10.10.2001 йилдаги -сон
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ажрими
Kuchga kirish sanasi
17.10.2001
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 3-банди ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунининг 1-моддасига амал қилиб очиқ мажлисда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 59-моддасини шарҳлаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқди.
Ишни кўриб чиқишга «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, Солиқ кодексининг 59-моддасининг қоидаларини тушунишда мавжуд бўлган ноаниқликлар ва ҳуқуқни татбиқ қилувчи органлар томонидан ушбу қоидаларни қўллашдан келиб чиққан камчиликларни аниқлаган судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов, С. Ҳакимованинг ташаббуслари асос бўлди.
Фуқаро С. Муродхўжаевнинг Солиқ кодексининг 59-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ имтиёзга бўлган Конституциявий ҳуқуқининг бузилганлиги ҳақидаги мурожаати мазкур масалани кўриб чиқишга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига фуқаро С. Муродхўжаев ўзининг Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 59-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган имтиёзларга бўлган ҳуқуқининг бузилганлиги ҳақида мурожаат қилган. С. Муродхўжаев акциядор сифатида республиканинг «Ўзуйжойжамғармабанк», «Авиабанк» АТБ, «Алоқабанк» АТБ, «ХИФБанк» ХАТБ ва бошқа банкларидан дивидендлар олган.
Солиқ кодексининг 59-моддаси 2 «б»-бандига мувофиқ С. Муродхўжаев жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқ бўйича ҳар бир тўлиқ ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида имтиёз ҳуқуқига эга.
Худди шу мазмундаги, яъни Солиқ кодекси 59-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлар дивиденд ва фоизларга татбиқ қилиниши ҳақидаги тушунтириш Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан 2001 йил 19 январда 15/1-398-сонли хат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига юборилган.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, ушбу Қонунда белгиланган шаклда қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида қонун ҳужжатлари нормаларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб ҳисобланади. Шу Қонуннинг 5-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланувчи ҳужжатларнинг турлари санаб ўтилган.
Солиқ кодексининг 59-моддаси нормаларини нотўғри тушунилиши ва қўлланиши нафақат С. Муродхўжаев, балки тегишли имтиёзларга ҳақли бўлган бошқа акциядорлар учун ҳам маълум ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарганлиги сабабли Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг шу моддасига шарҳ бериш зарур деган хулосага келди.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ «Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт».
Конституциянинг 51-моддасига мувофиқ «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар».
2. Солиқ кодексининг 11-моддаси 2-бандига мувофиқ, «солиқ тўловчилар ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ва асосларда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар».
3. Солиқ кодексининг 50-моддасида жисмоний шахсларнинг мулкий даромадига фоизлар, дивидендлар бўйича олинган даромадлар ва мол-мулкни ижарага беришдан келадиган даромадлар кириши белгиланган. Мазкур Кодекснинг 56-моддасига мувофиқ «жисмоний шахсларга тўланадиган дивидендлар ва фоизларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган ставкалар бўйича тўлов манбаида солиқ солинади». Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 декабрдаги 541-сонли қарорининг 6-сонли иловасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг дивидендлари бўйича даромадига 15 % миқдорда солиқ солинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 59-моддасида жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқдан озод қилиш тартиби белгиланган. Шу модданинг иккинчи бандига мувофиқ, жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқни тўлашдан қисман, ҳар бир тўлиқ ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида озод қилинадилар.
Солиқ кодексининг 63-моддасида жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқни тўлов манбаида ушлаб қолиш тартиби назарда тутилган. Шу модданинг биринчи қисмига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқни тўлов манбаида ушлаб қолишни тўловларни амалга оширувчи юридик шахслар амалга ошириши шарт.
Солиқ кодекси асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўланиши тартиби тўғрисида йўриқнома» ишлаб чиқилган ва у Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йилнинг 11 июнда 444-сон билан рўйхатга олинган (444-1, 444-2, 444-3-сонли ўзгартиш ва қўшимчалар билан). Лекин мазкур йўриқномада Солиқ кодексининг 59-моддаси иккинчи қисмида белгиланган имтиёзлардан фойдаланадиган солиқ тўловчига дивиденд ва фоизларни тўлаш манбаида солиқни қандай ушлаб қолиш керак деган саволга жавоб йўқ, яъни имтиёзлардан фойдаланувчи акционерлар учун солиқ солишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилмаган.
Юқорида баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1, 19, 25, 26 ва 27-моддаларини қўллаб, таҳлил қилинаётган нормаларни тушуниш ва татбиқ қилишнинг бир хилда эмаслигини қайд қилиб, Солиқ кодексининг 59-моддасига шарҳ берилиши муносабати билан Конституциявий суд қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 59-моддасида назарда тутилган имтиёзлар дивидендлар ва фоизлар бўйича олинадиган даромадларга ҳам татбиқ қилинади.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 59-моддасини татбиқ қилиш билан боғлиқ бўлган ўзларининг идоравий ҳужжатларини мазкур тўхтамга мослаштирсинлар.