Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 17 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) (бундан буён матнда Омбудсман деб юритилади) инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради. Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштиришга ҳамда уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади.
Омбудсман ўз фаолиятини ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.
Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади. Омбудсман гувоҳномадан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.
3-модда. Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари
Омбудсман ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширади.
4-модда. Омбудсман фаолиятининг асосий принциплари
Омбудсман фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқликдан иборатдир.
5-модда. Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар
Сайланиш куни ўттиз ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.
6-модда. Омбудсманни сайлаш
Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.
Омбудсман лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг Омбудсманни сайлаш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Омбудсман номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин палаталарнинг ушбу масала юзасидан қабул қилинган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
Омбудсман ўз ваколатлари муддати тугагач, янги Омбудсман сайлангунига қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради.
Айни бир шахс Омбудсман лавозимига сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
7-модда. Омбудсман лавозимига номувофиқ бўлган фаолият
Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Омбудсман илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
8-модда. Омбудсман ўринбосари
Омбудсман ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.
Омбудсман ўринбосари лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Омбудсман томонидан тақдим этилади.
Омбудсман ўринбосари Омбудсманнинг зиммасидаги вазифаларини бажаришга кўмаклашади, Омбудсман йўқлигида унинг вазифасини бажариб туради.
Омбудсман ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, Омбудсман ўринбосари унинг вазифасини янги Омбудсман сайлангунига қадар бажариб туради ва Омбудсман учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.
Омбудсман ўринбосари сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Омбудсман ўринбосари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
9-модда. Омбудсманни ёки унинг ўринбосарини лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш
Омбудсман ёки унинг ўринбосари лавозимидан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда;
унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган хулоса билан тасдиқланган тақдирда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
у қонунга кўра Омбудсман (Омбудсман ўринбосари) фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
у суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;
у суднинг қарори билан бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
у вафот этган тақдирда.
2-боб. Омбудсманнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолияти кафолатлари
10-модда. Омбудсманнинг асосий вазифалари
Омбудсманнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
ички ишлар органлари тизимига кирадиган маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасаларда, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг гарнизони ҳамда қўшин гауптвахталарида, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, тергов ҳибсхоналарида, жазони ижро этиш муассасаларида, интизомий қисмларда, мажбурий даволаш муассасаларида (бундан буён матнда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар деб юритилади) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш;
аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги халқаро ҳамда миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
11-модда. Омбудсманнинг дахлсизлик ҳуқуқи
Омбудсман ўз ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки унга суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Омбудсманга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Омбудсманни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек унинг уй-жойини, хизмат хонасини, юкини, шахсий ва хизмат транспорт воситаларини, ёзишмаларини, у фойдаланаётган алоқа воситаларини, шунингдек унга тегишли ҳужжатларни кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
12-модда. Омбудсманнинг ҳуқуқлари
Омбудсман қуйидаги ҳуқуқларга эга:
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги хабарларни ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан биргаликда текшириш;
ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этиш;
ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш;
ўз ваколатларига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатларни, таҳлилий материалларни, хулосаларни ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ёзма равишда огоҳлантириш юбориш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида ташкилотларнинг раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли ташкилотларга илтимоснома киритиш;
фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ҳамда даъволар билан судларга мурожаат этиш;
инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир илмий-амалий, таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, олимларни, экспертларни ҳамда мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан шартнома асосида жалб этиш.
Омбудсман қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13-модда. Омбудсманнинг мажбуриятлари
Омбудсман:
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва қонун ҳужжатларига риоя этиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши;
ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга оширилаётган фаолиятига аралашмаслиги;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
мурожаат этувчига унинг мурожаатини кўриб чиқиш натижаларини маълум қилиши шарт.
Омбудсманнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
14-модда. Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маъруза
Омбудсман ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ўз фаолияти тўғрисида маъруза тақдим этади.
Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузада қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг (бундан буён матнда қийноққа солиш ҳоллари деб юритилади) олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам акс эттирилади.
Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида»ги қонунлари.
Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузани кўриб чиқиш якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қабул қилинган қарорлар Омбудсманга юборилади.
