Ҳужжат кучини йўқотган " " 10.05.2022
ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТ ВА АХБОРОТ АГЕНТЛИГИ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ
буйруғи
Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ажратмалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2139]
 LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 10 майдаги 11-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3366, 10.05.2022 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1292-сонли қарорига асосланиб буюраман:
1. Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ажратмалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Бош директор Б.Ш. АЛИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 26 август,
7-ю/б-сон
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2010 йил 26 августдаги 7-ю/б-сонли буйруғига
ИЛОВА
Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ажратмаларни тўлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1292-сон қарорига мувофиқ ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек, босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумлардан 1 фоизли ажратмалар (кейинги ўринларда мажбурий ажратмалар деб аталади) тўлаш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1292-сон қарорига мувофиқ ноширлик ва матбаа корхоналарининг (кейинги ўринларда ажратма тўловчилар деб аталади) босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек, босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумнинг 1 фоизи миқдоридаги мажбурий ажратмалар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фонди (кейинги ўринларда Фонд деб аталади) маблағларини шакллантириш манбаларидан бири этиб белгиланган.
(1-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
2. Ноширлик корхонаси деганда қонунчиилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ва ноширлик фаолияти учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар тушунилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
3. Матбаа корхоналари деб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан гувоҳнома олган ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларида ҳисобга қўйилган юридик шахслар тушунилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
4. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги янги ёки қайта ташкил этилган ноширлик ва матбаа корхоналарига тегишлигича лицензия ва гувоҳнома берилган (ёки бекор қилинган) вақтдан бошлаб бир ҳафта муддатда ушбу корхоналар юзасидан маълумотларни Фондга ва тегишли давлат солиқ хизмати органларига тақдим этади.
(4-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2011 йил 16 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-1, 28.03.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 127-модда)
II. Мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқариш, ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва тўлаш
5. Мажбурий ажратмалар суммаси ажратма тўловчилар томонидан мустақил равишда, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек, босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумнинг 1 фоизи миқдорида ҳисоблаб чиқарилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
6. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган база Фондга ўтказиладиган мажбурий ажратмалар суммасига камайтирилади (шартли мисол 1-иловада келтирилган).
(6-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2014 йил 1 апрелдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-4, 07.04.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 15-сон, 172-модда)
7. Ажратма тўловчилар Фондга йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда ҳисобланган мажбурий ажратмалар тўғрисидаги маълумотларни ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ ўсиб борувчи якун билан корхона муҳри, раҳбари ва бош ҳисобчиси имзолари билан тасдиқланган ҳолда, шахсан ёки почта (электрон почта) ёхуд факс орқали тақдим этиб боради.
(7-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2013 йил 14 февралдаги 12-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-3, 25.02.2013 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 9-сон, 119-модда)
8. Фондга мажбурий ажратмаларни тўлаш ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
(8-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2011 йил 16 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-1, 28.03.2011 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 127-модда)
9. Мажбурий ажратмаларни тўлаш муддати бузилиши тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун (тўлов куни ҳам шунга киради) Фонд ҳисобига 0,05 фоиз миқдорда пеня ҳисобланишига сабаб бўлади. Ҳисобланган пеня миқдори умумий қарз суммасининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.
(9-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2011 йил 16 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-1, 28.03.2011 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 127-модда)
10. Фондга ортиқча тўланган мажбурий ажратмалар суммаси мазкур мажбурий ажратмалар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олинади ёки Фонд маблағларидан ажратма тўловчининг ёзма аризаси асосида, Фонд томонидан ариза берилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида ажратма тўловчининг банкдаги ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш орқали қайтарилади.
Ортиқча тўланган мажбурий ажратмалар суммаси бошқа ажратма тўловчиларнинг қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин эмас.
III. Якуний қоидалар
11. Фонд ҳисоб рақамига маблағларнинг тўлиқ тушиши устидан назорат Фонднинг ижро этувчи дирекцияси томонидан амалга оширилади.
12. Фондга келиб тушган мажбурий ажратмаларнинг ҳисоби ва ҳисоботи юритилиши ҳамда мақсадли ишлатилиши учун Фонднинг ижро этувчи дирекцияси амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
121. Мажбурий ажратмаларнинг тўғри ҳисобланиши ва белгиланган муддатда тўланиши учун ажратма тўловчилар раҳбарлари ва бош ҳисобчилари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгардир.
(121-банд Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2011 йил 16 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2139-1, 28.03.2011 й.) асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 127-модда)
13. Мажбурий ажратмаларнинг тўғри ҳисобланиши ва ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган солиқ имтиёзлари тўғри қўлланилиши устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
14. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фонди ижро этувчи дирекцияси билан келишилган.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
2010 йил 23 август
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
2010 йил 23 август
Савдо-саноат палатаси раиси А. ШАЙХОВ
2010 йил 23 август
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фонди ижро этувчи директори Ў. ЖЎРАЕВ
2010 йил 23 август
Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ажратмаларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Солиқ солинадиган базани Фондга ўтказиладиган ажратмалар суммасига камайтирилишига доир
ШАРТЛИ МИСОЛ
Ягона солиқ тўловчи юридик шахснинг матбаа фаолиятидан тушуми:
январь ойида 10 000 минг сўмни;
февраль ойида 8 000 минг сўмни;
март ойида 6 000 минг сўмни ташкил этган.
Жами биринчи чоракда ушбу фаолият туридан тушган тушум 24 000 минг сўм ҳисобланган.
Юқоридаги тушумдан Фондга қуйидагича ажратмалар ҳисобланади:
Январь ойида — 100 минг сўмни;
(1-илованинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
Февраль ойида — 80 минг сўмни;
(1-илованинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
Март ойида — 60 минг сўмни ташкил этган.
(1-илованинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
Жами биринчи чорак учун Фондга 240 минг сўм ажратмалар ҳисобланади.
(1-илованинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
Ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган юридик шахс давлат солиқ хизмати органларига ҳисоб-китобларни тақдим этишда солиқ солинадиган база 240 минг сўмга камайтирилади, яъни ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг «солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш» 0502-сатрида ҳисобга олинади.
(1-илованинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2012 йил 30 июндаги 10-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-2, 18.07.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 29-сон, 344-модда)
Худди шундай тартиб умумбелгиланган тартибда солиқ (фойда солиғи) тўловчи юридик шахсларга ҳам қўлланилади. Улар (ягона солиқ тўлови тўловчилардан фарқли равишда) солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришда:
давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқаришда соф тушум суммасини камайтириб ҳисоблайди;
(1-илованинг ўн учинчи хатбошиси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2014 йил 1 апрелдаги 16-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-4, 07.04.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 15-сон, 172-модда)
фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда «Ижод» фондига ўтказилган ажратмалар суммаси чегириладиган харажатларга олиб боради.
Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ажратмаларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
(2-илова Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2013 йил 14 февралдаги 12-м/ҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2139-3, 25.02.2013 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 9-сон, 119-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 35-36-сон, 309-модда; 2011 й., 12-13-сон, 127-модда; 2012 й., 29-сон, 344-модда; 2013 й., 9-сон, 119-модда; 2014 й., 15-сон, 172-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)