[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.03.00.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича ҳамкорлик / 19.03.06.00 Фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Халқаро шартномалар (битмлар)]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
2019 йил 1 ноябрь, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2019 йил 1 ноябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки томонлама дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорликка кўмаклашиш истагида,
фан ва технологияларни ривожлантириш зарурлиги ва уларнинг иқтисодий ўсиш учун муҳимлигини эътироф этган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимнинг мақсади илмий-техникавий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар иккала мамлакатдаги илмий ҳамжамиятлар ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш ва кенгайтириш, ўзаро қизиқиш уйғотадиган соҳаларда илмий-техникавий ҳамкорликка кўмаклашиш ҳисобланади.
2-модда
Томонлар фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни қуйидаги шаклларда ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар:
фан, технологиялар ва ишлаб чиқаришдаги ютуқларни ўрганиш мақсадида тадқиқотчилар ва экспертлар билан алмашиш, билимларни тарқатиш ва маърузалар ўтказиш;
тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва корхоналарни ўзаро қизиқиш уйғотадиган лойиҳаларга нисбатан тадқиқотлар, технологик инновациялар ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатишга рағбатлантириш;
илмий-технологик тадқиқотлар, ишланмалар ва инновациялар соҳасидаги ўзаро қизиқиш уйғотадиган лойиҳаларни ўзаролик принципидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, Томонлардан ҳар бирининг мавжуд молиялаштириш манбаларидан келиб чиққан ҳолда биргаликда молиялаштириш;
академик конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, ўқув курслари ва кўргазмаларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш;
илмий-техникавий маълумотлар, ғоялар, адабиётлар, нашрлар, материаллар ва ускуналар билан алмашинув;
икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича технологияларни ривожлантириш ва жорий этиш соҳасида қўшма илмий-тадқиқот ва инновация марказлари, лабораториялар ва технопаркларни ташкил этиш;
Томонлар давлатларида илмий-техникавий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги ва юқори технологияларни илгари суриш;
илмий-техникавий ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли бошқа шакллари.
3-модда
Мазкур Битимнинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида Томонлар ўз ваколатли органларини тайинлайдилар:
Хитой томонидан — Хитой Халқ Республикаси Фан ва технологиялар вазирлиги;
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги.
Ваколатли органлар ўзгарган тақдирда, Томонлар бир-бирларини дипломатик каналлар орқали дарҳол хабардор қиладилар.
4-модда
Томонлар давлатларининг қонунчилигига ва уларнинг давлатлари иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномаларга мувофиқ Томонлар интеллектуал фаолият натижаларини муҳофаза қилиш, биргаликда олинган интеллектуал мулк ва олдинги интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар.
5-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш доирасида биргаликдаги фаолият натижасида олинган илмий-техникавий маълумот учинчи шахсларга бошқа Томоннинг ёзма розилиги билан берилиши мумкин, тижорат сирини ташкил этадиган маълумотлар бундан мустасно.
6-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш учун бошқа Томон давлатига юборилган барча шахслар бўлиб турган давлатда амалда бўлган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш мажбуриятини оладилар.
7-модда
Мазкур Битимни қўллаш ва (ёки) талқин қилиш билан боғлиқ низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ёки музокаралар орқали ҳал этилади.
8-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битимнинг амал қилиши, башарти Томонлардан бири тегишли муддат тугагунга қадар камида уч ой олдин ёзма шаклда бошқа Томонни унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Ҳар қайси Томон Битимни бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали бекор қилиши мумкин. Мазкур Битимнинг амал қилиши бундай хабарнома тегишли Томон тарафидан олинган санадан ўттиз кун ўтгач тугатилади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши
5-модданинг
амал қилишига ва мазкур Битим амал қилиши вақтида амалга оширилаётган ва унинг тугалланиш вақтида якунланмаган дастурлар, лойиҳаларга дахл қилмайди.
10-модда
Мазкур Битим кучга кирган кундан эътиборан Пекин шаҳрида 1992 йил 13 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги
Битимнинг
амал қилиши тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2019 йил 1 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)