Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Cyber university» давлат университетини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги ва «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонунлари ҳамда «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ олий таълим тизимини илғор чет эл тажрибаси асосида ислоҳ қилиш, таълим жараёнининг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш орқали республика эҳтиёжи учун ахборот ҳимояси, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг рақамли технологиялар йўналишида билим олиши ва меҳнат бозорида рақобатбардош касб эгаллашига қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида:
1. Рақамли технологиялар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг Рақамли технологиялар вазирлигининг «Cyber university» давлат университетини (кейинги ўринларда — Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ахборотни ҳимоялаш, ахборот ва киберхавфсизлик, рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий тизимларни яратиш, робототехника ва бошқа турдош соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;
рақамли технологиялар соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитининг ривожланишига кўмаклашиш;
ёшларнинг билим олиши ва касб эгаллашига қўшимча шарт-шароитлар яратиш, давлат органлари, корхоналари ҳамда бошқа ташкилотларни кадрлар билан таъминлашда саралаш ва қамровни кенгайтириш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда етакчи республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари, рақамли технологиялар ишлаб чиқувчилари ва истеъмолчилари, бошқа соҳавий корхоналар билан ҳамкорлик қилиш;
тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш.
3. Белгилансинки:
Университет тўлиқ академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув жиҳатдан мустақил бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ва битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади;
Университетга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-60-сон ва «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-61-сон қарорларида белгиланган академик, молиявий ва ташкилий мустақилликка оид тартиб-таомиллар татбиқ қилинади;
талабаларни ўқитиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида олиб борилади;
Университетга қабул параметрлари манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг киберхавфсизлик соҳаси бўйича кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда «Cyber university» давлат университети кузатув кенгаши (кейинги ўринларда — Кузатув кенгаши) қарори билан тасдиқланади;
киберхавфсизлик соҳаси бўйича кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Кузатув кенгашига янги истиқболли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш ҳуқуқи берилади;
Университет Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида ўз номи туширилган муҳр, банк ҳисобварақлари, штамп ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт ҳамда жалб этилган хорижий мутахассислар ва маҳаллий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил белгилаш;
таълим олиб бориладиган тил, таълим шакли, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мустақил белгилаш;
таълим йўналишлари рўйхати ва уларга мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини Университет томонидан белгилаш ва тасдиқлаш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига киритиш;
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича фанлар таркиби ва мазмунини мустақил белгилаш;
талабаларни қабул қилиш учун қўшимча ва алоҳида имтиҳонлар ўтказиш тартибини белгилаш;
талабаларни якуний аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш;
талабалар ўқишини бошқа олий таълим ташкилотларидан Университетга кўчириш, шунингдек, ўқишини қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилаш;
етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурларини жорий этиш, республика ва чет элда ўтказиладиган илмий-амалий конференциялар ва семинарларда иштирок этиш;
педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш;
Университетда олий таълимдан кейинги таълимни ташкил этиш.
5. Рақамли технологиялар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда Университетнинг ҳудудлардаги таркибий бўлинмалари (юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиаллар, факультетлар) фаолиятини республиканинг етакчи олий таълим ташкилотлари базаси ва кўмагида ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратсин.
6. Университетнинг умумий фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш ҳамда ривожланиш истиқболларини белгилаш мақсадида «Cyber university» давлат университети кузатув кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Белгилансинки, Кузатув кенгаши Университетнинг олий бошқарув органи ҳисобланади.
Қуйидагилар Кузатув кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Университетда умумий бошқарувни амалга ошириш;
Университетнинг ривожланиш истиқболларини белгилаш;
Университет раҳбариятини (ижроия органини) тайинлаш;
таълим жараёнини, талабаларнинг ўқув ҳамда ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, таълим сифатини тизимли равишда ошириб бориш, Университет битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш;
Университет фаолиятини ривожлантириш мақсадида ҳомийлик хайриялари ва техник кўмак маблағларини (грантларни) жалб этиш;
Университетнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш, уни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозлашни ташкил этиш;
илмий ишланмалар натижаларини ҳаётга самарали жорий этиш, таълим ва илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорлик ўрнатиш ва уни ривожлантириш;
талабаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва бўш вақтларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш, шунингдек, талабалар дам олиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;
истиқболли педагогларни ва талабаларни танлов асосида соҳага ихтисослашган хориждаги бошқа етакчи таълим ташкилотларига стажировка ўташга юбориш учун танлаб олишни ҳамда уларга хорижда таҳсил олиш учун зарур маблағлар ажратишни ташкил этиш.
8. Университет таркибида IT-кластер (ахборот технологиялар парки, технопарк) ташкил этилсин ва унинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
илғор хорижий тажрибага асосланган технологик ва инновацион ғояларга йўналтирилган стартап лойиҳаларни яратиш ҳамда амалиётга жорий этиш;
ёш олимларнинг илмий изланишлари ҳамда мақсадли лойиҳалар доирасида миллий ва хорижий ташкилотларнинг, шу жумладан, илмий ва таълим муассасаларининг буюртманомалари асосида илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш;
ахборотни ҳимоялаш, ахборот ва киберхавфсизлик, рақамли технологиялар, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий тизимлар, робототехника ва бошқа турдош соҳаларда миллий воситалар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;
иқтисодиёт тармоқларининг етакчи компаниялари мутахассислари иштирокида соҳанинг долзарб масалаларига бағишланган маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш.
9. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
