Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 26 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 19 январда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 19 январда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳамда энергияни тежовчи технологияларнинг жорий этилишини жадаллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни янада қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига «яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритишга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга тааллуқли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига «яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлар фойда солиғини солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар эканлигини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.
Ушбу Қонун ижтимоий ва уй-жой коммунал соҳаларда ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларидаги энергия тақчиллигини бартараф этишга ҳамда инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни ва рағбатлантириш механизмларини белгилашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 21 майда қабул қилинган «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги ЎРҚ-539-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 5, 264-модда; 2020 йил, № 11, 652-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 6, 570-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 3-модда:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«яшил энергия» сертификати — қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат»;
тўртинчи — саккизинчи хатбошилари тегишинча бешинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) 4-модда:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«яшил энергия» сертификатлари тизимини ривожлантириш»;
саккизинчи хатбошиси тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
3) 6-модда иккинчи қисмининг бешинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг давлат ҳисобини юритиш тартибини;
«яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартибини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади»;
4) 15-модда қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетикаси тизимига улаш фақат ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда) 304-моддаси қуйидаги мазмундаги 21-банд билан тўлдирилсин:
«21) қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг «яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлари».
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 февраль,
ЎРҚ-906-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2024 й., 03/24/906/0108-сон)