Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида самарали натижаларга эришаётган умумий ўрта таълим соҳаси ходимларини аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг касбий салоҳияти ва педагогик маҳорати юқори бўлган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» танловини ҳамда педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
«Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловлари 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади;
«Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларининг ғолиблари Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларининг мазмун-моҳияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 апрель,
264-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) педагог ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
апелляция комиссияси — Вазирлик томонидан 5 — 7 нафардан иборат таркибда тасдиқланадиган, танлов давомида номзодлардан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга комиссия;
баҳолаш мезонлари — иккинчи ва учинчи босқичда номзодларни баҳолаш учун қўлланиладиган Вазирлик томонидан тасдиқланадиган мезонлар;
махсус платформа — Вазирликнинг pedagog.uzedu.uz платформаси;
номзод — танловда иштирок этиш учун мурожаат юбориш вақтида олий ёки биринчи малака тоифасига ҳамда камида беш йиллик педагогик иш стажга эга, таълим ташкилотларида танлов ўтказиладиган ўқув йили бошидан асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчиси;
Ташкилий қўмита — Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири раислигида, соҳа мутахассислари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакилларидан иборат таркибда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган танловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган ишчи гуруҳ;
ҳакамлар ҳайъати — номзодларни иккинчи ва учинчи босқичда баҳолаш учун ташкил этиладиган, малакали мутахассис ва илғор ўқитувчилар таркибидан иборат бўлган Вазирлик томонидан тасдиқланадиган ҳайъати.
3. Танлов ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этилади.
4. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Танловнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Танловнинг мақсади ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳисобланади.
6. Танловнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
илғор, ташаббускор ва ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш;
дарс берадиган фани бўйича юқори педагогик маҳоратга эга ўқитувчиларни саралаш;
ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда уларни рағбатлантириш.
3-боб. Танловни ўтказиш босқичлари
7. Вазирлик танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг август ойида Ташкилий қўмита, апелляция комиссияси, ҳакамлар ҳайъати таркибини, шунингдек, иккинчи ва учинчи босқич баҳолаш мезонларини тасдиқлайди.
8. Номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида танловда иштирок этади.
Танловда иштирок этиш учун номзодлар танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг август-сентябрь ойларида бевосита Вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.
9. Танлов уч босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда — танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг октябрь — декабрь ойларида Ташкилий қўмита томонидан номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;
иккинчи босқичда — танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг январь-февраль ойларида номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
учинчи босқичда — танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг апрель — август ойларида номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимоти ҳамда китобхонлик бўйича тест асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
(9-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)
10. Танловнинг биринчи босқичи Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом асосида ҳар икки йилда бир марта август-декабрь ойларида ташкил этиладиган малака тоифа синовлари билан интеграция қилинган ҳолда (онлайн тарзда) ўтказилади.
Бунда малака синовларида бериладиган 50 та тест топшириғига (шу жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун ҳам) қуйидаги тарзда алоҳида балл ҳисобланади:
мутахассислик фанидан (35 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 3,1 балл;
педагогик маҳорати учун (10 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,1 балл;
касб стандарти учун (5 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 1,1 балл берилади.
11. Ҳар бир туман (шаҳар)дан биринчи босқичда баллар кетма-кетлигига қатъи риоя этган ҳолда энг юқори балл тўплаган 3 нафардан номзод танловнинг иккинчи босқичига ўтказилади.
12. Танловнинг биринчи босқичида номзодларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, уларни танлаб олиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
номзоднинг амалдаги малака тоифаси юқорилиги;
кўп йиллик педагогик иш стажига эгалиги;
мутахассислик фанидан юқори балл тўплагани;
юқоридаги барча ҳолатларда ҳам баллар тенг келиб қолган тақдирда, истисно тариқасида, номзодларнинг барчаси иккинчи босқичга ўтказилади.
13. Танловнинг иккинчи босқичида номзодларнинг ўз фанидан дарс ўтиш маҳорати мазкур босқич баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда:
синов дарслари ўтказиладиган мактаблар рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланади;
ҳакамлар ҳайъати томонидан номзод дарс берадиган фан бўйича қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган синфда тасодифий мавзу (тақвим-мавзу режага мувофиқ) танлаб олиниб, иккинчи босқичга ўтган ўқитувчи томонидан дарс машғулоти ўтилади ҳамда 60 баллик тизимда баҳоланади;
таълим ташкилотларида фаолият юритаётган номзодлар томонидан махсус платформага жойлаштирилган дарснинг видеоёзувлари 40 баллик тизимда баҳоланади.
14. Иккинчи босқич якунидан ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафардан номзод танловнинг учинчи босқичига ўтказилади.
Иккинчи босқичда балл тенг келиб қолган тақдирда, платформа орқали педагоглар томонидан белгиланган мезонлар асосида мазкур номзодлар учун қайта овоз бериш ташкил этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Танловнинг учинчи босқичида номзоднинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимоти ҳамда китобхонлик бўйича тест асосида 100 баллик тизимда баҳоланади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)
16. Ўқитувчиларнинг барча босқичларда тўплаган баллари махсус платформа орқали эълон қилиб борилади.
4-боб. Апелляция комиссияси
17. Баҳолаш натижаларидан норози бўлган номзодлар танловнинг ҳар бир босқичи натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссиясига ёзма ёки махсус платформа орқали электрон шаклда ариза (шикоят) бериши мумкин.
18. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Вазирлик буйруғи билан белгиланади.
19. Апелляция комиссияси таркибига Ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати таркибидан аъзо киритилмайди.
Апелляция комиссияси аризаларни (шикоятларни) кўриб чиқиш жараёнига жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.
20. Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 иш кунида кўриб чиқилади.
21. Апелляция комиссияси танлов жараёнларига оид мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
танлов натижасини ўзгартиришсиз қолдириш;
танлов натижасини ўзгартириш.
22. Номзод апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги Қонунлари.
5-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш
23. Танлов якунларига кўра ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.
24. Ушбу сертификат асосида ғолиблар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.
6-боб. Якунловчи қоида
25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1975-моддаси.
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
«Йил ўқитувчиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

(Вазирлик)

Ташкилий қўмита, апелляция комиссияси, ҳакамлар ҳайъати таркибини ҳамда баҳолаш мезонларини тасдиқлайди.

Икки йилда бир марта август ойида

2-босқич

Номзодлар

1. Танловда иштирок этиш учун Вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.

Икки йилда бир марта август-сентябрь ойларида

Ташкилий қўмита

2. Номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимларини баҳолайди.

Икки йилда бир марта октябрь — декабрь ойларида

3-босқич

Ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар жамоаси

Номзодларнинг педагогик маҳоратини баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди.

Икки йилда бир марта январь-февраль ойларида

4-босқич

Ҳакамлар ҳайъати

Номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимот ҳамда китобхонлиги бўйича тест асосида баҳолайди.

Икки йилда бир марта апрель-май ойларида

5-босқич

Вазирлик

1. Танлов ғолибини QR-кодли сертификат билан тақдирлайди.

2. QR-кодли сертификат реестрини юритади ва расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Икки йилда бир марта октябрь ойида

6-босқич

Вазирлик

Ғолибларни Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирлайди.

Икки йилда бир марта октябрь ойида

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Педагогик маҳорат марказлари (кейинги ўринларда — марказлар) директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари марказлардан бошқа таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Танлов Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига амал қилинган ҳолда ўтказилади.
4. Танлов марказлар директорларининг сўнги икки йиллик фаолияти натижадорлигини баҳолаш асосида ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этилади.
2-боб. Танловнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Танлов ўтказишнинг мақсади марказлар директорлари ва улар орқали марказлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, раҳбарларнинг ўзлари раҳбарлик қилаётган марказларда илмий-педагогик фаолият натижадорлиги ва таълим сифатини оширишга бўлган интилишини рағбатлантириш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ҳамда педагогларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш ишларини ташкил этиш сифатини ошириш ҳисобланади.
6. Қуйидагилар танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Марказлар директорларининг меҳнат фаолияти натижадорлигини рағбатлантириш;
ижодкор Марказлар директорларини қўллаб-қувватлаш;
Марказлар директорларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш;
янги таълим технологияларини, инновацион бошқарув усулларини, катталар таълими соҳасида бошқарув назарияси ва амалиётидаги янги йўналишларни аниқлаш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг салоҳияти ҳақида жамиятда ижобий қарашни шакллантириш.
3-боб. Танловни ташкил этиш
7. Танлов Марказ фаолияти ҳамда Марказ директорининг сўнги икки йиллик фаолияти натижадорлигини баҳолаш асосида Вазирлик томонидан ўтказилади.
Танловда Марказ директори лавозимида камида икки йил давомида фаолият юритаётган раҳбарлар иштирок этади.
Танловни ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Танловни ташкил этиш учун Вазирликда вазир ўринбосари раислигида камида 7 нафар таълим соҳасидаги малакали мутахассислардан иборат бўлган таркибда Танлов комиссияси (кейинги ўринларда — Танлов комиссияси) ҳамда танловни ташкил этиш учун Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) тузилади.
9. Ишчи гуруҳ томонидан Марказлар директорларининг 4 та йўналиш бўйича фаолияти натижалари ўрганилади. Бунда:
