Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида (кейинги ўринларда — Академия) олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишнинг алоҳида тартибини белгилаш назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Академияда олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби;
Академияда изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторингини ташкил этиш;
Академияда давлат сиёсати ва бошқаруви соҳасида яхлит илмий тадқиқотлар тизимини яратиш.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 февраль,
70-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 февралдаги 70-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида (кейинги ўринларда — Академия) олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
талабгор олий таълимдан кейинги таълимда ўқиш учун ҳужжат топширган шахс;
изланувчи фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс;
таянч докторантура фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;
докторантура фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;
мустақил изланувчилик фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;
олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими (кейинги ўринларда — Ягона электрон тизим) — олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул қилиш, стажёр-тадқиқотчи ва изланувчиларнинг якка тартибдаги режалари бажарилишига оид ҳисоботларни шакллантириш бўйича ҳужжатларнинг электрон алмашинувини ташкил этишга мўлжалланган ахборот тизими;
диссертация режасининг муфассал лойиҳаси тадқиқот иши лойиҳасининг мақсади ва вазифалари, объекти ва предмети, бажариш муддатлари, кутилаётган илмий натижалари ва бошқа зарур тадбирлар мажмуи.
3. Академияда олий таълимдан кейинги таълимнинг асосий мақсади давлат сиёсати ва бошқаруви, давлат хизмати, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари, ҳудудларни бошқариш ва ривожлантириш ҳамда инсон ресурсларини бошқариш, бошқарув фани соҳалари бўйича фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришдан иборатдир.
Академия кенгаши томонидан изланувчилар учун олий таълимдан кейинги таълим жараёнида амалга ошириладиган илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари белгиланади.
Академияда мавжуд олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари бўйича диссертация мавзулари Академия мактаблари ва марказларида ташкил этиладиган лаборатория ва лойиҳа офисларида шакллантирилади.
Танланган тадқиқот мавзуси асосида изланувчилар Академия кенгаши қарорига мувофиқ Академиянинг тегишли мактаблари ва марказларига бириктирилади.
4. Академияда олий таълимдан кейинги таълимга қабул қуйидаги таълим шакллари бўйича ташкил этилади:
таянч докторантура;
докторантура;
мустақил изланувчилик.
5. Академияда олий таълимдан кейинги таълимни очиш, уни тўлов-контракт асосида ташкил этиш, қабул квотасини шакллантириш, таянч докторант, докторант ҳамда мустақил изланувчиларнинг ўқиш муддати ва стипендия тўлаш тартибини белгилаш, олий таълимдан кейинги таълимдан четлатиш, илмий раҳбар ва консультантларни тайинлаш ҳамда уларга ҳақ тўлаш, шунингдек, мутахассислиги олий таълимдан кейинги таълим ихтисослиги фан соҳалари мос келмаганда ёки олий таълимдан кейинги таълимда фаннинг турдош соҳалари бўйича олиш режалаштирилганда, талабгорларга қўшимча имтиҳонларни белгилаш каби масалалар ҳамда ушбу Низомда қамраб олинмаган бошқа ҳолатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисидаги низомда белгиланган талаблар ва муддатлар асосида амалга оширилади.
6. Академияда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги 606-сон қарори билан тасдиқланган Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талаблар ва муддатлар асосида мақсадли тайёрланади.
7. Изланувчиларнинг ҳар йилги якка тартибдаги режаси Академия кенгаши қарори билан тасдиқланади ва «Рақамли академия» платформаси ҳамда Ягона электрон тизимга юкланади.
Академия таянч докторантлари ва докторантлари диссертацияни ҳимоя қилгунгача, шунингдек, ўқишнинг бутун даври давомида жамоатчилик асосида камида 100 соат ҳажмда Академияда ўқув машғулотларини ўтиш меъёрлари белгиланади ва ушбу меъёр уларнинг якка тартибдаги режасига киритилади.
2-боб. Академияда олий таълимдан кейинги таълимни ташкил этиш тартиби
8. Олий таълимдан кейинги таълимга қабул ҳужжатлари Ягона электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали топширилади.
9. Академияда таянч докторантура ҳамда докторантура босқичига ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.
Академиянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида ҳар йили 1 сентябрга қадар қабул тўғрисида эълон берилади.