15-модда. Омбудсманнинг махсус маърузаси
Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маъруза тақдим этишга ҳақли. Махсус маъруза инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш бўйича хулоса ёки таклифлардан иборат бўлади.
16-модда. Омбудсманнинг муқобил маърузаси
Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлашга ва тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этишга ҳақли.
17-модда. Омбудсман фаолиятининг очиқлиги
Омбудсман ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор шахсларнинг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиши имкониятини таъминлайди.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни.
Омбудсман ўз фаолияти тўғрисидаги тегишли ахборотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради ва янгилаб туради, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузани ҳамда бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Омбудсман ўз матбуот органини таъсис этиши ва бошқа матбуот нашрларининг ҳаммуассиси бўлиши мумкин.
18-модда. Омбудсман фаолиятининг кафолатлари
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва (ёки) Сенатининг тарқатиб юборилиши Омбудсман фаолиятини тўхтатиб туришга ёки тугатишга олиб келмайди.
3-боб. Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби
19-модда. Омбудсман томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш
Омбудсман аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Омбудсман шикоятларни ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда, аризалар ҳамда таклифларни «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқади.
Омбудсман Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Омбудсман учинчи шахсларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир шахснинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.
Шикоятлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
Омбудсман қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини, шунингдек жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабулларини ташкил этади.
Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Омбудсманнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.
Омбудсман суднинг ваколатлари доирасига кирадиган масалаларни, шунингдек жисмоний шахсларнинг бошқа жисмоний шахслар томонидан уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир мурожаатларини кўриб чиқмайди.
Аноним мурожаатлар Омбудсман томонидан кўриб чиқилмайди.
20-модда. Омбудсман томонидан шикоятларни кўриб чиқиш шартлари
Омбудсман мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки, агар мурожаат этувчи ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, унинг шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.
Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Омбудсман томонидан тикланиши мумкин.
21-модда. Омбудсманга бериладиган шикоятларга қўйиладиган талаблар
Омбудсманга берилган шикоятда мурожаат этувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят юридик шахс томонидан берилган тақдирда эса унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, мурожаат этувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.
Шикоятлар давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин.
Ёзма шикоят мурожаат этувчининг имзоси ёки юридик шахс ваколатли вакилининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ёзма шикоятни мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, шикоят уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Электрон шаклда берилган шикоят қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб шикоятлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда уларнинг қонуний вакиллари томонидан берилиши мумкин.
Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёки ҳимоянинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқатсиз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир.
Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар шикоятга илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, бундан мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар мустасно.
Мурожаат этувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиши мумкин. Шикоятни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан чоралар кўрилишини истисно этмайди.
Омбудсманга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.
22-модда. Омбудсманнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш чоғидаги ҳуқуқлари
Омбудсман жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;
аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш;
мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
аниқланиши лозим бўлган масалалар юзасидан ташкилотлар ва мутахассисларга хулосалар тайёрлашни топшириш;
мурожаатни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориш;
мурожаатни кўриб чиқишни сабабини кўрсатган ҳолда рад этиш.
Омбудсман жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш чоғида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
23-модда. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг Омбудсманга мурожаат этиши
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклдаги мурожаатларни уларнинг сони чекланмаган ҳолда Омбудсман номига юбориш ҳуқуқига эга.
Омбудсман номига юбориладиган мурожаатлар цензурадан ўтказилмайди.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти мазкур жойларда сақланаётган шахсларнинг мурожаатларини Омбудсманга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса жазони ижро этиш муассасалари дарҳол юборади.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг мурожаатларига Омбудсманнинг юборилган жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва мурожаат этувчига зудлик билан етказиб берилади.
Омбудсман, унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари мурожаатлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги ҳоллари Омбудсман ташаббуси билан ўрганилаётганда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Омбудсманнинг, унинг ўринбосарининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилларининг хавфсизлигини таъминлаши шарт.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Омбудсманга, унинг ўринбосарига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилларига мазкур жойларда сақланаётган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбатлар ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.
Омбудсман Девонининг ходимлари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга Омбудсман томонидан бериладиган махсус йўлланма билан монеликсиз кириши мумкин.
