Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда миллий табиий мерос объектларини сақлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатини шакллантириш тартиби;
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилган объектларнинг ҳудудлари ва чегараларини аниқлаш тартиби;
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларини муҳофаза қилиш тартиби;
халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларининг тақиқланган ва буфер зоналарини белгилаш тартиби;
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари ҳудудларида қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби.
2. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларини асл ҳолатида сақлаш учун масъул ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларига хорижий ва маҳаллий сайёҳларни белгиланган тартибда жалб қилиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси икки ой муддатда:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка тушунтирилишини таъминласин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 март,
106-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 мартдаги 106-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларининг мақоми, турлари, рўйхатини шакллантириш ҳамда ҳудудларида қурилиш ишларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси;
Глобал геопарклар тармоғи — ЮНЕСКОнинг Халқаро геологик фанлар ва геопарклар дастурининг Глобал геопарклар тармоғига киритилган объектлар;
диққатга сазовор табиий жойлар — фан, табиатни муҳофаза қилиш ёки табиий гўзаллик нуқтаи назаридан беқиёс умуминсоний қадриятга эга бўлган қуруқлик ёки сув ҳавзасининг ноёб ҳудудлари;
Рамсар конвенцияси объектлари — Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенция талаблари асосида аниқланган ва унинг рўйхатига киритилган объектлар;
табиий геологик тузилма (ҳосила) — қўшни тоғ жинсларидан ажратиб турадиган физик хусусиятларга эга бўлган жинсларнинг қатламлари (метеорит кратерлари, ғорлар, карстлар, ерусти тоғ жинслари, рельеф шакллари);
табиий ёдгорликлар — эстетик ёки илмий нуқтаи назардан алоҳида универсал қийматга эга бўлган физик ва биологик тузилмалар, табиий ёдгорликлар, шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар ва ўсимликлар ареалини ташкил этувчи геологик ва физиографик тузилмалар, қатъий чекланган табиий муҳофаза қилиш ҳудудлари ҳамда табиий гўзаллик нуқтаи назаридан диққатга сазовор жойлар;
табиий ландшафтлар — хўжалик ва бошқа фаолият натижасида ўзгармаган ҳамда бир хил иқлим шароитида шаклланган релъеф, тупроқ, ўсимликлар айрим турларининг аралашмаси (комбинацияси) билан тавсифланган ҳудуд;
табиий мерос объектлари — табиий ёдгорликлар, геологик ва физиографик тузилмалар, қатъий чекланган зоналар, диққатга сазовор табиий жойлар, табиий ландшафтлар, беқиёс умуминсоний қадрият мезонларига мос келувчи ҳамда Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция талаблари асосида аниқланадиган табиий объектлар;
табиий объектлар — келиб чиқиши табиий тизимлар билан ўзаро боғлиқ бўлган, экологик, иқтисодий, маданий ва рекреацион функцияларни бажара оладиган табиий муҳитнинг таркибий қисмлари;
физиографик тузилмалар — ўзига хос иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга бўлган ер юзасининг ноёб ҳудудлари;
ядро зонаси — табиий мерос объекти жойлашган ҳудуднинг энг марказий ва дахлсиз қисми бўлиб (тақиқланган ёки қатъий муҳофаза ҳудуди), табиат инсон аралашувисиз ўз ҳолича ривожланган, шунингдек, ушбу ҳудуднинг асосий вазифаси экотизимларни, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини дастлабки ҳолатида асраб қолиш мумкин бўлган ҳудуд;
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхати — ваколатли орган томонидан шакллантириладиган ва тасдиқланадиган табиий мерос объектлари тўғрисидаги очиқ ахборот ресурси;
қатъий чегараланган зоналар — фан ёки табиатни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан беқиёс умуминсоний қадриятга эга бўлган, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар ва ўсимликлар ареали;
қўриқланма (буфер) зона — табиий мерос объектининг жойлашган ҳудудига туташган ва уни ўраб турган, ундан фойдаланиш ва ривожлантириш бўйича қўшимча қонуний ва умумий қабул қилинган чекловларга эга бўлган ҳудуд.
3. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари қуйидаги турларга бўлинади:
биологик — 50 йиллик ва ундан ортиқ ёшдаги дарахтлар, реликт дарахтзорлар, қимматбаҳо дарахт турлари бўлган ўрмонлар, табиий ландшафтлар ва экотизимлар, Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари, Рамсар конвенцияси объектлари, диққатга сазовор табиий жойлар, мавсумий табиий ҳодисалар, қатъий чегараланган зоналар (ўсимлик ва ҳайвонларнинг муҳим ўсиш ҳамда яшаш ареаллари, муҳим орнитологик ҳудудлар, муҳим биологик хилма-хил ҳудудлар);
геологик — геологик кесимлар, геоморфологик объектлар, табиий геологик тузилма (ҳосила), глобал геопарклар, физиографик тузилмалар (жарликлар, каньон, даралар, рельеф шакллари ва музликлар), шифобахш конлар ёки ётқизиқли жойлар, табиий ёдгорликлар (лойли, тузли);
гидрологик — табиий сув ҳавзаси, шаршара, булоқ, кўл ва дарёлар;
палеонтологик — қадимги ҳаёт шакллари қолдиқлари.
4. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
Давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат буюртма қўриқхоналари, давлат табиат ёдгорликлари, шунингдек, давлат биосфера резерватлари миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилади.
5. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларининг илмий, экологик, маданий ва табиий ноёблиги, алоҳида қиймати муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
6. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари Умумжаҳон маданий ва табиий мероси ҳамда Рамсар конвенцияси объектлари рўйхатига, шунингдек, Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари ва Глобал геопарклар тармоғига киритилиши мумкин.
7. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатининг шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
8. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхати ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида шакллантиради.
2-боб. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатини шакллантириш тартиби
9. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, фуқаролар (кейинги ўринларда — таклиф этувчи) табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш масаласини кўриб чиқиш бўйича ёзма ёки электрон шаклда таклифларни ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмасига (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинма) тақдим қилади.
Таклифга ушбу табиий объект тўғрисида маълумотнома, унинг геолокацияси, фото ва видео тасвирлари электрон шаклда илова қилинади.
10. Ҳудудий бўлинма таклиф келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида уни кўриб чиқади. Бунда ушбу муддат табиий объектнинг географик жойлашуви ва об-ҳавонинг ноқулайлигидан келиб чиқиб, ваколатли органнинг рухсати билан ўн иш кунигача узайтирилиши мумкин.
Ушбу Низомнинг 9-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотлар таклифга тўлиқ илова қилинмаган тақдирда, ҳудудий бўлинма томонидан таклиф келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида уни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида таклиф этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабарнома юборилади.
Ҳудудий бўлинма томонидан таклифни кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, таклиф этувчига беш иш куни ичида камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади.
11. Табиий объект Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
биофизик жараёнлар ва рельеф шаклининг ўзига хослиги ҳамда нисбатан бузилмаган бўлиши;
табиий ҳолатда бўлган асосий ўзаро алоқа ва боғлиқлик элементларининг барчасини ёки кўп қисмини ўз ичига олиши;
объект экотизим ва биологик хилма-хилликни узоқ муддатли сақлашда аҳамиятга эга бўлган табиий жараёнларнинг зарур бўлган барча элементларини қамраб олиши;
биологик хилма-хилликни сақлаш нуқтаи назаридан муҳим объект бўлиши, тегишли биогеографик минтақа ва экотизимларга хос бўлган фауна ва флора яшаш ҳудудларини ҳамда уларнинг ареалларини қамраб олиши;
кўчиб юрувчи турларнинг яшаш ҳудудлари, кўпайиш ва уялаш жойлари ҳамда кўчиш йўллари мавжуд бўлиши;
биологик хилма-хиллик ёки инсоният ҳаёти учун аҳамиятли ҳисобланган гидрологик объектлар мавжуд бўлиши;
ер ривожланиши тарихини ўзида акс эттирган геологик кесим ёки тузилмани, геоморфологик объект, палеонтологик ётқизиқлар, ҳосилалар ёки объектлар ҳамда шифобахш кон ёки ётқизиқли ҳудудларни қамраб олиши.
12. Ҳудудий бўлинма табиий объектнинг ҳақиқатда ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган талабларга жавоб беришини жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича икки нусхада далолатнома тузади ҳамда унинг бир нусхасини таклиф этувчига тақдим этади. Бунда далолатномага фото ва видео тасвирлар илова қилинади.
Далолатнома шакли ҳамда фото ва видео тасвирларга қўйиладиган талаблар ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
Ҳудудий бўлинма таклифни кўриб чиқишда тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари вакилларини ҳам жалб қилиши мумкин.
13. Далолатномада табиий объект ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган талабларга жавоб бериши қайд этилган тақдирда, ҳудудий бўлинма бир иш куни ичида уни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун таклиф этувчи томонидан ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ тақдим этилган таклиф, унга иловалар, далолатнома ҳамда унга оид материалларни кўриб чиқиш учун ваколатли органга тавсия этади.
14. Ҳудудий бўлинма қуйидаги ҳолларда табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун тавсия этишни рад этади:
табиий объект ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган талабларга жавоб бермаганда;
таклиф ва унга илова қилинган ҳужжатларда маълумотлар нотўғри кўрсатилганда.
Табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун тавсия этишни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
15. Ҳудудий бўлинма томонидан табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун тавсия этиш рад этилган тақдирда, таклиф этувчи камчиликларни бартараф этиб, ушбу бобда белгиланган тартибда қайта таклиф киритиши мумкин.
