Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан Озарбайжон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги ўртасида
Битим
АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
2008 йил 11 сентябрь, Боку
 LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 июлдаги ПҚ–1150-сонли «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(2009 йил 29 июлдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Озарбайжон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлатнинг суверенитети ва мустақиллигини ҳурмат қилган ҳолда,
атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим эътибор қаратган ҳолда,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, ўз давлатларининг халқаро мажбуриятлари ва миллий қонунчилигига асосланган ҳолда,
1997 йил 18 июндаги Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик ва биродарлик муносабатларини янада ривожлантириш тўғрисидаги Декларация қоидаларига асосланган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ўзаро тенглик, ўзаролик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Ифлосланишни олдини олиш, атроф-муҳит мониторинги ва уни муҳофазаси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш Томонлар ўртасида ишлаб чиқилган ихтисослаштирилган дастур ва режаларни амалга ошириш орқали таъминланади.
3-модда
Томонлар ўртасидаги атроф-муҳит бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
а) муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш;
б) биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш;
в) атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш;
г) чиқиндиларни (шу жумладан хавфли чиқиндиларни) бошқариш;
д) атроф-муҳит мониторинги;
е) тупроқ муҳофазаси;
ё) ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш;
ж) энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш;
з) норматив-ҳуқуқий ва норматив-техникавий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
и) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишда давлат бошқарувини такомиллаштириш;
й) Томонларнинг ўзаро манфаатлари объекти бўлмиш бошқа йўналишлар.
4-модда
Ушбу Битимнинг 3-моддасида қайд этиб ўтилган йўналишлар бўйича ҳамкорлик қуйидаги тарзда олиб борилади:
— ўзаро илмий-техник тадқиқотлар/дастурлар;
— ҳамкорлик бўйича лойиҳаларни тайёрлаш;
— атроф-муҳит муҳофазасини такомиллаштириш борасидаги давлат сири бўлмаган илмий-техникавий, ҳуқуқий маълумотлар ва ҳужжатлар алмашинуви;
— атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги энг яхши технологиялар билан алмашиниш;
— мутахассислар алмашинуви;
— экологик ўқув дастурлари, конференция ва симпозиумларни ташкиллаштириш;
— Томонлар зарур деб топган ҳамкорликнинг ҳар қандай бошқа шакллари.
5-модда
Ушбу Битимни талқин қилишда ва/ёки уни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар ўзаро маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
6-модда
Ушбу Битимнинг қоидалари Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-модда
Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган, алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ва мазкур Битимнинг 8-моддасида кўрсатилган тартибда кучга кирадиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилганлиги тўғрисидаги дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим 5 (беш) йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан ҳеч бири мазкур Битимнинг амал қилиш муддатининг тугашидан камида олти ой аввал бошқа Томонни Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, Битимнинг амал қилиш муддати кейинги 5 (беш) йиллик муддатга узайтирилади.
Ушбу Битимнинг амал қилиш муддатининг тугаши мазкур Битимга мувофиқ унинг амал қилиши даврида бошланган ишларнинг давом эттирилишига ва тугатилишига таъсир кўрсатмайди.
Боку шаҳрида 2008 йил 11 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)