Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ўмон Султонлиги Ҳукумати ўртасида
Битим
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ КУТУБХОНАСИ БИНОСИНИ ҚУРИШ ВА ИЛМИЙ-МАДАНИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
2009 йил 5 октябрь, Масқат
 LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 январдаги ПҚ–1272-сонли «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(2009 йил 5 октябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ўмон Султонлиги Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Икки давлат ўртасида қўлёзмалар ҳамда тарихий ҳужжатларни сақлаш ва нашр этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истагида,
Томонлар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга, шунингдек ўзбек ва ўмон мутахассислари ва тадқиқотчилари ўртасида илмий ҳамда маданий соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонасида (кейинчалик Институт кутубхонаси) сақланаётган ноёб қўлёзмалар фондининг аҳамиятини англаган ҳолда,
2009 йил 30 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ўмон Султонлиги Ҳукумати ўртасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг кутубхонаси биносини қуриш тўғрисида Англашув протоколи қоидаларини амалга ошириш мақсадида,
Ўмон Султонлиги Ҳукуматининг Институт кутубхонаси биносини беғараз молиявий кўмаги асосида қуриб бериш таклифидан келиб чиққан ҳолда,
Томонлар қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўзаро келишув ва ўз давлатларининг миллий қонунчилиги асосида Институт кутубхонаси биносининг қурилиши лойиҳасини амалга оширадилар.
2-модда
Ўмон Султонлиги Ҳукумати Институт кутубхонаси биносини қуриб бериш учун беғараз молиялаштиради.
3-модда
Ўзбек Томони Институт кутубхонаси биносининг қурилиши учун Тошкент шаҳрида жойлашган камида 10 минг кв. м ер участкасини ажратади.
4-модда
Ўзбек томони Институт кутубхонаси биносининг қурилиши лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга олиб кириладиган барча асбоб-ускуна ҳамда зарур инвентарни божхона тўловларидан озод қилади.
5-модда
Томонлар илмий ва маданий, шунингдек Институт кутубхонаси фондида қўлёзма асарларни сақлаш, каталоглаштириш, нашр этиш, биргаликда илмий конференция ва симпозиумлар ташкил этиш, мутахассисларни алмашиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш каби соҳаларда ҳамкорликни амалга оширадилар. Мазкур ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан келишиладиган дастурда белгиланган ҳолда амалга оширилади.
6-модда
Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси ва Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги ваколатли органлар ҳисобланади.
7-модда
Томонлар мазкур Битимда назарда тутилган Институт кутубхонаси биносининг қурилиши лойиҳаси ҳамда илмий ва маданий ҳамкорликнинг амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ зарур тадбирларни кўришга келишдилар.
8-модда
Томонлар Институт кутубхонаси биносининг қурилиши лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари вакилларидан иборат Қўшма ишчи гуруҳини ташкил этадилар ва қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширади:
1. Лойиҳани мувофиқлаштиради, унинг бажариш муддатларини белгилайди, илмий ва маданий ҳамкорлик дастурини тайёрлайди, шунингдек уларга керакли ўзгартишлар киритади.
2. Лойиҳанинг техникавий ва молиявий шартларини муҳокама қилади ва келишади.
9-модда
Томонлар мазкур Битимни имзолаган санадан сўнг уч ой давомида Қўшма ишчи гуруҳининг йиғилишини ўтказишга келишдилар.
10-модда
Ушбу Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда юзага келадиган баҳс ва келишмовчиликлар музокара ҳамда маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
11-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин ҳамда улар мазкур Битимнинг 12-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
12-модда
Ушбу Битим имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради ва номуайян муддатга тузилади. Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилса, Битим мазкур хабарнома юборилган кундан бошлаб олти (6) ой ўтгандан сўнг амал қилишини тўхтатади.
Агар Томонлар бошқача келишмаган бўлсалар, мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатилиши, унинг амал қилиши даврида бошланган дастурлар ва лойиҳаларни тўлиқ амалга оширилишига таъсир этмайди.
Масқат шаҳрида 2009 йил 5 октябрда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 4-сон)