16. Ваколатли орган ҳудудий бўлинма томонидан юборилган ҳужжатларни беш иш куни ичида кўриб чиқиб, табиий объектни ваколатли органнинг буйруғи асосида Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритади.
17. Ваколатли орган шу куннинг ўзида табиий объект Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилгани тўғрисида таклиф этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабарнома юборади.
18. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
19. Табиий объектнинг чегараси Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида ваколатли орган, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, ҳокимлик ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларининг асл ҳолатида сақланишини таъминлаш учун улар белгиланган тартибда муҳофаза қилиниши ва бошқарилиши, шунингдек, уларнинг жойлашган ҳудуди, қўриқланма (буфер) зонаси, ядро зонаси ва чегараси тўғри аниқланиши лозим.
3-боб. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларини муҳофаза қилиш тартиби
20. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларининг ҳудудларида қуйидагилар тақиқланади:
табиий ресурсларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиш;
ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш;
ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш;
дарахт ва буталарни кесиш (парваришлаш йўсинидаги ва санитария мақсадидаги кесиш бундан мустасно);
гидрологик ва гидрогеологик режимни ўзгартирадиган ҳаракатлар;
тупроқ эрозиясини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг таназзулини келтириб чиқарувчи ҳаракатлар;
йўл ва муҳандислик-коммуникация ишларини амалга ошириш (объектга зарар етказмаган ҳолда, унинг туризм инфратузилмасини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар бундан мустасно);
чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш, оқова сувларни оқизиш;
заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш;
ҳаром ўлган чорва моллар кўмиладиган жойларни ташкил этиш;
заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар омборларини қуриш;
кимё, целлюлоза-қоғоз ва металлургия саноати корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш;
чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини жойлаштириш, шунингдек суғориш учун «шарбат» (суюқ гўнг) ишлатиш;
автомобиль транспортини қўйиб туриш, уларга ёнилғи қуйиш, уларни ювиш ва таъмирлаш жойларини ташкил этиш;
нефть маҳсулотлари омборларини ташкил этиш;
зиғир, каноп ва тери ювиш;
тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилган Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда муҳофаза қилинади.
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари ҳудудларидан фойдаланишда қонунчилик ҳужжатлари талабаларига риоя қилиниши шарт.
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари ҳудудларида фаолият юритадиган жисмоний ва юридик шахслар ушбу бандда белгиланган талабларни бажармаган тақдирда, уларнинг ушбу ҳудудда фаолият юритишлари белгиланган тартибда тўхтатилиши мумкин.
4-боб. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари ҳудудларида қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби
21. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектининг буфер (муҳофаза) зонасида экотуризмни ташкил этиш учун енгил турдаги қурилмалар (конструкциялар) экологик экспертиза хулосаси асосида ваколатли орган билан келишган ҳолда ўрнатилади.
Маданий ёки археологик қийматга эга бўлган Ўзбекистон миллий табиий мерос объекти ҳудудида қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади.
Архитектура-режалаштириш топшириғида иншоотнинг баландлиги, ташқи кўриниши ва ишлатиладиган материаллари маҳаллий ландшафтга тўлиқ уйғун бўлиши лозим.
Қурилишда фақат табиий ва экологик тоза материаллардан (тош, ёғоч, шиша ва бошқалар) фойдаланишга рухсат берилади.
22. Қурилиш жараёнида рельефни ўзгартириш, дарахтларни кесиш, ўсимликларга зарар етказиш ва сув объектларининг табиий ўзанларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
23. Ваколатли орган қурилиш ишлари устидан доимий инспекция назоратини амалга оширади.
Қурилиш жараёнида белгиланган талаблар бузилган тақдирда, қурилиш ишлари зудлик билан тўхтатилади ва айбдор шахсларга ҳудудни рекультивация қилиш (аввалги ҳолатига қайтариш) мажбурияти юкланади ҳамда етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилади.
24. Қуйидагилар учун ер ажратиш ва қурилиш ишларини амалга оширишга йўл қўйилмайди:
саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш;
кўп квартирали уйлар ва баланд иншоотларни қуриш;
чиқинди полигонлари ва кимёвий моддалар омборларини қуриш.
25. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари ядро зонасида ҳар қандай турдаги қурилиш, таъмирлаш ҳамда енгил турдаги қурилмаларни (конструкциялар) ўрнатишга йўл қўйилмайди.
5-боб. Якунловчи қоидалар
26. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар грантлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
27. Ваколатли орган Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларининг сақланиш ҳолатини доимий мониторинг қилиб боради.
28. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатини шакллантириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, фуқаролар (кейинги ўринларда — таклиф этувчи)

Табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш масаласини кўриб чиқиш бўйича ёзма ёки электрон шаклда таклифларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг (кейинги ўринларда — ваколатли орган) ҳудудий бўлинмасига (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинма) тақдим қилади.

Заруратга кўра

2-босқич

Ҳудудий бўлинма

1. Таклифни жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича далолатнома тузади.

Ўн беш иш куни

2. Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун таклиф этувчи томонидан тақдим этилган таклиф, унга иловалар, далолатнома ҳамда унга оид материалларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси ваколатли органга тавсия этади.

Бир иш куни

3-босқич

Ваколатли орган

1. Ҳудудий бўлинма томонидан юборилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритади ҳамда тасдиқлайди.

Беш иш куни

2. Табиий объект Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилгани тўғрисида таклиф этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабарнома юборади.

Рўйхатга киритилган куннинг ўзида

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 мартдаги 106-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги 243-сон қарори билан тасдиқланган Қуйи Амударё давлат биосфера резервати тўғрисидаги низомда:
а) 1-банд «табиий ҳудуд» сўзларидан кейин «ва миллий табиий мерос объекти» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 7-банд «иштирок этиши» сўзларидан кейин «Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларига мувофиқ Умумжаҳон мероси рўйхатига тақдим этиши» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 июлдаги 238-сон қарори билан тасдиқланган Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари тўғрисидаги низомнинг 1-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Мажмуа буюртма қўриқхоналар миллий табиий мерос объектлари ҳисобланиб, агар Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларига мос келса, улар Умумжаҳон мероси рўйхатига тақдим этилиши мумкин».
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини талабларини амалга оширишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 4 майдаги 339-сон қарорида:
а) Давлат қўриқхоналари тўғрисида низомнинг 2-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Қўриқхоналар миллий табиий мерос объектлари ҳисобланиб, агар Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларига мос келса, улар Умумжаҳон мероси рўйхатига тақдим этилиши мумкин»;
б) Табиат боғи тўғрисидаги намунавий низомнинг 2-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Табиат боғлари миллий табиий мерос объектлари ҳисобланиб, агар Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларига мос келса, улар Умумжаҳон мероси рўйхатига тақдим этилиши мумкин»;
в) Давлат табиат ёдгорликлари тўғрисидаги низомнинг 2-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Табиат ёдгорликлари миллий табиий мерос объектлари ҳисобланиб, агар Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларига мос келса, улар Умумжаҳон мероси рўйхатига тақдим этилиши мумкин»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналарини белгилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 5 майдаги 282-сон қарорида:
а) қарорнинг номи «ҳудудларнинг» сўзидан кейин «ва табиий мерос объектларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 2-банднинг еттинчи хатбоши «ҳудудларнинг» сўзидан кейин «ва табиий мерос объектларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
в) Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари тўғрисидаги низомда:
номи «ҳудудларнинг» сўзидан кейин «ва табиий мерос объектларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
1-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Буюртма қўриқхоналар, табиий питомникларда курорт табиий ҳудудларда, рекреация зоналарида, сувни муҳофаза қилиш зоналарида белгиланган режим улар ҳудудида жойлашган табиий мерос объектини сақлаб қолишни таъминламаса, табиий мерос объекти ҳудудига туташган ер майдонида ушбу Низомга мувофиқ қўриқланма зоналари белгиланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2026 й., 09/26/106/0245-сон)