Фармонга мувофиқ:
1) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг (баҳолаш) соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартиби жорий қилинниши белгиланди. Бунда:
а) соддалаштирилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин қуйидаги тартибга солиш воситалари баҳоланади ва баҳолаш натижалари юзасидан Адлия вазирлигининг дастлабки хулосаси олинади:
жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш, уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз, преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини жорий қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш ёки қисқартириш;
б) кенгайтирилган тартибда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари баҳоланади:
соддалаштирилган баҳолаш натижалари бўйича иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсири даражаси юқори деб топилган лойиҳалар;
Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда баҳолаш соҳасидаги ваколатли органлар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифига кўра кенгайтирилган баҳолашдан ўтказилиши лозим деб топилган лойиҳалар;
2) Амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш фаолиятини комплекс ташкил этиш ва бу борада жорий этилган институтларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши белгиланди:
а) ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ҳуқуқий нормаларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргандан сўнг:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилишини таҳлил қилиш, унинг ижросини таъминлаш ҳамда баҳолаш учун статистик маълумотларни йиғиш мақсадида ҳар йили масъул давлат органи томонидан мониторинг олиб борилади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилганлиги ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида қонуности ҳужжатлари ҳар уч йилда масъул давлат органи томонидан баҳолашдан ўтказилади;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг мониторинги ва баҳолашдан ўтказилишига масъул бўлган давлат органи кўрсатилади;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мониторинги ва баҳолаш натижалари мажбурий равишда Адлия вазирлигига тақдим этилади ҳамда масъул давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;
б) қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқий мониторинги тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида ўтказилади;
в) қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича комплекс режа ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
г) комплекс режа ижроси бўйича Адлия вазирлиги ҳисоботи Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясига тақдим этиб борилади.
3) Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазир котибияти таркибида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертиза бўлими ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди;
4) Стратегик режалаштириш ва методология бўйича таркибий бўлинмалар, қоида тариқасида, тегишли соҳа мутахассислари, иқтисодчи, ҳуқуқшунос мутахассислигига эга ходимлар билан жамланади ҳамда уларнинг ҳар 2 йилда камида 1 марта мажбурий равишда малакасини ошириш тартиби жорий этилиши белгиланди.
5) Давлат органларининг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини баҳолашдан ўтказиш фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш, ходимларни рағбатлантириш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш рейтинги (Рейтинг) жорий этилди;
6) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
Адлия вазирлиги томонидан ҳар йили йил якунлари бўйича Рейтинг аниқланади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;
Рейтингда дастлабки уч ўринни эгаллаган давлат органларининг баҳолашга масъул ходимлари тегишли давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик меҳнат ҳақи фондининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик моддий рағбатлантирилади;
Рейтинги паст давлат органларининг фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади.