Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Асакабанк» акциядорлик жамиятини хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Асакабанк» акциядорлик жамиятининг операцион самарадорлигини ошириш, хусусийлаштиришга тайёрлаш ва банк тизимига стратегик инвесторларни жалб қилиш орқали банк хизматлари соҳасида рақобат муҳитини янада ривожлантириш мақсадида қарор қиламан:
I. Асакабанк фаолиятини трансформация қилиш
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (кейинги ўринларда — ЕТТБ) ҳамда «Асакабанк» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда — Асакабанк) ўртасида Асакабанкнинг операцион самарадорлигини ва мустақиллигини таъминлаш, унинг активлари сифати ҳамда капиталлашувини ошириш, ЕТТБ томонидан Асакабанкнинг 15 фоиз акцияларини сотиб олиш бўйича Ҳамкорликнинг асосий шартлари тўғрисида келишув имзолангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг Асакабанк фаолиятини трансформация қилишга доир қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) барча банк амалиётларини бозор (тижорат) тамойиллари, замонавий банк амалиёти ва хатарларни бошқариш тизими талабларидан келиб чиққан ҳолда банкнинг ички сиёсати асосида амалга ошириш;
(б) банкнинг асосий фаолиятига тааллуқли бўлмаган ва қўшимча юкланган ҳар қандай фаолият тури ва вазифалар бажарилишини тўхтатиш;
(в) активлар сифатини таҳлил қилиш натижаларини инобатга олган ҳолда банк акцияларининг номинал қийматини бозор қийматига мослаштиришда юзага келган тафовутни унинг қўшилган капиталига киритиш.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда активлар сифатини таҳлил қилиш натижаларига кўра муаммоли деб топилган кредитлар бўйича келгусида юзага келадиган йўқотишларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Асакабанкдаги узоқ муддатли кредит линиялари ва депозитлари ҳамда Давлат бюджетининг бошқа манбалари ҳисобидан қоплаш механизмини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий қилсин.
4. Асакабанк:
(а) собиқ «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖнинг банк олдидаги мажбуриятларини сўндириш ҳисобига банк балансига қабул қилинган Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Буюк ипак йўли кўчаси 434-уй манзилидаги мулкий мажмуа банкнинг бошқарув органлари қарори асосида баҳоланган қийматда Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилишини таъминласин. Бунда мулкий мажмуанинг қиймати 2026 йилги хусусийлаштириш дастури доирасида давлат активларини сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобига банкка қоплаб берилади;
(б) икки ой муддатда Давлат активларини бошқариш агентлигига қиймати 382,6 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа ва банк улушлари 1-иловага мувофиқ кейинчалик хусусийлаштириш ва соҳавий идораларга ишончли бошқарувга бериш шарти билан ўтказилишини таъминласин;
(в) активлар сифатини таҳлил қилиш натижаларига кўра:
(i) муаммоли деб топилган активларни ундириш механизмини белгиласин ва бунда ушбу активлар ундирилиши ҳар чоракда Асакабанкнинг кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилишини таъминласин;
(ii) Марказий банк билан биргаликда Асакабанк акцияларининг номинал қийматини бозор қийматига мослаштириш механизмини белгиласин.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Асакабанк активлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши натижасида юзага келадиган Асакабанкнинг капитали камайишини 2-иловага мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Асакабанкдаги кредитларини устав капиталига айлантириш ҳисобидан қайта тиклаш ҳуқуқи берилсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Асакабанк томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган 3-иловадаги лойиҳаларни «UzVC» миллий венчур фондига ўтказсин ҳамда уларни амалга оширишни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш чораларини кўрсин.
7. Марказий банкка Асакабанк билан биргаликда активлар сифатини таҳлил қилиш натижаларига кўра муаммоли деб топилган кредитларни ундириш учун судга мурожаат қилингандан бошлаб ушбу кредитларни қоплаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мутаносиб миқдорда маблағлар ажратилгунга қадар алоҳида таваккалчиликка тортиш механизми ва захира сиёсатини қўллаш тавсия этилсин.
II. Асакабанкни хусусийлаштиришга тайёрлаш
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Асакабанк:
(а) активлар сифатини таҳлил қилиш натижаларига кўра муаммоли деб топилган кредитлар бўйича келгусида юзага келадиган йўқотишлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Асакабанкдаги узоқ муддатли кредит линиялари ва депозитлари ҳамда Давлат бюджетининг бошқа манбалари ҳисобидан қоплаб борилиши тўғрисидаги розилик ЕТТБ билан тузиладиган шартномаларда акс эттирилишини;
(б) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2026 йилда Асакабанкнинг устав капиталига 95 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ киритилишини;
(в) оддий акциялар бўйича дивиденд тўланмаган ҳолда банкнинг 2024-2025 йиллардаги соф фойдаси тақсимланмаслигини таъминласин.
9. Асакабанкка банк акцияларининг 15 фоизини ЕТТБга сотиш ва банкни трансформация қилиш тўғрисидаги шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда ЕТТБ билан акциялар нархи юзасидан музокараларни олиб бориш учун халқаро юридик компания ва «катта тўртлик» туркумига кирувчи ёки нуфузли инвестиция банкларининг бири билан «таклиф сўрови» асосида молиявий консультантни жалб қилишга рухсат берилсин.
10. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда собиқ «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ ҳудудида амалга ошириш учун ижтимоий ва иқтисодий мақсадга йўналтирилган лойиҳа ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.
11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Асакабанк билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар жалб қилинган молиявий консультантнинг ЕТТБ таклифини ўрганиш якунлари бўйича тавсияси асосида Асакабанк устав капиталидаги давлатга тегишли 15 фоиз улушни сотиш нархи, шунингдек, ЕТТБ ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланадиган инвестиция шартномасининг асосий шартлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Марказий банк раиси Т.А. Ишметов белгилансин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 апрель,
ПҚ-149-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-149-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Асакабанк» АЖ томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиладиган лойиҳалар ҳамда улушлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Жамият номи

