«Хорижий инвестициялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг хорижий инвесторларга ва хорижий инвестицияларга тенг ҳуқуқли режим бериш ҳақидаги 9-моддаси қоидаларини амалга оширишни давом эттириш, республика ҳудудида инвестиция фаолиятини фаоллаштириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга берилаётган солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференцияларининг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга солиқ солиш солиқ солинаётган вақтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар қонунчиликда белгиланган барча умумий солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларидан, шунингдек, қонунчиликда (шу жумладан инвестиция шартномаларида, маҳсулот тақсимотига оид битимларда) назарда тутилган тартибга ва шартларга қатъий риоя қилган ҳолда берилган қўшимча имтиёзлар ва преференциялардан тўлиқ ҳажмда фойдаланадилар.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
2. Белгилаб қўйилсинки, солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қўшимча имтиёзлар хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга фақат аниқ белгиланган муддатга берилади ва муддатсиз тусда бўлиши мумкин эмас.
3. Ҳукумат қарорлари билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича илгари берилган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳамда муддатсиз тусдаги барча имтиёзлар 2006 йил 1 июндан бошлаб бекор қилинсин.
4. Хорижий инвестициялар иштирокидаги фаолият кўрсатаётган, тармоққа кирадиган ёки қонун ҳужжатларида устувор деб эътироф этилган лойиҳаларни амалга ошираётган корхоналарга келгусида қўшимча имтиёзлар ва преференциялар беришнинг зарурлиги ва самарадорлиги масалаларини муфассал ишлаб чиқишни таъминлаш учун иловага* мувофиқ таркибда махсус ишчи гуруҳ тузилсин, унга:
илгари Ҳукумат қарорлари билан солиқлар, йиғимлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича муддатсиз қўшимча имтиёзлар берилган хорижий инвестициялар иштирокидаги айрим корхоналарнинг мурожаатларини ҳар томонлама кўриб чиқиш;
айрим корхоналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига илгари муддатсиз имтиёзларга эга бўлган хорижий инвестициялар иштирокидаги айрим корхоналарга аниқ муайян муддатга, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 2005 йил 2 августдаги 180-сон қарорида белгиланган тартибда инвестиция шартномалари тузган ҳолда солиқлар, йиғимлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича асосланган имтиёзлар белгилаш юзасидан асосланган тегишли таклифлар киритиш юклансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.