Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
дипломатик паспорт эгаларини қисқа муддатли виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2025 йил 18 мартда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4585-FR-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, бир томондан, ва Франция Республикаси Ҳукумати, бошқа томондан, кейинги ўринларда биргаликда «Томонлар» ва алоҳида равишда «Томон» деб аталувчилар,
1993 йил 27 октябрда Париж шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Франция Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома асосида Томонлар ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш истаги билан ҳаракат қилган ҳолда;
Томонларнинг дипломатик паспортга эга бўлган фуқароларининг ҳаракатланишига кўмаклашиш истагида;
Мазкур Битимнинг қоидалари Ўзбекистон ва Францияда амалда бўлган қонунлар ва тартибларга амал қилган ҳолда ҳамда халқаро шартномаларга мувофиқ қўлланишини эътироф этган ҳолда,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг қўлланиш доираси
Битимнинг қўлланиш доираси
Амалдаги биометрик дипломатик паспортга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари дипломатик каналлар орқали хабардор қилинганидан сўнг, Шенген ҳудудига аъзо давлатлар ҳудудида ёки Франция Республикаси ҳудудининг Шенген ҳудудига кирмаган ҳар қандай қисмида бир юз саксон (180) кунлик ҳар қандай муддат ичида умумий давомийлиги тўқсон (90) кундан ошмайдиган бир марта давомий бўлиб туриш ёки бир неча марта бўлиб туриш мақсадида Франциянинг материк ҳудудларига, шунингдек, денгизорти ҳудудларига ва вилоятларига (ДРОМ), денгизорти ҳудудларига (СОМ) ва Янги Каледонияга кириш, транзит ўтиш ва уларда бўлиб туриш учун виза мажбуриятидан озод этилади, бунда улар ушбу ҳудудларда, шу жумладан, ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида, ҳеч қандай меҳнат фаолиятини амалга оширмасликлари шарт.
Амалдаги биометрик дипломатик паспортга эга бўлган Франция Республикаси фуқаролари дипломатик каналлар орқали хабардор қилингандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир юз саксон (180) кунлик ҳар қандай муддат ичида умумий давомийлиги тўқсон (90) кундан ошмайдиган бир марта давомий бўлиб туриш ёки бир неча марта бўлиб туриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, транзит ўтиш ва унда бўлиб туриш учун виза мажбуриятидан озод этилади, бунда улар у ерда, шу жумладан, ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида, ҳеч қандай меҳнат фаолиятини амалга оширмасликлари шарт.
2-модда
Паспортнинг амал қилиш муддати
Паспортнинг амал қилиш муддати
Мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган виза мажбуриятидан озод этиш имтиёзидан фақатгина дипломатик паспортининг амал қилиш муддати Шенген ҳудудига аъзо давлатлар ҳудудини ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этиш, кўп марта сафар қилинадиган ҳолларда эса Шенген ҳудудига аъзо давлатлар ҳудудини ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудини охирги марта тарк этиш режалаштирилган санада олти (6) ойдан кўп бўлган Франция Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фойдалана оладилар.
3-модда
Виза олиш мажбурияти
Виза олиш мажбурияти
Ҳар бир Томоннинг дипломатик паспортга эга бўлган фуқаролари мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган муддатдан кўпроқ муддатга бир ёки бир неча марта бўлиб туриш учун виза олишга мажбурдирлар.
4-модда
Паспортлар намуналарини ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ маълумотларни алмашиш
Паспортлар намуналарини ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ маълумотларни алмашиш
Томонлар ўзларининг фойдаланилаётган, янги ёки ўзгартирилган дипломатик паспортлари намуналарини дипломатик каналлар орқали ўзаро алмашадилар ҳамда ушбу паспортларни бериш ва уларни ишлатиш шартлари тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар. Ҳар бир Томон бошқа Томонга ушбу паспортларнинг кўриниши ва уларни бериш ёки ишлатиш шартлари билан боғлиқ ҳар қандай ўзгариш тўғрисида ушбу ўзгариш амалга оширилишидан камида олтмиш (60) кун аввал маълум қилади.
Дипломатик паспортнинг ўғирланиши, йўқолиши ёки бекор қилиниши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат бошқа Томонга ушбу ҳолат ҳақида бир Томон хабардор бўлган санадан бошлаб олтмиш (60) кун ичида маълум қилинади.
5-модда
Битимни тўхтатиш ва реадмиссия бўйича ҳамкорлик
Битимни тўхтатиш ва реадмиссия бўйича ҳамкорлик
Мазкур Битимнинг қўлланиши тўлиқ ёки қисман бир ёки бошқа Томон тарафидан қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши мумкин:
Қуйидагиларга зарар етган ҳолларда:
миллий манфаатларга;
миллий хавфсизликка;
жамоат хавфсизлигига;
жамоат тартибига;
жамоат саломатлигига.
Бир Томон ўз ҳудудида бошқа Томоннинг ноқонуний яшаётган фуқароларини реадмиссия қилиш бўйича ҳамкорлик ёмонлашганини қайд этганда ёки дипломатик паспортларни бериш шартларида мазкур Битим имзоланган санага нисбатан ўзгариш юз берганда, у мазкур Битимнинг қўлланишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиши мумкин. Бир Томон юқорида қайд этилган ҳолат натижасида Битимнинг қўлланишини тўхтатганидан кейин, ушбу ёмонлашув ва ўзгаришни тузатиш мақсадида қисқа муддатларда бошқа Томон билан мулоқот бошлайди.
Битим қўлланишининг тўхтатилиши ва ушбу чоранинг бекор қилиниши тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабар қилинади.
6-модда
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки амалга ошириш билан боғлиқ низолар юзага келган ҳолларда, Томонлар уларни дипломатик каналлар орқали музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилишга интиладилар.
7-модда
Битимга ўзгартириш киритиш
Битимга ўзгартириш киритиш
Мазкур Битимга, Томонларнинг ўзаро келишувига асосан, унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар шаклида ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ушбу баённомалар мазкур Битимнинг 9-моддасига мувофиқ кучга киради.
8-модда
Битимнинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Битимнинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Мазкур Битим ўз давлатлари аъзо бўлган Томонларнинг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилиш муддати
Битимнинг кучга кириши ва амал қилиш муддати
1. Мазкур Битим беш (5) йил муддатга тузилади ҳамда Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички жараёнларини амалга оширгани ҳақида бир-бирини хабардор қилувчи иккита ёзма хабарноманинг охиргиси олинган санадан кейинги иккинчи ойнинг биринчи кунида кучга киради. Битим унинг амал қилиш муддати тугашидан уч (3) ой аввал муддатда вербал нота алмашиш йўли билан расман узайтирилиши мумкин.
2. Ҳар бир Томон исталган вақтда дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга мазкур Битимни тугатиш мақсадида тўқсон (90) кун аввал шу ҳақида ёзма равишда хабарнома юбориш орқали уни тугатиши мумкин.
Париж шаҳрида, 2025 йил 12 март куни, икки (2) асл нусхада, ўзбек ва француз тилларида тузилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)