LexUZ шарҳи
Мазкур шартнома Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 1 июндаги ЎРҚ-433-сонли «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида Шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонуни билан ратификация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон ва Туркманистон халқларининг тарихий ва маданий умумийликлари, дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини инобатга олган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида 1996 йил 16 январдаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида 2004 йил 19 ноябрдаги Шартнома, шунингдек Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида 2007 йил 18 октябрдаги Шартномага асосланиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми мақсад ва принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқлаб,
икки томонлама муносабатларни ўзбек-туркман ҳамкорлиги замонавий ривожининг салоҳияти ва ҳақиқий эҳтиёжларига муносиб бўлган сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик асосида шартномавий-ҳуқуқий мустаҳкамланиши барча йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишига бўлган ишончдан келиб чиқиб,
Мазкур Шартномага мувофиқ Томонлар узоқ муддатли ва барқарор стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдилар ҳамда уларни суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик, тинч-тотув яшаш ва ўзаро ишонч принципларига таянган ҳолда ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олдилар.
Томонлар, энг аввало, олий ва юқори даражада мунтазам учрашувлар механизмидан фойдаланиб ва уни такомиллаштириб, ўзаро аҳамиятга молик бўлган икки томонлама муносабатлар масалалари ва долзарб халқаро муаммолар бўйича мунтазам фикрлар алмашган ҳамда позицияларни келишган ҳолда стратегик шерикликни мустаҳкамлайдилар.
Томонлар бошқа Томон суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зиён келтирувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан, шу жумладан учинчи давлатлар билан шартномалар тузишдан тийилиш мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлайдилар. Томонлардан ҳеч бири ўз ҳудудидан бошқа Томон давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зиён келтирган ҳолда учинчи давлатларнинг фойдаланишига йўл қўймайди.
Томонлар ўзаро хавфсизлик манфаатларига ёки улардан бирининг хавфсизлик манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият юзага келган тақдирда, бундай вазиятни бартараф этиш бўйича позицияларни келишиб олиш ва амалий чора-тадбирларни мувофиқлаштириш учун ўзаро келишув асосида тегишли маслаҳатлашувлар механизмини ишга соладилар.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган чуқур ўйланган ташқи сиёсатни ҳамда Туркманистоннинг доимий нейтралитет мақомини ҳурмат қилган ва қўллаб-қувватлаган ҳолда, ташқи сиёсий соҳада ўзаро ишонч ва стратегик ҳамжиҳатликни ҳар томонлама мустаҳкамлайдилар.
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотида, унинг ихтисослашган муассасаларида ва бошқа кўп томонлама давлатлараро тузилмаларда ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантирадилар. Томонлар ўз миллий манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни кўриб чиқишда бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар ҳамда ўз позицияларини келишиб олиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
Томонлар Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома ва унинг барча кўринишларида тарқатмаслик режимини самарали амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар БМТнинг глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларига кўмаклашиш мақсадида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома доирасида ҳамкорлик бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттирадилар.
Томонлар ўзаро манфаатдорлик асосида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман Қўшма комиссиясининг режалаштирувчи ва мувофиқлаштирувчи ролидан тўлиқ ҳажмда фойдаланган ҳолда, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, инвестициявий, нефт ва газ, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама амалий ҳамжиҳатликни ҳар томонлама ва мувозанатлашган тарзда ривожлантирадилар.
Томонлар ўз қонунчиликлари ва улар иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларга мувофиқ, шунингдек ўзаро манфаатдорлик асосида ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқадилар, хўжалик юритувчи субъектлар ва ишбилармон доиралар ўртасида икки томонлама ҳамкорликни изчиллик билан ҳар томонлама ривожлантирадилар.
Томонлар ўз қонунчиликлари ва улар иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, товар айланмаси барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг тузилмасини диверсификация қилиш, тизимли ва узоқ муддатли асосларда ўзаро маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга оширадилар.
Томонлар ҳар иккала Томон иқтисодий манфаатларига мос келадиган ҳамда халқаро бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминлайдиган ишончли ва хавфсиз транспорт йўлакларини яратишни қўллаб-қувватлайдилар ва шу муносабат билан улар иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларни амалий татбиқ этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттирадилар.
Томонлар миллий ва халқаро транспорт инфратузилмаларини биргаликда ривожлантириш ва улардан фойдаланиш, уларнинг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш, шунингдек ўз ҳудудларида юкларни транзит ташишни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар билан таъминлаш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.
Томонлар Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг адолатли тизимини ривожлантиришда сув-энергетика соҳасидаги барча масалаларни ҳал қилишни, шу жумладан трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотлар барпо этишни халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига мувофиқ ва мазкур минтақа барча давлатларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширишни назарда тутувчи ўзаро келишилган ягона позицияни эгаллайдилар.
Томонлар экологик вазиятни соғломлаштириш, Марказий Осиё сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида минтақа мамлакатларининг ҳамкорлиги учун универсал платформа ҳисобланган Оролни қутқариш Халқаро Фонди фаолиятини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар атроф муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш учун зарурий чоралар кўрадилар. Томонлар экологик ҳалокатлар ва табиий муҳитга антропоген, шу жумладан трансчегаравий жиҳатдан таъсир оқибатларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида ҳамкорлик қиладилар ҳамда алоҳида халқаро шартномалар асосида иккала давлат тегишли идораларининг алоқаларига кўмаклашадилар.
Томонлар трансмиллий уюшган жиноятчилик ва хавфсизликка янги таҳдид ва хуружларнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирадилар ва бирлаштирадилар.
Томонлар фан ва техника, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият, туризм ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада рағбатлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар.
Томонлар ўз ваколатли органлари, илмий, маданий, ижодий, жамоат ташкилотлари ва уюшмалари ўртасида алоқа ва алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, кўрсатилган йўналишларда қўшма дастур ва чора-тадбирларни амалга ошириш орқали гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттирадилар.
Томонлар ўз қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар ҳамда икки давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларга ҳар томонлама кўмаклашадилар.
Томонлар ўзлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалар, шунингдек ўз қонунчиликларига мувофиқ бир Томон ҳудудида бошқа Томон юридик ва жисмоний шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун самарали чора-тадбирларни амалга оширадилар.
Мазкур Шартнома учинчи давлатларга қарши қаратилмаган ва Томонларнинг улар иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Томонлар мазкур Шартнома қоидаларини амалга оширишда. вужудга келиши мумкин бўлган низо ва келишмовчиликларни музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Шартномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин бўлиб, улар мазкур Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ҳамда Шартноманинг 16-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
Мазкур Шартнома ратификация қилиниши лозим ҳамда ратификация ёрлиқлари алмашинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Шартноманинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Шартнома амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.