Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ГУМАНИТАР СОҲАДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
2008 йил 11 сентябрь, Боку
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 июлдаги ПҚ–1150-сонли «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори билан тасдиқланган.
(2009 йил 29 июлдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
келгусида маданият ва санъат, фан ва таълим, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришни истаб,
иккала давлат халқларининг маданий алоқалари ва дўстона муносабатлари анъаналарини инобатга олиб,
гуманитар алоқалар иккала мамлакат халқларининг туб манфаатларига жавоб беришига ва дўстлик, иноқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга ёрдам беришига ишонган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I. Маданият ва санъат
1-модда
Томонлар тижорат ва нотижорат шартлар асосида тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, амалий ва фотосанъат кўргазмалари, кинофильмлар алмашувига имкон яратадилар.
2-модда
Томонлар маданият ва киноматография соҳасида Ўзбекистон ва Озарбайжон муассасалари ва ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
3-модда
Томонлар ҳамкор мамлакатда концертлар ва бадиий гастроллар, анъанавий ёки замонавий санъат кўргазмаларини уюштиришга интиладилар.
4-модда
Томонлар ҳамкор мамлакатда бўлиб ўтадиган бадиий фестивалларда ўз ансамбллари ҳамда ижрочиларининг иштирокини қўллаб-қувватлайдилар.
5-модда
Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон манфаатдор муассасалари ва ташкилотлари ўртасида археология, музей иши, маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва муҳофаза қилиш соҳаларида бевосита ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига ва иккала Томон тарафидан имзоланган тегишли халқаро шартномаларга мувофиқ, уларнинг маданий мерос бўлмиш маданий бойликларни яширинча олиб кириш, олиб чиқиш ҳамда бошқа томонга бериш ҳолларининг олдини олиш бўйича чоралар кўрадилар.
7-модда
Томонлар ўз давлатларининг ҳуқуқий қоидаларига мувофиқ иккала мамлакат миллий кутубхоналари ўртасида экспертлар ва шунингдек ахборот ва микрофильмлар алмашуви соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар. Томонлар китобларни оммалаштириш ва шунингдек кутубхоначилик ва нашриётчилик фаолияти соҳаларида қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишга интиладилар.
8-модда
Томонлар ўз мамлакатларида ўтказиладиган симпозиумлар, кўргазмалар, фестиваллар ва танловлар ҳақида бир-бирларига маълум қиладилар ҳамда бу тадбирларда нашр қилинадиган материаллар билан алмашадилар.
II. Фан ва таълим
9-модда
Томонлар қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор берган ҳолда ҳамкорлик қиладилар:
1) таълим тизимлари, уларни ривожлантириш режалари ва ислоҳот йўналишлари тўғрисида ахборот алмашиш;
2) Томонлар манфаатдор бўлган ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш;
3) барча даражалардаги таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;
4) конференциялар, симпозиумлар, шунингдек ёшлар учун олимпиада ва танловлар ташкил қилишни қўллаб-қувватлаш;
5) Ўзбекистонда озарбайжон тилини, Озарбайжонда ўзбек тилини ўрганиш масаласи бўйича фикр алмашиш.
10-модда
Томонлар иккала мамлакат Фанлар академиялари, олий ўқув юртлари ҳамда бошқа манфаатдор илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасида қуйидаги соҳаларда тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш бўйича алоқаларни қўллаб-қувватлайдилар:
1) биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришни;
2) биргаликдаги илмий-тадқиқот лойиҳалари ва Томонлар ўтказадиган конгресслар, илмий семинарлар, конференциялар ва симпозиумларда иштирок этиш доираларида олим ва мутахассислар билан алмашиш;
3) Томонлар давлатларининг ҳуқуқий қоидаларига мувофиқ илмий-техникавий ва патент ахбороти билан алмашиш;
4) докторантлар, аспирантлар ва стажерлар билан алмашиш.
III. Ахборот
11-модда
Томонлар иккала мамлакатдаги тегишли муассасалар ва ташкилотлар ўртасида ахборот алмашувини қўллаб-қувватлайдилар. Томонлар иккала мамлакатнинг тарихи, географияси ва маданияти билан танишишга имкон берувчи нашрлар ва ўқув қўлланмалари алмашувини қўллаб-қувватлайдилар.
12-модда
Томонлар радиоэшиттириш ва телевидение соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
IV. Ёшлар ва спорт
13-модда
Томонлар иккала мамлакат ёшлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайдилар, ёшлар делегациялари билан ўзаро алмашишга кўмаклашадилар, Томонлар ёшларини икки мамлакат ҳудудида ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этишига кўмаклашадилар.
14-модда
Томонлар иккала мамлакат спорт федерациялари, жамиятлари ва клублари ўртасида бевосита алоқаларни қўллаб-қувватлайдилар.
Спорт ташкилотлари ҳамкорлиги қуйидагиларни қамраб олади;
1) миллий спорт турларини оммалаштириш;
2) тажриба, илмий ва методик материаллар алмашуви;
3) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мутахассислар малакасини оширувчи семинар ва курсларни ташкил қилиш;
4) оммавий спорт, допингга қарши кураш ҳамда спорт тадбирларида хавфсизликни таъминлаш соҳаларида экспертлар алмашиш.
15-модда
Ушбу Битимни қўллаш ҳамда талқин қилишда баҳс ва келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар уларни дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этадилар.
16-модда
Томонлар ўзаро келишувига кўра ушбу Битимга Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва 17-моддада кўрсатилган тартибда кучга кирадиган, алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
17-модда
Ушбу Битим дипломатик каналлар орқали Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажарганлиги тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарномани олган санадан бошлаб кучга киради. Ушбу Битим 5 (беш) йил муддатга тузилади. Томонлардан ҳеч бири унинг амалдаги муддатининг якунидан камида олти ой аввал бошқа Томонни Битим амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаган бўлса, унинг амал қилиш муддати кейинги беш йиллик муддатга ўз-ўзидан узайтирилади.
Боку шаҳрида 2008 йилнинг 11 сентябрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)