|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 21.10.2003
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ «ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» МИЛЛИЙ ХОЛДИНГ КОМПАНИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА» 1998 ЙИЛ 15 ДЕКАБРДАГИ 523-СОН ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 октябрдаги 460-сонли «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг бошқарув тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Устюрт минтақасида ва республиканинг бошқа нефть-газли вилоятларида қидириш ва разведка ишларини жадаллаштириш, тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, шу асосда нефть ва газнинг қазиб олинаётган захираларини барқарор кўпайтиришни таъминлаш, нефть-газ тармоғининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бошқаруви тузилмасига холдинг компания бош муҳандиси-бош менежери лавозими киритилсин.
Бош муҳандис-бош менежер зиммасига:
нефть-газ тармоғини ривожлантиришнинг қисқа ва узоқ муддатли прогнозларини, мақсадли илмий-техник дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;
нефть ва газ билан боғлиқ геология-разведка ишларининг стратегик устувор йўналишларини аниқлаш;
Устюрт минтақасида ва республиканинг бошқа истиқболли нефть-газли вилоятларида қидириш ва разведка ишларини жадал амалга оширишни таъминлаш, ушбу мақсадлар учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;
етакчи хорижий нефть ва газ компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, республика нефть-газ тармоғига хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
нефть, газ ва нефть маҳсулотлари жаҳон бозорининг маркетинг тадқиқотларини олиб бориш асосида тармоқнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш функциялари юклансин.
2. Белгилансинки, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бош муҳандиси — бош менежери лавозимга Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.
3. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бошқаруви тузилмаси унинг ходимлари чекланган сонини 133 кишидан (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) иборат қилиб, иловага мувофиқ маъқуллансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси В.Й. Отаев бир ҳафта муддатда, ижроия аппарат тузилмасига киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда, «Ўзбекнефтгаз» холдинг компанияси раҳбарлари ўртасида лавозим вазифалари тақсимотини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 декабрдаги 523-сон қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
10-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг бош муҳандиси-бош менежери мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирига, раиснинг биринчи ўринбосари — вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари — вазир ўринбосарларига тенглаштирилади».
6. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 4 августдаги 355-ф-сон фармойиши;
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 декабрдаги 523-сон қарори 8-бандининг биринчи хатбоши ва қарорга 12-илова.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.Й. Отаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 19 июнь,
233-сон
«Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бошқаруви
тузилмаси