Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 47-сон, 543-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 20 октябрдаги ПҚ-2637-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги янги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
патент божлари, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ҳисобига белгиланган тартибда шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ҳузуридаги «Intellekt Ekspert» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув марказига қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 8 июндаги 166-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 6-сон, 47-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 24 ноябрь,
394-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрдаги 394-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
3. Агентлик ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади, шунингдек Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотида ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилади.
4. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, банк, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига эга бўлади.
2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
5. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш;
ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини экспертизадан, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш ва амалга ошириш;
Давлат патент фондини ва интеллектуал мулкнинг расмий рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг сақланишини ҳамда иқтисодиёт реал секторининг хўжалик юритувчи субъектлари, илмий ташкилотлар, олимлар ва мутахассислар томонидан самарали фойдаланилиши учун қулайлигини таъминлаш;
интеллектуал мулк соҳасида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектларига ва аҳолига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат интерактив хизматлари кўрсатиш;
корхоналар ва ташкилотларга чет элдаги миллий интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича консультатив ва амалий кўмаклашиш, шунингдек интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
6. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
интеллектуал мулк соҳасида давлат сиёсати ва қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номи, электрон ҳисоблаш машиналари (кейинги ўринларда ЭҲМ деб аталади), маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологияси учун муҳофаза қилиш ҳужжатлари бериш юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқишга қабул қилади;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номларини давлат экспертизасидан ўтказади, кўрсатилган объектларнинг устуворлигини белгилайди, селекция ютуқлари, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологияларининг расмий экспертизасини ўтказади;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналарини давлат рўйхатидан ўтказишни, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номларини рўйхатдан ўтказишни, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказишни ҳамда интеграл микросхемалар топологияларини рўйхатдан ўтказишни амалга оширади, муҳофаза қилиш ҳужжатларини беради, Ўзбекистон Республикасида умумий маълум бўлган товар белгиларининг тегишли реестрларини ва Рўйхатини юритади;
ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номи, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологияларига, берилган буюртманомаларнинг белгиланган товарларга мувофиқлигини текшириш натижалари бўйича, муҳофаза қилиш ҳужжатларини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
кўрсатилган селекция ютуқларининг патентга лойиқлик шартларига мувофиқлигини белгилаш натижалари бўйича, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ихтисослаштирилган ташкилотлари хулосалари асосида муҳофаза қилиш ҳужжатларини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
муҳофаза қилиш ҳужжатларининг ва бошқа зарур ҳужжатларнинг ягона шаклларини белгилайди;
интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишга ҳуқуқлар бериш тўғрисидаги лицензия шартномаларини, шунингдек уларни тўлиқ ёки қисман ўзгага бериш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказади ва тегишли реестрларни юритади;
интеллектуал мулкнинг расмий рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради, уларнинг сақланиши ва фойдаланилиши учун шарт-шароитларни таъминлайди;
Давлат патент фондини бутлаш ишларини ташкил этади ва ўтказади, ундан иқтисодиётнинг реал секторидаги хўжалик юритувчи субъектлар, илмий ташкилотлар, олимлар ва мутахассислар томонидан самарали фойдаланиш учун унинг сақланиши ва қулайлигини таъминлайди;
Агентликнинг бюллетенларини ва бошқа расмий нашрларини, шунингдек интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича бошқа маълумотлар ва материалларни чоп этишни ташкил қилади ва амалга оширади;
патент бўйича ваколатли вакилларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказади, патент бўйича ваколатли вакилларнинг давлат реестрини юритади;
интеллектуал мулк соҳасидаги қонун бузилишларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун бузилишлари тўғрисида белгиланган тартибда хулоса беради;
тузилган шартномаларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги ҳақида хулоса беради;
аудиовизуал асарларни, фонограммаларни ва ЭҲМ учун дастурларни тиклаш, реализация қилиш, прокатга бериш, фонограммаларни тайёрлашга лицензиялар беради, шунингдек лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;
патент-ахборот ва бошқа хизматлар кўрсатганлик учун тўлов миқдорларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида манфаатдор шахсларга методик ёрдам кўрсатади;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро кооперацияни ва ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича идоралараро ахборот ҳамкорлигини амалга оширади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади, интеллектуал мулк соҳасида кадрлар тайёрлаш чора-тадбирларини амалга оширади;
интеллектуал мулк соҳасида фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилади ва уларда қатнашади;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантириш учун интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилишнинг мақсади ва аҳамиятини кенг тушунтириш тадбирларини амалга оширади;
қонунчиликка мувофиқ интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;
интеллектуал мулк масалалари бўйича халқаро ва миллий илмий анжуманлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар ҳамда бошқа тадбирларни ташкил қилади ва уларда қатнашади;
интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш ва улардан қонуний фойдаланиш тўғрисидаги масалаларда аҳоли кенг қатламларининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш тадбирларини ўтказади;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро шартномалар тузиш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда киритади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси топшириғига биноан мазкур шартномаларни имзолайди;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида тегишли халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан музокаралар олиб боради, белгиланган тартибда идоралараро шартномалар тузади;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида хорижий патент идоралари, халқаро минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан патент ҳужжатларини ва патент-ҳуқуқий адабиётларни халқаро алмашишни амалга оширади, хорижий тажрибани ўрганиш ва ундан фойдаланишни ташкил этади;
интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга оширади ҳамда ушбу ҳамкорлик доирасида интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар ишларида қатнашади;
Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
7. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
ўз ваколатлари доирасида лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этишни юкловчи кўрсатмалар бериш;
ихтирочилик ва ижодиётнинг бошқа турлари соҳасидаги улкан ютуқлар учун Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини бериш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номи, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари, интеграл микросхемалар топологияси юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материалларни буюртмачилардан белгиланган тартибда сўраш;
интеллектуал мулк объектлари юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларнинг муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш, кўрсатиб ўтилган масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш учун буюртмачиларни ва уларнинг вакилларини таклиф этиш;
белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, интеллектуал мулк соҳасидаги илмий-методик ва ахборот материалларини, даврий нашрларни ҳамда бошқа матбаа маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун мамлакатимиздаги ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;
бюджетдан ташқари маблағлар жамғармаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириш;
ўз ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш.
Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажариш мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Агентлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.
9. Агентлик:
ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизматлар кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номи, интеграл микросхемалар топологиялари бўйича буюртманомаларни давлат экспертизасидан ўтказишнинг ўз вақтидалиги, сифати ва махфийлиги;
бюджет маблағларидан ва патент божлари ундириш маблағларидан, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов тушумларидан ҳамда Агентлик тасарруфида қоладиган бошқа маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан жавоб беради.
4-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
10. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошчилик қилади.
Бош директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари бўлади.
Бош директор моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директор ўринбосари — вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
11. Бош директор:
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Ходимларнинг умумий сони доирасида Агентлик тузилмасига ўзгартиришлар киритади, Агентликнинг штатлар жадвалини, шунингдек харажатлари сметасини тасдиқлайди;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Агентлик ходимларининг лавозим вазифаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Агентлик ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
ўз ваколатлари доирасида Агентлик ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради.
Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
патент божлари, ЭҲМ учун дастурларни ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ҳисобига белгиланган тартибда шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Бунда Агентлик ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади, ходимларни моддий рағбатлантириш ва Агентликнинг жорий таъминоти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
13. Агентликда Бош директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Бош директор тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:
Агентлик фаолиятининг интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва амалга ошириш бўйича ушбу Низомда назарда тутилган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;
Агентлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш.
Ҳайъат Агентлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Ҳайъат мажлисига Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.
Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Ҳайъат қарорлари Бош директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади.
Бош директор ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда, Бош директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда, мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёзма шаклда маълум қилишлари мумкин.
Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.
14. Агентликда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, интеграл микросхемалар топологиялари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарнинг келиб чиқиш жойлари номларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ апелляцияларни, шунингдек товар белгиларини Ўзбекистон Республикасида умумий эътироф этилган деб тан олиш тўғрисидаги аризаларни судгача кўриб чиқиш учун Апелляция кенгаши тузилади.
Апелляция кенгаши таркибига Бош директор, унинг ўринбосарлари, Агентликнинг энг малакали ва тажрибали ходимлари, шунингдек интеллектуал мулк соҳасидаги мустақил олимлар ва мутахассислар киради.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
15. Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг муҳим масалалари бўйича муаммоларни илмий таҳлил қилиш, кўриб чиқиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун Агентликда унинг юқори малакали ходимларидан, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар вакиллари, интеллектуал мулк соҳасидаги етакчи олимлар ва мутахассислардан Илмий-техника кенгаши тузилади.
Илмий-техника кенгаши тўғрисидаги низом ва унинг шахсий таркиби Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.
16. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларини, таълим муассасаларининг ўқитувчилар таркибини, патент соҳасидаги ваколатли ходимларни, тадбиркорлик субъектларини ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа манфаатдор шахсларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Агентлик ҳузурида Интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилади.
Интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув марказининг устави Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.
17. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.