ва уларнинг самарали ишлашлари учун жавоб беради.
4. Божхона қўмитаси ўз фаолиятида Конституцияга ва қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилаётган божхона қонунчилигига, бошқа норматив актларга ва мазкур Низомга амал қилади.
— режали даромадлар (савдо оборотидаги пошлиналар ва солиқлар)нинг республика бюджетига ва режадан ташқари даромадлар (савдо оборотида бўлмаган пошлиналар, мусодара қилинган ва сақлаш муддати ўтиб кетган товарларни сотишдан тушган маблағлар ҳамда божхона ва шу кабиларга хизмат кўрсатишдан тушган йиғимларни белгиланган тартибда Божхона қўмитаси ҳисобларига ва республика бюджетига ўз вақтида ва тўла ўтказиш;
— контрабандага, товарлар ва бошқа нарсаларни божхона чегараси орқали ўтказишда божхона қоидалари ва солиқлар ҳақидаги қонун бузишларга қарши курашиш;
— чет мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, валюта-молия, илмий-техника, инсонпарварлик ва бошқа муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини бажариш учун қулай божхона тартибини яратиш ва таъминлаш;
— четдан келтирилган товарлар истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни амалга оширишда кўмаклашиш;
— божхона иши масалалари юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг хабардор бўлишларини таъминлаш;
— республиканинг халқаро меҳнат тақсимотида қатнашиши учун иқтисодиётни ривожлантириш ва қулай шароитлар яратишни таъминлашнинг афзалликларидан келиб чиққан ҳолда савдо-иқтисодий муносабатларни божхона орқали бошқариб бориш юзасидан таклифлар киритиш;
— Ўзбекистон Республикасининг божхона ишлари масалалари, шу жумладан, наркотик воситаларнинг, киши руҳига таъсир қилувчи моддаларнинг, қурол-яроғ, маданий ва тарихий мерос буюмларининг, маънавий— мулк объектларининг ноқонуний оборот қилинишининг олдини олиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликда қатнашишини таъминлаш.
а) республика ҳудудида ягона божхона сиёсатини амалга оширишнинг иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий механизми бўйича таклифлар ишлаб чиқади, уларнинг амалда қўлланилишини таъминлайди;
б) экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда божхона ишлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиниши учун назоратни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
в) таҳлилий ишларни олиб бориш, прогнозлаштириш, республика ички бозорини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва бу ҳақда таклифлар киритиш;
г) республика ҳудудида божхона орқали тартибга солиш воситаларининг, шу жумладан, божхона-тариф механизмининг қўлланилишини, экспорт-импорт товарлар ва бошқа буюмларни олиб келиш ва олиб кетишнинг рухсатнома бериш тартибига риоя қилинишини таъминлайди;
д) режали божхона даромадларининг республика бюджетига режадан ташқари даромадларнинг — республика Божхона қўмитаси счётларига ва республика бюджетига белгиланган тартибда ўз вақтида ва тўла ўтказилишини таъминлайди;
е) республика божхона хизмати тузилишини такомиллаштиради, тўла декларацияга ўтиш учун зарур шароитлар яратади, ташқи иқтисодий фаолиятнинг божхона статистикасини юритади, унинг тўлалиги ва ошкоралилигини таъминлайди, ушбу статистика маълумотларини республика давлат органларига тақдим этади;
ж) божхона чегараси орқали товар оборотини ва пассажир оборотини тезлаштиришга, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга, шу жумладан, экспорт-импорт юкларини расмийлаштириш жойлари тармоқларини ва божхона инфраструктурасининг бошқа объектларини кенгайтиришга кўмаклашувчи шароитлар яратади;
з) республика ташқи иқтисодий алоқалари ахборотларини йиғиш ва қайта ишлашнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаш чиқиш ва жорий қилиш ишларини олиб боради;
и) мустақил равишда ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан ҳамкорликда контрабандаларнинг, божхона қоидалари ва солиқлар тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш чораларини, шунингдек, халқаро терроризмга қарши курашда кўмаклашиш ва Ўзбекистон аэропортларида халқаро фуқаро авиацияси фаолиятига ноқонуний аралашишларга қарши чораларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, контрабанда ҳақидаги ишлар юзасидан дастлабки тергов олиб борувчи божхона органларининг мансабдор шахслари рўйхатини аниқлайди;
к) контрабанда тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда республика божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қонунийликка риоя қилиниши, божхона қоидалари бузилиши устидан назоратни амалга оширади, бундай бузилишлар тўғрисидаги ишлар юзасидан божхона органлари қарорлари устидан шикоятлар ва норозиликларни қўриб чиқади.
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг божхона органлар фаолияти масалалари бўйича мурожаатларининг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлайди, корхоналар, муассасалар ташкилотлар ва фуқаролар ҳуқуқларининг бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар кўради;
л) божхоналарни, божхона постларини, ўзига қарашли корхоналарни ва ташкилотларни тузади, қайта ташкил этади ҳамда тугатади, ушбу органлар, корхоналар ва ташкилотларнинг мол-мулкини бошқариш бўйича мулк эгасининг қонуний ҳуқуқини амалга оширади;
м) божхона ишини ривожлантириш мақсадида режадан ташқари тушадиган даромадлар ҳисобига республика божхона ишларини ривожлантиришга оид тадбирларни маблағ билан таъминлайди, бундай маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботни эълон қилади;
н) божхона иши соҳасида республиканинг халқаро шартномаларини тузиш ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқади ва тақдим этади, уларни тузиш юзасидан музокаралар олиб боради, республиканинг бошқа халқаро шартномалари лойиҳаларининг божхона ишларига тегишли қисмини ишлаб чиқишда қатнашади;
о) божхона ишлари масалалари бўйича халқаро ташкилотларнинг фаолиятида қатнашади, чет давлатларнинг божхона ва бошқа ваколатли органлари билан алоқаларни амалга оширади.
Юқорида кўрсатилганлар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ўзига қарашли органлар, корхоналар ва ташкилотлар фаолиятига, шу жумладан, режалаштириш, моддий-техника таъминоти, капитал қурилиш ва кредит, кадрлар, меҳнат, иш ҳақи, бошқа ижтимоий масалаларга раҳбарлик қилиш билан боғлиқ вазифаларни амалга оширади.
7. Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ўзига юклатилган вазифаларни вазирликлар ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқарувнинг бошқа марказий органлари билан, шунингдек, жамоат бирлашмалари, хўжалик ассоциациялари ва уюшмалари билан ўзаро ҳамкорликда бажаради.
8. Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод қилинадиган Раис бошчилик қилади.
Божхона қўмитасининг Раиси ўзига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва ўз функцияларининг амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради.
9. Божхона қўмитаси Раисининг ўринбосарлари Божхона қўмитаси Раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.