24-модда. Озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг Омбудсманга мурожаатлар қутиси орқали мурожаат қилиши
Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда маҳкумлар мурожаатларни қолдириши учун қулай бўлган жойда Омбудсманга мурожаатлар қутиси (бундан буён матнда Омбудсман қутиси деб юритилади) ўрнатилади.
Омбудсман қутиси фақат Омбудсман ёки унинг Девони ходимлари томонидан бир ойда камида бир марта очилади.
Омбудсман ёки унинг Девони ходимлари Омбудсман қутисига келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ҳақли.
Омбудсман қутисини ўрнатиш, ундан фойдаланиш ва у орқали мурожаатлар юбориш тартиби Омбудсман ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
25-модда. Омбудсман томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари
Омбудсманга мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахс, шунингдек Омбудсман томонидан ахборот тўплаш ва уни таҳлил қилиш ёки эксперт баҳосини бериш топширилган шахслар бундай ҳаракат учун таъқиб қилиниши ёки уларнинг ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Омбудсман томонидан мурожаатлар кўриб чиқилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакллари, жойлашган ери (почта ёки электрон манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларга қараб камситилишига йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳоллари текширилаётганда маълум бўлиб қолган, мурожаат этувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсига доир маълумотлар уларнинг розилигисиз ошкор қилиниши мумкин эмас.
26-модда. Аризалар ва даъволар
Омбудсман фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиши мумкин.
Омбудсман фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
27-модда. Хулоса
Омбудсман шикоятни кўриб чиқиш натижалари юзасидан ҳаракатларида ёки ҳаракатсизлигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган ташкилотга ёки мансабдор шахсга инсоннинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга доир тавсиялар мавжуд бўлган ўз хулосасини юбориши мумкин.
Омбудсманнинг хулосасида қуйидаги тавсиялар назарда тутилиши мумкин:
ишнинг ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан охирига етказилиши зарурлиги;
ташкилотнинг ёки мансабдор шахснинг қарори ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши кераклиги;
ташкилотнинг ёки мансабдор шахснинг қарори асосланиши зарурлиги;
ташкилот ёки мансабдор шахс қўшимча қарор қабул қилиши кераклиги.
Омбудсманнинг хулосасида бошқа тавсиялар ҳам бўлиши мумкин.
Омбудсманнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асослантирилган жавоб юбориши шарт.
4-боб. Омбудсманнинг таъсир чоралари
28-модда. Омбудсман таъсир чораларининг турлари
Огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома Омбудсманнинг таъсир чораларидир.
29-модда. Огоҳлантириш
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақидаги огоҳлантириш Омбудсман томонидан ташкилотларга ва мансабдор шахсларга ёзма равишда эълон қилинади.
Омбудсман мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинганлиги тўғрисида унинг юқори турувчи органига (мансабдор шахсига) хабар қилишга ҳақли.
30-модда. Тақдимнома
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома Омбудсман томонидан ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.
Тақдимнома кечиктирмай кўриб чиқилиши лозим ва кўрилган чоралар тўғрисида Омбудсманга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн беш кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиниши керак.
31-модда. Илтимоснома
Ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилотларга Омбудсман томонидан илтимоснома киритилади.
32-модда. Талабнома
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган қийноққа солиш ҳолларини бартараф этиш ҳамда ушбу ҳолларнинг олдини олиш мақсадида Омбудсман томонидан тегишли ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган талабнома киритилади.
Талабнома тезкорлик билан кўриб чиқилиши лозим ва кўрилган чоралар тўғрисида Омбудсманга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиниши керак.
5-боб. Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолияти, унинг давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорлиги
33-модда. Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолияти
Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.
Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши, лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида иштирок этиши ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритиши мумкин.
34-модда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир фаолияти
Омбудсман аҳолининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади.
Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситаларини, усулларини ва механизмларини ўргатишга қаратилган маърифий ҳамда таълим дастурларини, илмий-амалий тадбирлар ва семинарларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади.
35-модда. Омбудсманнинг парламент назоратининг бошқа субъектлари билан ҳамкорлиги
Омбудсман жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.
Омбудсман жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин.
Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.