биринчи йўналишда — Марказ томонидан ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар;
иккинчи йўналишда — Марказда молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар;
учинчи йўналишда — Марказда замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар;
тўртинчи йўналишда — Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилинганлиги.
10. Марказлар томонидан тасдиқланган ҳолда асословчи ҳужжатлари билан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказлар директорларининг икки йиллик фаолияти натижалари акс эттирилган маълумотлар базаси (кейинги ўринларда — Маълумотлар базаси) Ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилади.
Марказлар директорларининг икки йиллик фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва уларни тақдим этишнинг шакли (жадвал, ҳисобот, тўлдирилган саволнома ва бошқалар) танлов ўтказиладиган йилнинг январь ойида Вазирлик томонидан Марказларга етказилади.
11. Ишчи гуруҳ танлов ўтказиладиган йил март-апрель ойларида Вазирлик томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида Марказлар директорларининг фаолиятини Марказларга чиққан ҳолда маълумотларни ўрганиш ва сўровномалар ўтказиш орқали таҳлил қилади. Таҳлил натижалари Танлов комиссиясига тақдим этилади.
12. Танлов комиссияси май ойида Марказлар директорларининг фаолияти натижаларини баҳолайди.
Танлов комиссияси Марказлар директорларининг фаолияти натижаларини баҳолашда Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган таҳлиллар ва сўровнома натижаларига асосланади.
13. Танлов комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш;
тенг балл тўплаган Марказлар директорларининг маълумотларини қўшимча таҳлил қилиш учун Ишчи гуруҳни хизмат сафарига юбориш.
4-боб. Танлов ғолибларини аниқлаш ва эълон қилиш
14. Танловда ғолиблар рейтинг балларини ҳисоблаш орқали аниқланади.
Рейтинг баллари танловнинг тўртта йўналиши натижаларини умумлаштирган ҳолда 100 баллик тизимда Танлов комиссияси томонидан ҳисобланади.
15. Рейтинг балларини ҳисоблаш Низомга 2-иловада келтирилган Рейтингни аниқлаш мезонлари асосида амалга оширилади.
16. Рейтинг балларини ҳисоблаш натижаларига кўра энг юқори натижа кўрсатган Марказ директори ғолиб деб эълон қилинади.
17. Рейтинг балларини ҳисоблаш натижаларига кўра энг паст натижа кўрсатган Марказ директори ва тегишли Марказ фаолияти Вазирлик ҳайъати мажлисида танқидий кўриб чиқилади.
18. Танлов натижалари бўйича Танлов комиссияси ишидан норози бўлган Марказ директорининг шикояти Апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
19. Апелляция комиссияси Вазирлик томонидан 5 нафар ходимдан иборат таркибда тузилади.
Танлов натижалари бўйича апелляция шикояти танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида берилади ва Апелляция комиссияси томонидан икки иш куни давомида кўриб чиқилади.
5-боб. Танлов ғолибини мукофотлаш
20. Танлов ўтказилган йилнинг май ойида Танлов якунларига кўра ғолиб деб топилган Марказ директори реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирлик расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.
21. Ушбу сертификат асосида ғолиб танлов ўтказилган йилнинг 20 июлига қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.
22. Танловда иштирок этиб, ғолиб бўлган Марказ директорининг навбатдаги танловда иккинчи марта иштирок этишига йўл қўйилмайди.
23. Танлов натижалари Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Меҳнат кодексининг 18-боби, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1931, 1932-моддалари.
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Чора-тадбирлар