Рақамли технологиялар вазирлиги маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. Белгилансинки, Университет фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун:
2025 йилда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасидан зарур маблағлар ажратилади;
2026-2027 йилларда Давлат бюджети параметрларида тегишли маблағлар назарда тутилади.
11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
Университет учун 2025 йил 1 августга қадар 5 та, шу жумладан, 1 та бириктирилган, 2 та хизмат ва 1 та навбатчилик учун енгил автотранспорт воситаси ҳамда 1 та хизмат автобусини харид қилишга лимит ажратсин;
2026 йилдан бошлаб Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчи сифатида тақдим этиладиган бюджет сўровномалари асосида Университетни сақлаш харажатлари учун зарур маблағларни ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
12. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри «Янгиобод» МФЙ Янгиобод кўчаси 42-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларини туташ ҳудудлари билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Университетга ўтказиб берилсин.
Бунда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг талабалари ўқув жараёнини 2024/2025 ўқув йили якунига қадар Университетга берилган биноларда давом эттиради.
13. Университетга, истисно тариқасида:
Университетга юклатилган вазифаларни бажариш учун жиҳозлар, техника ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, дастурий маҳсулотлар, бутловчи буюмларни етказиб бериш бўйича товар етказиб берувчи (иш бажарувчи, хизмат кўрсатувчи) ҳамда уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлар) билан энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали шартномалар тузишга;
Университетнинг ҳар йил якунига кўра тушумлардан иқтисод қилинган маблағлари ва бошқа даромадларини (ўз даромадларидан тегишли даражадаги бюджетга ўтказиладиган ажратмаларни) мазкур таълим ташкилоти ихтиёрида қолдириш ҳамда ушбу маблағларни ахборотни ҳимоялаш, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқаришга оид харажатларни молиялаштиришга йўналтиришга рухсат берилсин.
14. Университет 2028 йил 1 январга қадар мазкур қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун муқобили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилма, дастурий ва техник воситалар, бутловчи қисмларни республикага олиб киришда божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
15. Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда:
Университетнинг устави ишлаб чиқилишини ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Кузатув кенгашининг фаолиятини тартибга солувчи низом ҳамда Университетнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
2025/2026 ўқув йилида Университетда жорий этиладиган таълим йўналишларини (мутахассисликларини) белгиласин.
16. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
Университетнинг ахборот-ресурс маркази фаолиятини йўлга қўйсин ва ўқув жараёни учун зарур бўлган барча модул ҳамда иловаларнинг уланишини таъминласин;
Университет ахборот-ресурс марказининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон ахборот-кутубхона ресурсларига уланишини ташкил этсин ҳамда барча турдаги хизматлардан, шу жумладан, тан олинган илмий нашриёт маълумотлар базаларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратсин.
17. Белгилансинки:
а) 2025/2026 ўқув йили учун Университетга бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига 100 та давлат гранти ажратилади. Бунда:
ажратиладиган давлат грантлари таълим йўналишлари кесимида Кузатув кенгаши томонидан тақсимланади;
навбатдаги ўқув йилидан бошлаб давлат гранти давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари асосида ажратилади;
б) давлат олий таълим муассасаларидан Университетга талабалар ўқишини истисно тариқасида кўчириш Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан суҳбат ўтказиш орқали амалга оширилади;
в) Кузатув кенгаши томонидан ҳар йили 1 апрелга қадар тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари тасдиқланади ҳамда қабул жараёнларини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади;
г) Университетнинг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича давлат буюртмаси параметрларининг таълим тиллари бўйича тақсимоти Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати таклифларига асосан Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тасдиқланади;
д) Университетда ўқув жараёни 2025 йил сентябрь ойида бошланади.
18. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Университетда янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларини очиш бўйича таклифлар киритиб борсин;
б) белгиланган тартибда янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
Университет томонидан малака талаблари, ўқув режалари ҳамда фан дастурларининг ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминласин.
19. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Университет фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар ва бошқа малакали мутахассисларни хизмат уйлари ҳамда талабаларни тураржойлар (ётоқхоналар) билан таъминлаш учун, шу жумладан, зарур ҳолларда, Университетнинг қўшимча бино ва иншоотларини қуриш учун тегишли ер участкаларини ажратиш чораларини кўрсин.
20. Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали фаолиятини 2024/2025 ўқув йили якунланганидан сўнг тугатиш;
Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали талабалари ўқишини Тошкент ахборот технологиялари университетининг тегишли курсларига белгиланган тартибда кўчириш;
Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали тугатилиши муносабати билан ушбу филиал ходимлари билан боғлиқ меҳнат муносабатларини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этиш чораларини кўриш.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 январь,
ПҚ-14-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 январдаги ПҚ-14-сон қарорига
ИЛОВА
«Cyber university» давлат университети кузатув кенгаши
ТАРКИБИ

1.

Ш.Х. Шерматов

Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири, Кузатув кенгаши раиси

2.

В.Ю. Серёжкин

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси маслаҳатчиси, Кузатув кенгаши раиси ўринбосари

3.

Т.Ш. Валиев

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари

4.

Р.О. Каримжонов

Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири ўринбосари

5.

М.М. Джалалов

Тошкент шаҳридаги Инха Университети ректори в.б.

6.

Б.С. Абдуллаев

Тошкент шаҳридаги Амити Университети бошқарув директори в.б.

7.

Д. И. Мирсадиков

«Киберхавфсизлик маркази» ДУК директори ўринбосари

8.

Ш.Н. Бахронов

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази бошлиғи ўринбосари

9.

Келишув асосида

«Cyber university» давлат университети ректори, Кузатув кенгаши котиби

Изоҳ. Кузатув кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Кузатув кенгаши раиси Давлат хавфсизлик хизмати билан келишган ҳолда Кузатув кенгаши таркибига янги аъзоларни, шу жумладан, хусусий компанияларни қўшимча равишда киритиш ва унинг таркибидан чиқариш, шунингдек, бошқа вазирликлар ва идораларнинг экспертлари, мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқига эга.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.01.2025 й., 07/25/14/0062-сон)