Таянч докторантура ва докторантурага ўқишга кириш учун ҳужжатлар Ягона электрон тизим ёки ЯИДХП орқали ҳар йили 15 сентябрдан 15 октябрга қадар қабул қилинади.
Таянч докторантура ва докторантурага кириш имтиҳонлари ҳар йили 1 ноябрдан 25 ноябрга қадар ўтказилади.
Таянч докторантура ва докторантурага кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган талабгорлар ажратилган қабул квотасидан келиб чиқиб, қабул комиссияси томонидан 30 ноябрга қадар қабул қилинади.
Академия кенгаши қарорига асосан таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш Академия ректори буйруғи билан ҳар йили 5 декабрга қадар расмийлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси соҳиблари таянч докторантура ва докторантурага кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
10. Академияда мустақил изланувчиликка ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.
Академиянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида ҳар чоракда биринчи ойнинг 15-санасидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар қабул тўғрисида эълон берилади.
Тегишли ҳужжатлар Ягона электрон тизим ёки ЯИДХП орқали ҳар чоракда 1 ой давомида қабул қилинади.
Мустақил изланувчиликка талабгорларни танлаб олиш мақсадида ҳар чоракнинг сўнгги ойига қадар суҳбат ўтказилади.
Академия кенгаши қарорига асосан мустақил изланувчиликка қабул қилиш Академия ректори буйруғи билан расмийлаштирилади.
Академияда тадқиқот жараёнлари илғор хорижий тажрибаларга мувофиқ Таълимни бошқариш тизими (LMS) ва «Рақамли академия» платформаси орқали ташкил этилади.
3-боб. Академияда олий таълимдан кейинги таълимга қабулни ташкил этиш
11. Академияда ректор раислигида тегишли ихтисосликлар бўйича етакчи олимлар ва мустақил экспертлардан (камида 7 кишидан) иборат таркибда қабул комиссияси ташкил этилади.
Қабул комиссияси раиси қабул комиссияси аъзолари вазифаларини белгилайди ва уларнинг режаларини тасдиқлайди.
Қабул комиссияси кириш имтиҳонлари бўйича мутахассисликнинг моҳиятидан келиб чиқиб саволлар тузади.
Қабул комиссияси кириш имтиҳонларини юқори савияда ўтказиш ва имтиҳон пайтида холисликни таъминлашга масъул ҳисобланади.
12. Кириш имтиҳонини ўтказишнинг аниқ санаси ва шакли (ёзма, оғзаки, тест) қабул комиссияси раиси томонидан белгиланади.
13. Таянч докторантурага қуйидагиларга эга бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
магистр даражаси, олий маълумот тўғрисидаги диплом (мутахассислик дастурлари бўйича);
диссертация режасининг муфассал лойиҳаси;
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган илмий натижалар, шу жумладан, Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда — ОАК) томонидан белгиланган илмий журналларда чоп этилган камида учта мақола ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида чоп этилган камида учта тезис;
хорижий тилни камида В2 даражасида билишини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат.
14. Докторантурага қуйидагиларга эга бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёхуд уларга тенглаштирилган хорижий давлатларда олинган илмий даража;
диссертация режасининг муфассал лойиҳаси;
фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ёхуд уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар олгандан сўнг муҳим илмий ютуқларга эришиш, шу жумладан, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган ОАК томонидан белгиланган илмий журналларда чоп этилган камида бешта илмий мақола ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида чоп этилган камида бешта тезис;
хорижий тилни камида В2 даражасида билишини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат.
15. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун мустақил изланувчиликка қуйидагиларга эга бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
магистр даражаси, олий маълумот тўғрисидаги диплом (мутахассислик дастурлари бўйича);
диссертация режасининг муфассал лойиҳаси;
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган илмий натижалар, шу жумладан, ОАК томонидан белгиланган илмий журналларда чоп этилган камида учта мақола ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида чоп этилган камида учта тезис;
хорижий тилни камида В2 даражасида билишини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат.
16. Фан доктори (DSc) илмий даражаси учун мустақил изланувчиликка қуйидагиларга эга бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёхуд уларга тенглаштирилган хорижий давлатларда олинган илмий даража;
диссертация режасининг муфассал лойиҳаси;
фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ёхуд уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар олгандан сўнг муҳим илмий ютуқларга эришиш, шу жумладан, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган ОАК томонидан белгиланган илмий журналларда чоп этилган камида бешта илмий мақола ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида чоп этилган камида бешта тезис;
хорижий тилни камида В2 даражасида билишини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат.
17. Талабгорларнинг кириш имтиҳонларини баҳолаш мезонлари олдиндан Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
18. Академияда таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчиликка қабул қилиш бўйича танлов ҳар бири 100 балли баҳолаш тизимига асосланган қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич — талабгорлар мутахассислик фанларидан имтиҳон (ёзма, оғзаки, тест) топширади;
иккинчи босқич — талабгорлар диссертация режасининг муфассал лойиҳасини тақдимот қилади.
19. Қабул комиссияси томонидан талабгорларнинг диссертация режасининг муфассал лойиҳаси ушбу Низомга 3-иловада келтирилган мезонлар асосида 100 балли тизимда баҳоланади.
20. Имтиҳон бўйича талабгорларнинг якуний натижалари қабул комиссиясининг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган баллар умумий йиғиндисининг ўртачасидан келиб чиқиб аниқланади.
Имтиҳон якунига кўра қабул комиссияси талабгорларнинг балларини кўрсатган ҳолда тегишли баённома тузади ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Академия кенгашига тақдим этади.
21. Талабгорларнинг якуний натижалари қабул комиссияси томонидан мутахассислик фанларидан имтиҳон ва диссертация режасининг муфассал лойиҳаси тақдимоти натижаларидан олинган баллар қўшилган ҳолдаги умумий баллдан келиб чиқиб, энг юқори балл тўплаган талабгорларнинг қабул квоталари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниши таъминланади.
22. Талабгорларнинг кириш имтиҳони жараёнларининг барча босқичлари шаффоф ва адолатли ўтказилади. Қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳони жараёнлари видеотасвирга ёзиб олинади.
23. Кириш имтиҳонлари натижалари ҳақидаги маълумотлар имтиҳонлар якунлангандан сўнг Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
4-боб. Талабгорларнинг шикоятларини кўриб чиқиш тартиби
24. Академия ректорининг буйруғи билан талабгорларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссиясининг таркибига қабул комиссияси аъзолари киритилмайди.
25. Кириш имтиҳони натижалари бўйича талабгорларнинг шикоятлари, натижалар эълон қилинган кундан бошлаб икки иш куни ичида қабул комиссиясига ёзма шаклда тақдим этилади.
Талабгорлар шикоятларини «Рақамли академия» платформаси, Ягона электрон тизим ва ЯИДХП орқали электрон шаклда юборишлари мумкин.
26. Апелляция комиссияси шикоятни шикоят берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилинган куни талабгорни шикоят қаноатлантирилгани ёки қаноатлантириш рад этилганини кўрсатган ҳолда, ёзма равишда хабардор қилади.
Бунда Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоятни асосли деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш;
шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш.
27. Талабгор мурожаатни кўриб чиқишда шахсан иштирок этиш ҳуқуқига эга.
5-боб. Изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторинги
28. Илмий раҳбар умумий ўқув юкламасига киритилган соатлар бўйича изланувчиларнинг назарий-методологик дастурни ўзлаштиришлари учун ҳар ойда дарс ўтади.
29. Изланувчилар ҳар чоракда диссертация мавзуси бўйича тасдиқланган якка тартибдаги режаси бўйича бажарган ишлари натижаларини «Рақамли академия» платформаси ва Ягона электрон тизимга киритиб боради.
30. Академияда олий таълимдан кейинги таълимда таҳсил олаётган изланувчиларнинг фаолияти самарадорлиги ҳар чоракда мониторинг қилиб борилади.
Мониторинг учун Академиянинг олий таълимдан кейинги таълимга масъул бўлинмаси томонидан ишчи гуруҳ тузилади ва Академия ректори томонидан тасдиқланади.
31. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторинги қуйидаги мезонлар бўйича амалга оширилади:
а) ўқишнинг биринчи йилида:
диссертация мавзуси бўйича тасдиқланган якка тартибдаги режанинг мавжудлиги ва унинг бажарилиши;
ихтисослик бўйича тасдиқланган назарий-методологик дастурнинг мавжудлиги ва унинг бажарилиши;
тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича камида иккита илмий мақоланинг чоп этилгани;
илмий конференцияда диссертация мавзуси бўйича маъруза билан иштирок этгани;
тадқиқотнинг назарий асослари, мавзу бўйича илмий адабиётлар таҳлили, методология ва тадқиқот концепцияси бўйича таҳлилий умумлаштирувчи маълумотнинг мавжудлиги;
