O‘zbekiston Respublikasi Qonunchilik ma’lumotlari milliy bazasi
ONLINE TRANSLATE
Иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш тартиби

106-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш тартиби 
Иш юритишни тўхтатиб туриш, уни тиклаш тўғрисида ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида суд ажрим чиқаради.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади. 
Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ 

Иш юритишни тўхтатиш билан боғлиқ барча ҳолларда, жумладан иш юритишни тўхтатиб туриш, тиклаш, тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади ва ажрим нусхаси ИПКда белгиланган умумий тартибда ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади. Иш юритишни тўхтатиш билан боғлиқ суд ажримида иш юритишни тўхтатиш, уни тиклаш ёки уни тиклашни рад этиш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилиши керак. 
Иш юритишни тўхтатиб туриш билан боғлиқ чиқарилган ажримларнинг икки хил шакли, жумладан иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ва иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажримлар устидан шикоят қилиниши мумкин. Шу сабабли бундай ажримлар устидан шикоят бериш (протест келтириш) мумкинлиги кўрсатилади. 
Иш юритишни тўхтатиб туришни рад этиш ёки иш юритишни тиклаш тўғрисидаги ажримлар устидан шикоят қилинганда, апелляция шикоятини ИПКнинг 268-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мувофиқ қабул қилиш рад этилади. Бундай апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинган тақдирда эса ИПКнинг 273-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилади. 
Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, ишни кўриб чиқиш ИПКда белгиланган умумий тартибда биринчи инстанция суди томонидан давом эттирилади. Қоида тариқасида, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим чиқариш учун ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси асос бўлади ва бундай ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза қаноатлантирилади ва ишни кўриб чиқиш ИПКда белгиланган умумий тартибда биринчи инстанция суди томонидан давом эттирилади. 
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) ИПКда назарда тутилмаганлиги боис экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилган бўлиб, ушбу ажрим устидан шикоят берилган (протест келтирилган) бўлса, шикоят (протест)нинг фақат иш юритишни тўхтатиб туришга оид қисми кўриб чиқилади. Агар шикоят (протест) ажримнинг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан берилган бўлса, уни қабул қилиш ИПКнинг 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди, 291-моддаси биринчи қисмининг 2-банди, 14-моддасининг 3-бандига асосан рад этилади. Агар ариза (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ИПКнинг 273-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига, 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, назорат шикояти (протести) бўйича эса 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда шикоят (протест) кўриб чиқилаётган инстанцияда тугатилади. Бу ҳақида Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 261-сон қарорининг 9-бандида тушунтириш берилган.