Инвестиция киритилган корхона фаолияти

Қолдиқ қиймати

(млн сўм)

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга ошириладиган ишлар

1.

«Яшил энергия» МЧЖ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сон қарори асосида ташкил этилган, қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясини ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини ўрнатишга ихтисослашган корхона

67 066,8

Яхлит пакет сифатида хусусийлаштирилади

2.

«Uz CLAAS Agro» МЧЖ ҚК

Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш корхонаси

222 346,6

Яхлит пакет сифатида хусусийлаштирилади

3.

«Khorezm Invest Project» МЧЖ

Хоразм вилоятидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун ташкил этилган инвестиция компанияси

90 215,0

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузуридаги Саноатни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади

4.

«Sayxun Tomorqa Export» МЧЖ

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва уларни экспорт қилишга кўмаклашиш корхонаси

2 950,4

Яхлит пакет сифатида хусусийлаштирилади

Жами

382 578,8

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-149-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Асакабанк» АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдидаги қарз
МАЖБУРИЯТЛАРИ

Т/р

Шартнома

Ресурс қарз қолдиғи

(млн сўм)

Санаси

Рақами

1.

05.04.2017

3471-UZB (SF)

366 262,76

2.

30.06.2018

8824-UZ

1 124 625,22

3.

19.11.2018

L3673 (COL)-UZB

339 537,24

4.

15.10.2019

08-02-19/5

68 039,71

5.

26.06.2024

D2406010055

87 816,25

Жами:

1 986 281,18

Изоҳ: мазкур маблағлар Бош келишувда ҳамда буюртмаларга асосан алоҳида шартнома бўйича жалб қилинган ва қарз қолдиғи Марказий банк томонидан белгиланган курсга нисбатан ўзгариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-149-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Асакабанк» АЖдан «UzVC» миллий венчур фондига ўтказиладиган ва Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар
РЎЙХАТИ

T/р

Ташкилот номи

Инвестиция киритилган корхона фаолияти

Киритилиши лозим бўлган инвестициялар (млн сўм)

Ўтказиладиган ташкилот

1.

«Асака Фарм Венчурс» МЧЖ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПФ-13-сон Фармонига мувофиқ фармацевтика тармоғидаги стартап лойиҳаларга инвестиция киритиш мақсадида ташкил этилган венчур компания.

130 000

«UzVC» миллий венчур фонди

2.

«Асака Фарм Инвест» МЧЖ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПФ-13-сон Фармонига мувофиқ фармацевтика тармоғидаги истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган инвестиция компанияси.

650 000

Жами

780 000

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-149-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-168-сон қарори 7-бандида:
(а) учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишинча учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-289-сон қарорига 2-илованинг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 07/26/149/0395-сон)