|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 08.08.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 7 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1290-2]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 2 апрелдаги 5/10-сонли «Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 3300, 07.05.2021 й.) асосан 2021 йил 8 августдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сон «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2003 йил 22 сентябрдаги 23/4-сон қарори (рўйхат рақами 1290, 2003 йил 10 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2003 й., 23-сон) билан тасдиқланган Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 28 апрель,
16/3-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/3-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Ломбард:
гаровга ёки сақловга қўйилган ашёлардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга;
йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорда фоизлар ҳисоблаш, комиссия ва неустойка (штраф, пеня) ундириш, кредит шартномалари бўйича жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллашга;
кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек кредитлар муддатидан илгари сўндирилганлиги учун неустойка ундиришга ҳақли эмас.
Гаровга ёки сақлаш учун топширилган мол-мулк йўқолганда, камомад аниқланганда, агар бу ҳолатлар енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, ломбард мол-мулк эгасига, томонлар келишувига кўра, мулкий зарарни гаров паттаси ёки сақлаш паттасида кўрсатилган мол-мулкни баҳолаш қиймати нархида тўлаши шарт.
Гаровга ёки сақлаш учун топширилган мол-мулк шикастланганда, агар шикастланиш енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, ломбард мол-мулк эгасига, томонлар келишувига кўра, мулкий зарарни гаров паттаси ёки сақлаш паттасида кўрсатилган мол-мулк нархидан ошмаган қийматда тўлаши шарт.».
2. 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13. Кредитнинг суммаси ва муддати, шунингдек, бериладиган кредит бўйича ҳақ ставкасининг миқдори томонларнинг келишувига асосан мазкур Қоидалар талабларини инобатга олган ҳолда белгиланади.».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2018 й., 10/18/1290-2/1180-сон)