O‘zbekiston Respublikasi Qonunchilik ma’lumotlari milliy bazasi
ONLINE TRANSLATE
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш оқибатлари

109-модда. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш оқибатлари 
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ 

Даъво аризаси кўрмасдан қолдирилганидан сўнг процессуал ва моддий ҳуқуқ нормалари нуқтаи назаридан оқибатлар юзага келади. Хусусан, даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, даъвогар иқтисодий судга умумий тартибда яна мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай оқибат иш юритишни тугатишдан келиб чиқадиган оқибатдан фарқ қилади, чунки даъво аризаси бўйича иш юритиш тугатилганидан сўнг қайта айни шу даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш имконияти мавжуд эмас. 
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 158-моддасига асосан, агар даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади. 
Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 282-сонли қарорининг 15-бандига асосан, Фуқаролик кодексининг 158-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра, ИПКнинг 107-моддасига асосан даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади. 
Фуқаролик кодексида даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган, яъни ИПКнинг 107-моддасида кўрсатилган бирорта ҳолатда, ҳатто даъво ИПК талабларига риоя этилган ҳолда берилган бўлса ҳам, (ИПК 107-моддасининг 6 — 9-бандлари), даъво муддатининг узилиши назарда тутилмаган. Шу муносабат билан, даъво кўрмасдан қолдирилганда, Фуқаролик кодексининг 157-моддаси қоидалари қўлланилмайди, яъни кўрмасдан қолдирилган даъво аризаси бўйича даъво муддатининг ўтиши у берилган пайтдан узилмайди. 
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим юқори инстанция суди томонидан бекор қилинган тақдирда, даъво муддатининг ўтиши даъво аризаси судга дастлаб берилган кундан бошлаб узилган ҳисобланади. 
Демак, мазкур ҳолатда даъво аризасининг кўрмасдан қолдирилиши натижасида даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади ва бу даъвогарга нисбатан келгусида моддий- ҳуқуқий оқибатларни юзага келтиради. 
Бундан ташқари, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш натижасида давлат божи даъвогар зиммасига юклатилиши билан боғлиқ молиявий оқибатлар юзага келиши мумкин бўлиб, бу ҳақида ИПКнинг 108-моддаси иккинчи қисмига берилган шарҳда батафсил тўхталиб ўтилган. 
Шуни назарда тутиш лозимки, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим чиқарилганидан сўнг даъво аризасига илова қилинган асл нусхадаги ҳужжатларнинг барчаси даъвогарга ажрим билан бирга қайтарилиши лозим.