Муддатлари

1-босқич

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

(Вазирлик)

Педагогик маҳорат марказлари директорларининг икки йиллик фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва уларни тақдим этиш шаклини (жадвал, ҳисобот, тўлдирилган саволнома ва бошқалар) Педагогик маҳорат марказларига (Марказлар) етказади.

Танлов ўтказиладиган йилнинг январь ойида

2-босқич

Марказлар

Маълумотларни асословчи ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолда Ишчи гуруҳга тақдим этади.

Танлов ўтказиладиган йилнинг февраль ойида

3-босқич

Ишчи гуруҳ

1. Марказларга чиққан ҳолда маълумотларни ўрганади ва натижаларни Танлов комиссиясига тақдим этади.

Танлов ўтказиладиган йилнинг март ойида

2. Марказларга чиққан ҳолда сўровномалар ўтказади ва Танлов комиссиясига тақдим этади.

Танлов ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

4-босқич

Танлов комиссияси

Танлов натижаларини баҳолайди.

Танлов ўтказилган йилнинг май ойида

5-босқич

Вазирлик

1. Танлов ғолибини QR-кодли сертификат билан тақдирлайди.

2. QR-кодли сертификат реестрини юритади ва расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Танлов ўтказилган йилнинг май ойида

6-босқич

Вазирлик

Ғолибни Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирлайди.

Танлов ўтказилган йилнинг 20 июлига қадар

«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Рейтинг балларини ҳисоблаш
МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Рейтингни ҳисоблаш индикаторлари

Балл

Марказ директорининг икки календарь йилдаги фаолияти натижадорлигининг асосий кўрсаткичлари (KPI)

100

1. Ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар:

20

а) ҳудуддаги педагог кадрларнинг малака тоифасининг динамикаси (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

б) «Касбий ривожлантириш куни ва соати» ҳамда «Методик маҳорат куни ва соати» тадбирлари натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

в) ташкил этилган кўчма (сайёр) касбий ривожлантириш тадбирларининг натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

г) ҳудуддаги педагог кадрларнинг эҳтиёжларига кўра илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича ташкил этилган тренинглар натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

2. Марказда молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар:

20

а) бюджетдан ташқари маблағлар тушуми (ишчи гуруҳ таҳлили)

15

б) халқаро грантларни жалб қилиш (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

3. Марказда замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар:

20

а) малака ошириш курсларини ташкил этишнинг натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

б) қайта тайёрлаш курсларини ташкил этишнинг натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

в) мактаблар директорларининг малака оширган ўқитувчилари натижадорлигига мувофиқ малака ошириш курсларига берган баҳоси (сўровнома)

5

г) профессор-ўқитувчилар томонидан мактабгача ва мактаб таълимига оид халқаро ва маҳаллий нашрларда чоп этилган мақолалар салмоғи (ишчи гуруҳ таҳлили)

5

4. Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилинганлиги:

40

а) марказнинг тажрибали педагог-ходимлар билан таъминлангани ва хорижий мутахассисларнинг жалб қилинганлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

8

б) марказ ходимларининг хорижий таълим муассасаларига малака ошириш ва стажировкага юборилганлиги (ишчи гуруҳ таҳлили)

7

в) тингловчиларнинг педагог кадрларга берган баҳоси (сўровнома)

8

г) марказ директори фаолиятига марказ ходимларининг берган баҳоси (сўровнома)

7

д) марказ директорининг ҳудуддаги педагогларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш бўйича лойиҳа иши.

10

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.04.2025 й., 09/25/264/0391-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)