Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 24 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3301-2]
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 30 апрелдаги 8/1-сон қарори (рўйхат рақами 3301, 2021 йил 7 май) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2021 й.,10/21/3301/0451-сон) билан тасдиқланган Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 14 август,
19/17-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги 19/17-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Қоидалар очиқ валюта позициялари лимитларини, уларни ҳисоблаш ҳамда банклар, шу жумладан исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар (бундан буён матнда банк деб юритилади) томонидан очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларини белгилайди.».
2. 2-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳисоб-китобларни амалга ошириш усули ва шаклидан қатъи назар чет эл валютасидаги ва базавий активи қимматбаҳо металл бўлган ҳосилавий (дериватив) молиявий воситалари (фьючерс, форвард, своп, опционлар ва бошқалар) билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш натижасида чет эл валютасида ҳамда қимматбаҳо металл бўйича юзага келувчи талаб ва мажбуриятлар. Бунда своп битимлари бўйича очиқ валюта позициясини ҳисоблашда мазкур битимларни амалга ошириш натижасида юзага келадиган чет эл валютасидаги талаб ва мажбуриятлар ўртасидаги фарқ, шу жумладан своп битими бўйича ҳисобланган ва олиниши лозим бўлган даромадлар ёки ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган харажатлар очиқ валюта позициясининг ўзгаришига таъсир қилади;».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2026 й., 10/26/3301-2/0872-сон)