ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ҚАРОРИ
УРУҒЛИК ПАХТА ХОМ АШЁСИ ЕТИШТИРИШ МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ ВА УНГА АСОСАН ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 14 ноябрда 1738-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Ўзбекистон Республикасининг «Уруғчилик тўғрисида» ва «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 декабрдаги ПҚ-543-сон «2007 йилда пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ва ғўзани навлар бўйича жойлаштириш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси, 2006 йил 10-сон, 721-модда)ги қарорини бажарилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламиз:
1. Илова қилинаётган «Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 2 октябрь,
89-сон
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири С. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 2 октябрь,
3/11-сон
Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг
2007 йил 2 октябрдаги 89, 3/11-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Уруғчилик тўғрисида», «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги қонунларига ҳамда «2007 йилда пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ва ғўзани навлар бўйича жойлаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 декабрдаги ПҚ-543-сон (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси, 2006 йил, 10-сон, 721-модда) қарорига мувофиқ, уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш ҳамда етиштирилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
I. Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан биргаликда республикада охирги 3 йилда уруғлик чигитнинг ҳақиқатдаги сарфидан ҳамда келгуси йил пахта хом ашёсини етиштиришнинг прогноз ҳажмларидан келиб чиқиб, етиштириладиган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва захира фондлари миқдорини аниқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
2. Уруғлик пахта хом ашёси экиладиган майдон миқдори пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ва ғўзани навлар бўйича жойлаштириш тўғрисида Ҳукумат қарорига мувофиқ белгиланади.
II. Уруғлик пахта хом ашёсини етиштириш учун шартномалар тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
3. Уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва захира фондини етиштирувчи хўжаликлар «Супер элита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низом»га (2006 йил 13 март, рўйхат рақами 1551 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 11-сон, 88-модда) мувофиқ танлов асосида аниқланади.
4. Танлов асосида аниқланган уруғлик пахта хом ашёси етиштирувчи хўжаликлар билан пахта тозалаш корхоналари ўртасида «2004—2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил, 20-сон, 200-модда) мувофиқ, уруғлик пахта хом ашёси етиштириб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилади ва ушбу шартномада етиштириладиган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва захира фонди, уруғлик пахта хом ашёсининг селекцион нави, авлоди ва миқдори ҳамда пахта уруғчилигига оид бошқа шартлар кўрсатилади.
5. Уруғлик пахта хом ашёсига «1999-2000 йилларда пахта навларини янгилаш ва жойлаштириш дастури тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 ноябрдаги 491-сон қарорига мувофиқ етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган уруғлик чигит Ўзбекистон Давлат стандарти (OʼzDSt-663-2006 «Уруғлик чигит. Техникавий шартлар») талабларига мос бўлганда, пахта хом ашёси қийматига нисбатан супер элита ва элита уруғлик чигит учун 100 фоиз, I-авлод (R1) учун 75 фоиз, II-авлод (R2) учун 50 фоиз ва III-авлод (R3) учун 25 фоиз миқдорида устамалар ҳисобланади.
6. Устамалар етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий фонди миқдорига ҳисобланади ва қуйидаги тартибда икки босқичда ҳисоб-китоб амалга оширилади:
а) биринчи босқичда — топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи миқдорида уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёсини пахта тозалаш корхонасига топширган вақтда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) иккинчи босқичда — топширилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган ва сифати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Ўздавуруғназоратмаркази» томонидан сертификатланган уруғлик чигит учун бевосита уруғлик етиштирувчи хўжаликларга ва нав оригинаторлари бўлган илмий муассасаларга ҳамда уруғни тайёрлашда иштирок этган бошқа субъектларга ҳисобланган устаманинг қолган қисми — 100 фоиз деб ҳисобланиб, 10 фоизи уруғчиликни ташкил этишда иштирок этувчи пахта тозалаш корхоналари ихтиёрида қолдирилади, 40 фоизи уруғлик пахта хом ашёсини етиштирувчи хўжаликларнинг ҳисобварағига ва қолган 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ғўза уруғчилиги республика марказининг ҳисобварағига ўтказилади ва қуйидагича тақсимланади:
(6-банд «б» кичик банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
Ғўза уруғчилиги республика марказига ва унинг вилоят бирлашмаларига ҳамда элита уруғчилиги лабораторияларига — 20 фоиз;
нав оргинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектларга — 30 фоиз.
7. Ўтказиладиган маблағнинг нав оргинаторлари, институтлар, селекционер олимларга тегишли қисми тақсимотида уларнинг тайёрланган пахта уруғлигидаги улуши эътиборга олинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер олимлар ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектларга устама маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган йиллик харажатлар сметасига ҳамда тегишли ташкилотлар билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ғўза уруғчилиги республика маркази махсус ҳисобварағидан ўтказиб берилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
9. Зарурий ҳолатларда уруғлик пахта хом ашёсининг захира фондидан тайёрланган уруғлик чигит экиш учун ишлатилиши мумкин. Бу ҳолатда устама ҳақ экилган уруғлик чигит миқдорига мос равишда аниқланган пахта хом ашёси ҳажмига ва бу уруғлик пахта хом ашёсини топширган хўжаликларга мутаносиб равишда ҳисобланади ва иккинчи босқичда ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилади.
10. Пахта тозалаш корхоналарида қабул қилинган асосий фонддаги уруғлик пахта хом ашёсидан белгиланган миқдорда уруғлик чигитни дориланган асосий ва захира жамғармаси тайёрланади ҳамда хўжаликларга экиш учун беришда қуйидаги тартибда ҳисоб-китоблар амалга оширилади:
асосий жамғармадаги уруғлик чигитнинг баҳоси умумий уруғлик чигит (асосий ва захирадаги уруғлик)ни тайёрлаш учун кетган барча харажатларни ҳисобга олиб аниқланади ва хўжаликларга ушбу баҳода сотилади;
захира жамғармасидаги уруғлик чигитнинг баҳоси асосий жамғармадаги уруғлик чигит хўжаликларга сотилган вақтдан кейинги даврдаги харажатлар ҳисобга олиниб аниқланади ва зарурий ҳолатларда хўжаликларга шу баҳода сотилади.
III. Томонларнинг жавобгарлиги ва назорат
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Белгиланган миқдорда уруғлик пахта хом ашёсини етиштиришга ва уни қайта ишлаб сифатли уруғлик тайёрланишига барча манфаатдор идоралар ва корхоналар ҳамда масъул шахслар «Вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот муассасалари, элита уруғчилик хўжаликлари, пахта етиштирувчи хўжаликлар, ғўза уруғчилиги ва селекциясига алоқадор бўлган мансабдор шахсларнинг якуний натижалар учун жавобгарлиги тўғрисида низом»га (2005 йил 12 февраль, рўйхат рақами 1449 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, 7-сон, 60-модда) ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Пахта тозалаш корхоналарига топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисоб-китобларни тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилишини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси назорат қилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
IV. Якуний қоида
13. Ушбу тартиб 2007 йил пахта ҳосилидан бошлаб татбиқ этилади.
14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан келишилган.
Иқтисодиёт вазири Б. ХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 2 октябрь
«Ўзпахтасаноат» уюшмаси раиси Ф. ОМОНОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 2 октябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 46-47-сон, 475-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)