36-модда. Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлиги
Омбудсман қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.
37-модда. Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорлиги
Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мажлисларида иштирок этишга ҳамда қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.
38-модда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорлиги
Омбудсман ўз фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик қилади.
39-модда. Омбудсманнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги
Омбудсман мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва бошқа дастурларни, шунингдек инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ўз вазифалари доирасида амалга оширади.
Омбудсман ўзи томонидан шакллантириладиган ишчи гуруҳлар ва экспертлар гуруҳлари, комиссиялар ҳамда бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратади.
Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан фуқаролик жамияти институтлари билан ахборот алмашинувини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.
Омбудсман фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек улар билан битимлар тузиши мумкин.
40-модда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир фаолияти
Омбудсман инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ва хорижий институтлар билан ҳамкорликни амалга оширишга ҳамда ривожлантиришга ҳақли.
Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий институтларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.
Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига доир маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.
41-модда. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия
Омбудсманнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан унинг фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Омбудсманнинг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Кенгашлари томонидан Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия тузилиши мумкин.
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган Низом билан белгиланади.
42-модда. Омбудсманнинг фаолиятига кўмаклашиш
Ташкилотлар ва мансабдор шахслар инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлигига тааллуқли бўлган, Омбудсман томонидан сўралган ҳужжатларни, материалларни ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этиши шарт.
Омбудсман ўз фаолиятига доир масалалар бўйича ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.
Фаолияти давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ бўлган ташкилотларга Омбудсманнинг кириши тартиби, шунингдек давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни Омбудсманга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Омбудсманнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1974-моддаси.
6-боб. Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари фаолияти
43-модда. Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари
Ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашиш учун Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили (бундан буён матнда минтақавий вакил деб юритилади) доимий асосда фаолият юритади.
Минтақавий вакил Омбудсман томонидан тайинланади. Унга Омбудсман томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.
Минтақавий вакил бевосита Омбудсманга ҳисобдордир.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари минтақавий вакил фаолиятига кўмаклашади.
Минтақавий вакил ҳудудда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисида Омбудсман билан келишилган ҳолда ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маъруза тақдим этади.
Минтақавий вакилнинг фаолияти Омбудсман томонидан тасдиқланадиган низом билан тартибга солинади.
44-модда. Минтақавий вакилнинг асосий вазифалари
Минтақавий вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
тегишли ҳудудда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;
тегишли ҳудудда яшовчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда кўмаклашиш;
ўз ташаббуси билан ёки мурожаат этувчининг илтимосига кўра мурожаатни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқишни ташкил этиш;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиш;
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш.
45-модда. Минтақавий вакилнинг ҳуқуқлари
Минтақавий вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги хабарларни ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан биргаликда текшириш;
тегишли ҳудуддаги ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этиш;
тегишли ҳудуддаги ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш;
мурожаатни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган тегишли ҳудуддаги ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориш;
аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб тегишли ҳудуддаги ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;
аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш;
ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан тегишли ҳудуддаги ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан статистика маълумотларини, таҳлилий материалларни, хулосаларни ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;
мурожаатни кўриб чиқишни сабабини кўрсатган ҳолда рад этиш.
Минтақавий вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
46-модда. Минтақавий вакилнинг мажбуриятлари
Минтақавий вакил:
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва қонун ҳужжатларига риоя этиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши;
Омбудсманнинг топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажариши;
ўз фаолияти тўғрисида Омбудсманга ҳисобот тақдим этиб бориши;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини текшираётганда маълум бўлиб қолган, мурожаат этувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз ошкор қилмаслиги;
мурожаат этувчига унинг мурожаатини кўриб чиқиш натижаларини хабар қилиши шарт.
Минтақавий вакилнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
7-боб. Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича фаолияти
47-модда. Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича ваколатлари
Омбудсман, унинг ўринбосари ва минтақавий вакиллари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга исталган вақтда, монеликсиз ва дастлаб хабар бермасдан мониторинг ташрифларини амалга оширади.
Омбудсман, унинг ўринбосари ва минтақавий вакиллари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш чоғида:
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг сони ҳақида ахборот олади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шарт-шароитларини ўрганади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар билан, шунингдек ушбу жойлар маъмуриятининг ходимлари билан учрашувлар ва суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ҳамда суҳбатлар ўтказади. Бунда, зарур бўлганда, мазкур учрашувлар ва суҳбатлар жараёни боришининг баённомаси юритилади, техника воситаларидан фойдаланилади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда шахснинг сақланиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва, зарур бўлганда, улардан кўчирма нусхалар олади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмуриятига мазкур жойларда сақланаётган шахсни тиббий текширувдан ўтказиш, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш юзасидан талабнома киритади. Мазкур тадбирлар ўтказилаётганда ушбу шахснинг розилиги билан ҳозир бўлиши мумкин;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти раҳбарларидан мазкур жойларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олади.
Омбудсман:
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шарт-шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади;
тегишли ташкилотларга уларнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади;
қийноққа солиш ҳолларини бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотларга талабнома киритади.
Омбудсман сақланаётган шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда ҳам қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган чораларни, Омбудсман ўринбосари ва минтақавий вакиллари эса ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чораларни кўради.
48-модда. Омбудсман ҳузуридаги Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари
Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Омбудсман томонидан Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари (бундан буён матнда Жамоатчилик гуруҳлари деб юритилади) ташкил этилади.
Жамоатчилик гуруҳлари, қоида тариқасида, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади. Бунда Жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг камида қирқ фоизини аёллар ташкил этиши керак.
Омбудсман Жамоатчилик гуруҳлари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларнинг вазифаларини белгилайди.
49-модда. Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари фаолиятининг кафолатлари
Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ўз вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳлик беришга ёки бу ҳолатларни бирон-бир тарзда ошкор этишга мажбур қилиниши мумкин эмас. Бу кафолат шахс Жамоатчилик гуруҳи таркибидан чиққанидан кейин ҳам амал қилади.
50-модда. Жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятини ташкил этиш
Жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
51-модда. Омбудсман Девони
Омбудсман фаолияти Омбудсман Девони томонидан таъминланади.
Омбудсман Девони давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, ўз ҳисоб-китоб варағига ва бошқа ҳисобварақларига, ўз номи ёзилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.
Омбудсман Девонининг тузилмаси ва унинг ходимларининг штат бирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан тасдиқланади.
Омбудсман Девони тўғрисидаги низом Омбудсман томонидан тасдиқланади.
Омбудсман фаолиятининг молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда унда алоҳида сатрда назарда тутилади.
52-модда. Омбудсман ва унинг ўринбосарининг транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқи
Омбудсман ва унинг ўринбосари қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчилар транспорти мустасно) имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.
53-модда. Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1974-моддаси.
54-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 6, 175-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 6, 248-модда, № 9, 422-модда, № 12, 595-модда; 2008 йил, № 4, 187-модда, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 4, 136-модда, № 12, 470-модда; 2010 йил, № 9, 334-модда; 2012 йил, № 9/1, 238-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 8, 310-модда; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 10, 605-модда; 2019 йил, № 3, 165-модда, № 5, 267-модда, № 8, 469-модда, № 9, 588, 592-моддалар, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 6, 337-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда; 2023 йил, № 2, 104-модда, № 3, 187-модда, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 8, 818, 823, 828-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 18-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга»;
2) 792-модда биринчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Омбудсман қутиси тегишинча фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ёки унинг Девони ходимлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ёки унинг котибияти ходимлари томонидан очилади».
2. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9-10, 136-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 163-модда, № 7, 326-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2009 йил, № 4, 136-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда; 2013 йил, № 4, 95-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 3, 157-модда, № 5, 261, 265-моддалар, № 8, 468-модда, № 9, 588-модда, № 12, 884-модда; 2020 йил, № 8, 488-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда; 2022 йил, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда) 333-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«333-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) маърузаларини кўриб чиқиш
Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузани эшитади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузада қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам акс эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маъруза дастлабки тарзда фракциялар томонидан кўриб чиқилади.
Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузасини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) чиқиши билан бошланади, маърузадан сўнг фракцияларнинг вакиллари сўзга чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузани эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) ва Сенатга юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Қонунчилик палатасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузани тақдим этишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузасини кўриб чиқиш тартиби Қонунчилик палатасининг Регламенти билан белгиланади».
3. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги 523-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9-10, 137-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 163-модда; 2009 йил, № 4, 136-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 2, 47-модда, № 3, 162-модда, № 5, 261, 265-моддалар, № 8, 468-модда, № 12, 884-модда; 2020 йил, № 8, 488-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда) 324-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«324-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) маърузаларини кўриб чиқиш
Сенат ҳар йили ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузани эшитади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузада қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам акс эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маъруза дастлабки тарзда Сенат қўмиталари томонидан кўриб чиқилади.
Сенат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузасини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) чиқиши билан бошланади, маърузадан сўнг Сенат қўмиталарининг вакиллари сўзга чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги маърузасини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) ва Қонунчилик палатасига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сенатга инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузани тақдим этишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузасини кўриб чиқиш тартиби Сенатнинг Регламенти билан белгиланади».
4. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 29 сентябрда қабул қилинган «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги ЎРҚ-298-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 9, 251-модда; 2012 йил, № 9/1, 238-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 8, 469-модда, № 9, 592-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда) 23-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг), унинг ўринбосарининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қамоқда сақлаш жойларига бориши
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари (бундан буён матнда минтақавий вакиллар деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш, шунингдек ушлаб турилган ёки қамоққа олинган шахс билан учрашиш ва суҳбатлар ўтказиш ҳуқуқига эга.
Қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга), унинг ўринбосарига, минтақавий вакилларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсманига) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушлаб турилганлар, шунингдек қамоққа олинганлар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг), унинг ўринбосарининг, минтақавий вакилларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар билан учрашувлари ва суҳбатлари қамоқда сақлаш жойи ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади».
5. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-360-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, 12-сонга 1-илова; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 10, 605-модда, № 12, 772-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 7, 431, 433-моддалар, № 12, 783-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 5, 265-модда, № 8, 470-модда, № 9, 588-модда, № 11, 791-модда, № 12, 884, 891-моддалар; 2020 йил, № 3, 203-модда, № 11, 652-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 803, 804-моддалар, № 10, 973-модда, № 12, 1198-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда, № 6, 577-модда; 2023 йил, № 4, 272-модда, № 11, 923-модда) 70-моддаси биринчи қисми 5-бандининг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девонини».
6. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 9 январда қабул қилинган «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги ЎРҚ-420-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 1, 2-модда; 2019 йил, № 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда; 2022 йил, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 3, 185-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда) 23-моддаси биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«махсус қабулхонага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари монеликсиз киришини ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаши».
7. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 201-модда, № 5, 298-модда, № 10, 593-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 7, 661-модда, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 76-модда, № 3, 214, 216-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 463, 464, 467-моддалар, № 12, 1186-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 186-модда, № 4, 265, 269-моддалар, № 6, 444, 445-моддалар, № 7, 538-модда, № 9, 710-модда; 2024 йил, № 1, 5, 6, 7-моддалар, № 2, 101, 105, 107, 108, 111, 112-моддалар, № 7, 628-модда, № 8, 819, 823, 831-моддалар) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 8-модда биринчи қисми:
45-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилалар манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан»;
қуйидаги мазмундаги 46-банд билан тўлдирилсин:
«46) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) — фуқаролар манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар ва даъволар билан судга мурожаат қилганда»;
2) 10-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 20-банд билан тўлдирилсин:
«20) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) — фуқаролар манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар билан судга мурожаат қилганда».
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги 392-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 4-5, 102-модда);
2) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 669-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 169-модда);
3) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган «Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 670-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 170-модда);
4) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-441-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 8, 385-модда);
5) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 мартда қабул қилинган «Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-530-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 3, 165-модда) 2-моддаси;
6) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-563-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 9, 588-модда) 8-моддаси;
7) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 73-моддаси;
8) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралда қабул қилинган «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-909-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 2, 109-модда) 2-моддаси.
55-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
56-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
57-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 15 ноябрь,
ЎРҚ-1002-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.11.2024 й., 03/24/1002/0936-сон)