Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис Б. Мирбобоев, судьялар А. Ғафуров, С. Кошаева, Б. Миралимов, Г. Пиржанов, К. Улжаев ва Ф. Каюмовдан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни 14-моддасига амал қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақидаги ишни очиқ мажлисида кўриб чиқди.
Масала «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 25-моддасига мувофиқ фуқаро С. Якубжановнинг Конституциявий судга мурожаати муносабати билан судьялар А. Ғафуров, С. Кошаева ва Б. Миралимовнинг ташаббуси билан киритилди.
Фуқаро С. Якубжанов Конституциявий судга йўллаган мурожаатида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 143-моддасининг иккинчи ва тўртинчи қисмларидаги суд мажлисининг аудиоёзуви (овоз ёзуви) суд рухсати билан амалга ошириладими ёки бу мажлис залида ҳозир бўлганларнинг ҳуқуқими, деган савол билан мурожаат қилиб, шарҳ беришни сўраган.
Ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 143-моддасининг иккинчи қисмида «суд ташаббусига кўра ёки маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин» деб кўрсатилган.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида эса «мажлис залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма олиб бориш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади» деб белгиланган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 143-моддасининг иккинчи қисми ва Иқтисодий процессуал кодекс 165-моддасининг иккинчи қисмидаги талаблар суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқларини чекланишига олиб келади ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига мувофиқ эмас. Бу, агар суд ишларини юритиш иштирокчисининг илтимосномаси қаноатлантирилмаса унинг овоз ёзиб олиш ҳуқуқи бўлмайди, ваҳоланки мажлис залида ҳозир бўлган ҳар қандай шахс суднинг рухсатисиз овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга эканлигини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддасида «Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади» деб белгиланган. Конституциянинг ушбу моддаси мазмунидан маъмурий, иқтисодий ва бошқа ишлар бўйича одил судлов асосан суд муҳокамасининг ошкоралиги принципига мувофиқ амалга оширилиши лозим деган хулоса келиб чиқади.
Бироқ, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 143-моддасининг иккинчи қисми ва Иқтисодий процессуал кодекс 165-моддасининг иккинчи қисмининг мазмунига кўра, суд ишларини юритиш иштирокчисининг илтимосномасини муҳокама қилиб, суд овоз ёзиб олишга рухсат бериши ёки рухсат бермаслиги мумкин. Ваҳоланки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 143-моддаси тўртинчи қисми ва Иқтисодий процессуал кодекс 165-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, мажлис залида ҳозир бўлганлар суднинг рухсатисиз овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари юқорида қайд қилинган кодексларнинг суд мажлисида овоз ёзиб олиб бориш бўйича нормалари Фуқаролик процессуал кодекси нормаларидан фарқ қилади. Яъни, Фуқаролик процессуал кодекси 208-моддаси тўртинчи ва олтинчи қисмларида суд мажлисининг овоз ёзувини олиб борилишига суд процесси иштирокчиларининг илтимосномаси билан ҳамда тарафларнинг розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади деб белгиланган.
Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 14, 31, 32, 33-моддаларига, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди: