O‘zbekiston Respublikasi Qonunchilik ma’lumotlari milliy bazasi
ONLINE TRANSLATE
Никоҳдан ажратилганда эр (хотин)нинг ўз фамилиясини ўзгартириши

46-модда. Никоҳдан ажратилганда эр (хотин)нинг ўз фамилиясини ўзгартириши

Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

Никоҳ тузаётган шахслар эр-хотиндан бирининг фамилиясидан фойдаланган ҳолда умумий фамилия танлаш, фамилияларни (иккита фамилияларни) қўшиш йўли билан шакллантириш ёки ҳар бири никоҳгача бўлган фамилиясида қолиш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг 46-моддасига асосан, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. ФҲДЁ органларида никоҳни бекор қилишда (Фуқаролик кодексининг 42 ва 43-моддалари) Оила кодексининг 220-моддаси ҳамда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 111 ва 114-бандларига 104-бандига кўра, эр ёки хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиши тўғрисидаги истаги никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризасида кўрсатилиши керак.

Агар никоҳни бекор қилиш судда амалга оширилса, бу истак даъво аризасида кўрсатилади. Олий Суд Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 30-бандида никоҳни судда бекор қилиш тартиби белгиланган, бироқ фамилияни ўзгартириш масаласи тарафларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Бунда фамилияни ўзгартириш Оила кодекси 220-моддаси асосида никоҳдан ажралишни қайд этишда ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 111- бандига биноан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суд қарорини олгандан сўнг, эр-хотинлардан бири никоҳдан ажратишни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан ФҲДЁ органига мурожаат қилиши керак, шундан сўнг никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.