O‘zbekiston Respublikasi Qonunchilik ma’lumotlari milliy bazasi
ONLINE TRANSLATE
Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси

86-модда. Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси 
Эксперт ёки экспертлар комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади. 
Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган судья тўғрисидаги маълумотлар; эксперт тўғрисидаги (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақидаги маълумотлар; экспертнинг била туриб нотўғри хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; экспертнинг олдига қўйилган масалалар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар; текширишларнинг қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолдаги мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак. 
Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд- экспертиза муассасасида ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган суднинг талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади. 
Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса қўйилган айрим саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши керак. 
Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган судга юборилади. 
Хулоса суд мажлисида текширилади ҳамда бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланади.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ 

Эксперт хулосаси — суд томонидан берилган иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги суднинг буйруғи асосида, эксперт томонидан ўтказилган объектлар (материаллар)ни махсус ўрганиш натижасида аниқланган ёзма баённома (ёки далолатнома). 
Эксперт ёзма равишда хулоса беради. Эксперт хулосасида тадқиқотнинг батафсил тавсифи, натижада олинган хулосалар ва суд томонидан берилган саволларга жавоблар бўлиши керак. Агар эксперт кўздан кечириш жараёнида бирор ҳолат ишнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши билан боғлиқ бўлиб, аммо унга нисбатан экспертга савол қўйилмаган бўлса, у ўз нуқтаи назарига кўра ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларни киритишга ҳақлидир. 
Эксперт ёзма хулосани тузади, унда қачон, ким томонидан (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, мутахассислиги, илмий даражаси ва унвони, эгаллаб турган лавозими), экспертиза қайси асосда ўтказилганлиги, эксперт қандай намуна ва материаллардан фойдаланганлиги ёки ишлатганлиги кўрсатилади. Эксперт тадқиқотларига ким жалб қилингани, қандай тадқиқотлар олиб борилгани, эксперт қандай саволларга дуч келгани ва уларга асосли жавобларни ёзиши лозим. 
Эксперт хулосаси, қоида тариқасида, уч қисмдан иборат: кириш, тадқиқот ва хулосалар. 
Кириш қисмида ўрганишни шахсийлаштирадиган зарур маълумотлар акс эттирилади: суд экспертизасининг номи, экспертларнинг сони; экспертизани тайинлаган органнинг номи; эксперт (экспертлар) тўғрисидаги маълумотлар; экспертларнинг малакаси, иш стажи, лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; кўрсатилган давлат суд-экспертиза муассасасида ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилотида экспертиза ўтказиш учун материаллар қабул қилинган сана ва ҳисобот имзоланган сана; экспертиза ўтказиш учун асослар (қарор ёки қачон ва ким томонидан қабул қилинганлиги); экспертизага олинган материалларнинг номи, етказиб бериш усули ва ўрганилаётган объектларнинг қадоқлаш тури; эксперт томонидан эълон қилинган қўшимча материалларни, уларни кўриб чиқиш натижалари; ишнинг хулоса чиқариш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлари; текширув пайтида иштирок этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими). 
Тадқиқот қисмида эксперт ўзи ўтказган тадқиқотнинг бориши ва натижаларини тавсифлайди. Эксперт тадқиқотлари объектларининг ҳолатини ҳамда эксперт тадқиқотининг амалий усулларини баён қилади, тажрибани ўтказиш, намуналар олиш шартлари, кўтарилган масалаларни ҳал қилишда экспертга тақдим қилинган маълумотнома ва норматив ҳужжатлар ҳам акс этиши лозим. Ишда фойдаланилган манбалар тўғрисидаги маълумотлар, расмлар, иловалар, фотосуратлар жадвалларига ҳаволалар ва зарур тушунтиришлар берилиши лозим. Суд эксперт олдига қўйган саволларга жавоб беришнинг иложи бўлмаса, бу ҳолатнинг сабаблари кўрсатилиши лозим. 
Хулоса — бу берилган барча саволларга жавобларни тўплайдиган хулосанинг якуний қисми.
Экспертнинг фикри суд учун мажбурий эмас ва суд томонидан процессуал қоидаларга мувофиқ баҳоланади. Эксперт хулосаси суд қарори ёки ажрими билан асосланиши керак.