Ўзбекистон республикаси олий кенгашининг
Қарори
«БАНКЛАР ВА БАНК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан ўз аҳамиятини йўқотган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 25 апрелдаги 217-I-сон қарорига қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилиниши биланоқ кучга киритилсин.
2. Республикада ягона пул-кредит сиёсатини юритиш, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва аҳолига ҳисоб-китоб хизмати кўрсатишни яхшилаш, шунингдек банклар фаолиятини тартибга солишни таъминлаш мақсадида СССР Давлат банкининг Ўзбекистон республика банки Ўзбекистон Республикаси Давлат банкига айлантирилсин, у республиканинг Марказий банки деб ҳисоблансин.
3. «Ўзбекистон» акционерлик-тижорат банки тугатилсин, унинг шуъбалари эса республика акционерлик-тижорат банкларига: шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси саноат-қурилиш банкига, районларда эса Ўзбекистон Республикаси аграр-саноат банкига ўтказилсин.
4. Республика ҳудудида ишлаётган ва янги тузилаётган барча банклар бошқа иттифоқдош республикаларнинг ва ССР Иттифоқининг банки таркибига кирмаслиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат банкида рўйхатдан ўтказилиши шартлиги белгилаб қўйилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат банки 1991 йилнинг 1 июнига қадар республика акцияли-тижорат банклари ва уларнинг муассасаларини рўйхатдан ўтказишни ниҳоясига етказсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат банки 1991 йилнинг 1 июлига қадар аудитор ташкилотларнинг тузилишини таъминласин. Бу ташкилотлар тузилгунга қадар уларнинг вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат банкининг тафтиш хизмати бажариши белгилаб қўйилсин. Шу муносабат билан Саноат-қурилиш банки, Аграр-саноат банки, «Ўзбекистон» тижорат банкидаги тафтиш хизматлари тугатилади ва улар Ўзбекистон Республикаси Давлат банки ихтиёрига ўтказилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинети:
1991 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ҳолга келтирилсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари ушбу Қонунга зид бўлган норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқишини ва бекор қилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
206-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 85-модда, 11-сон, 273-модда)