Академия илмий семинарида диссертация мавзусига доир таҳлилий умумлаштирувчи маълумот натижалари бўйича (илмий раҳбар билан биргаликда) маъруза қилгани;
Академиянинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилгани;
б) ўқишнинг иккинчи йилида:
тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида чоп этилган камида иккита илмий мақоланинг мавжудлиги;
диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида халқаро илмий конференция материалларида камида иккита чоп этилган маъруза тезисининг мавжудлиги;
тегишли хорижий журналларда диссертация мавзуси бўйича камида иккита чоп этилган илмий мақола мавжудлиги;
Академия илмий семинарида диссертация ишининг дастлабки натижалари бўйича (мустақил) маъруза билан иштирок этгани;
диссертация мавзуси бўйича амалий тадқиқотлар, маълумотлар таҳлили ва тажриба-синов ишлари олиб борилгани;
диссертация мавзуси бўйича якка тартибдаги режасининг бажарилиши бўйича ҳисобот бергани;
Академиянинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилингани;
в) ўқишнинг учинчи йилида:
журналларда, шу жумладан, хорижий журналларда сони белгиланган талабларга мувофиқ чоп этилган илмий мақолалари мавжудлиги;
ОАК талабларига мувофиқ тайёрланган тугалланган диссертация иши, авторефератининг мавжудлиги;
Академия мактаблари мажлисларида диссертация ва авторефератининг кўриб чиқилгани ва муҳокама қилингани;
Академиянинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилингани.
32. Фан доктори (DSc) илмий даражаси учун изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторинги қуйидаги мезонлар бўйича амалга оширилади:
а) ўқишнинг биринчи йилида:
диссертация мавзуси бўйича якка тартибдаги режанинг мавжудлиги ва унинг бажарилгани;
диссертациянинг биринчи ва иккинчи боблари тайёрлиги;
диссертация мавзуси бўйича тегишли журналларда камида бешта илмий мақола чоп этилгани;
диссертация мавзуси бўйича республика ва халқаро илмий конференциялар материалларида камида учта маъруза тезиси чоп этилгани;
диссертация мавзуси бўйича илмий конференция ёки семинарда маъруза қилгани;
тадқиқотнинг назарий асослари, мавзу бўйича илмий адабиётлар таҳлили, методология ва тадқиқот концепцияси бўйича таҳлилий шарҳ;
тадқиқотнинг назарий асослари, мавзу бўйича илмий адабиётлар таҳлили, методология ва тадқиқот концепцияси бўйича таҳлилий шарҳ натижалари бўйича семинарда сўзга чиққани;
Академиянинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилгани;
б) ўқишнинг иккинчи йилида:
диссертациянинг учинчи ва тўртинчи боблари тайёрлиги;
тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида чоп этилган камида тўртта илмий мақола эълон қилингани (шу жумладан, иккитаси хорижда);
диссертация мавзуси бўйича халқаро ва республика илмий конференциялар материалларида чоп этилган камида учта маъруза тезисининг мавжудлиги;
диссертация ишининг дастлабки натижалари бўйича семинар ўтказгани;
конференция ёки семинарда маъруза билан қатнашиш (камида бир марта);
диссертация мавзуси бўйича амалий тадқиқотлар, маълумотлар таҳлили ва тажриба-синов ишлари олиб борилгани;
диссертация мавзуси бўйича якка тартибдаги режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот;
Академиянинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилгани;
в) ўқишнинг учинчи йилида:
тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида чоп этилган камида учта илмий мақола эълон қилингани;
диссертация натижалари бўйича чоп этилган монографиянинг мавжудлиги;
Академиянинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилгани;
ОАК талабларига мувофиқ тайёрланган тугалланган диссертация иши ва авторефератнинг мавжудлиги;
Академия мактаблари мажлисларида диссертация ва авторефератининг кўриб чиқилгани ва муҳокама қилингани.
33. Мониторинг натижалари Академия кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади. Якка тартибдаги режаларини бажармаган изланувчиларга нисбатан тегишли қарорлар қабул қилинади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
34. Таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчиликка қабул қилинган изланувчилар диссертация ишини ҳимоя қилиб, давлат намунасидаги тегишли дипломни олганда ёки унинг диссертация иши ўқиш даврида тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгаш томонидан ҳимояга қабул қилинганда, докторантура ва мустақил изланувчилик муваффақиятли якунланган ҳисобланади.
35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси таянч докторантура ҳамда докторантура босқичига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси

(Академия)

Академиянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида қабул тўғрисида эълон беради.

Ҳар йили 1 сентябрга қадар

2-босқич

Академия

Тегишли ҳужжатларни олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими (Ягона электрон тизим) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилади.

Ҳар йили 15 сентябрдан 15 октябрга қадар

3-босқич

Академия

Таянч докторантура ва докторантурага кириш имтиҳонларини ўтказади.

Ҳар йили 1 ноябрдан 25 ноябрга қадар

4-босқич

Академия

Таянч докторантурага ва докторантурага кирувчи талабгорларнинг кириш имтиҳонлари натижаларидан ва ажратилган қабул квотасидан келиб чиқиб, қабул комиссияси ва Академия кенгашидан муваффақиятли ўтганларни танлаб олади.

Ҳар йили 30 ноябрга қадар

5-босқич

Академия

Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида Академия ректорининг буйруғини қабул қилади ва «Рақамли академия» платформаси ҳамда Ягона электрон тизимга киритади.

Ҳар йили 5 декабрга қадар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясига мустақил изланувчиликка ўқишга қабул қилишни ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси

(Академия)

Академиянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида қабул тўғрисида эълон беради.

Ҳар чоракда биринчи ойнинг 15-санасидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар

2-босқич

Академия

Тегишли ҳужжатларни олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими (Ягона электрон тизим) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилади.

Ҳар чорак 1 ой давомида

3-босқич

Академия

Мустақил изланувчиликка талабгорларни танлаб олиш мақсадида кириш имтиҳонини ўтказади.

Ҳар чоракнинг сўнгги ойига қадар

4-босқич

Академия

Кириш имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида Академия ректорининг тегишли буйруғини қабул қилади ва «Рақамли академия» платформаси ҳамда Ягона электрон тизимга киритади.

Ҳар йили чоракнинг 5 март, 5 июнь, 5 сентябрь, 5 декабрь саналарига қадар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Диссертация режасининг муфассал лойиҳасини
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш мезони номи

Мазмуни (тавсифи)

Баҳолаш даражаси / Балл

1.

Мавзунинг долзарблиги ва илмий асосланиши

Танланган мавзунинг ихтисослик шифрига мослиги, фан соҳаси учун аҳамияти, муаммонинг илмий асослангани, янги ечимлар зарурлиги

0 — 15 балл

2.

Мақсад ва вазифаларнинг аниқлиги

Илмий ишнинг мақсади равшан ва аниқ ифодалангани, вазифаларнинг мақсадга мослиги ва мантиқий боғлиқлиги

0 — 15 балл

3.

Методология ва илмий усулларнинг асослангани

Тадқиқотда қўлланадиган илмий усуллар (таҳлил, синтез, моделлаштириш, статистик таҳлил ва бошқалар) мақсад ва вазифаларга мос танлангани

0 — 10 балл

4.

Амалиётга татбиқ этиш имконияти (амалий аҳамияти)

Натижаларни амалиётда қўллаш имконияти, илмий тавсиялар ёки ечимларнинг фойдали қиймати

0 — 10 балл

5.

Тадқиқот босқичлари ва бажариш режаси

Лойиҳада ишни амалга ошириш босқичлари аниқ ва мантиқий кетма-кетликда ифодалангани, муддатлар реаллиги

0 — 10 балл

6.

Кутилаётган илмий натижаларнинг аниқлиги ва ишончлилиги

Натижаларнинг илмий жиҳатдан асослангани, уларнинг текшириш ва исботлаш имконияти

0 — 10 балл

7.

Лойиҳанинг тузилиши ва расмийлаштириш сифати

Лойиҳа тузилиши, тил услуби, мантиқий кетма-кетлик, илмий услубий талабларга мувофиқлиги

0 — 10 балл

8.

Ахлоқий ва этика талабларига риоя қилиш

Тадқиқот жараёнида плагиат ҳолатларига йўл қўйилмагани, маълумотлардан тўғри фойдаланиш ва этик меъёрларга риоя қилиш

0 — 10 балл

9.

Адабиётлар таҳлили ва манбалар базаси

Илмий адабиётлар, миллий ва хорижий манбаларнинг етарлилиги, янгилиги ва илмий даражаси

0 — 5 балл

10.

Тадқиқот объекти ва предметининг тўғри белгиланиши

Объект ва предметнинг аниқ белгилангани, уларнинг мавзудаги ўрни аниқ кўрсатилгани

0 — 5 балл

Изоҳ. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, зарур ҳолларда, ушбу мезонларга ўзгартириш киритиши мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.02.2026 й., 09/26/70/0161-сон)