ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 23.07.2024 йилдаги ПФ-104-сон

Фармонга мувофиқ:

1) 2024 — 2026 йилларда “Ўзмиллийбанк” АЖ иштирокида Бухоро ва Наманган вилоятларида 1 тадан ҳамда Тошкент шаҳрида 2 та заргарлик марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди;

2) Ушбу Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган заргарлик марказларида фаолият юритаётган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотишда:

90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига — фоиз ҳисобланмаслиги;

91-кундан бошлаб 180-кунгача амалга оширилган тўловлар қисмига — йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз ҳисобланиши белгиланди;

3) Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни молиявий ресурслар билан таъминлаш, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва миллий брендларни жаҳон бозорларида илгари суриш мақсадида:

а) Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги мақсадли ресурслари тижорат банкларига уларнинг буюртмаларига асосан 5 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 3 фоиз бандга паст фоиз ставкада депозитга жойлаштирилади. Бунда:

тижорат банклари томонидан депозитга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмларини харид қилиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш мақсадларига 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача бўлган муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасида (шундан 3 фоиз банк маржаси) миллий валютада кредитлар ажратилади;

депозитга жойлаштирилган маблағларга нисбатан Марказий банкда шакллантириладиган мажбурий резерв талаблари қўлланилмайди;

б) 2024 йил 1 августдан бошлаб хорижий кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун олиб чиқиладиган тайёр заргарлик буюмларини “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимига жойлаштиришда божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида ундирилади. Бунда тадбиркорлик субъектларига:

ушбу заргарлик буюмларини кўргазма ва ярмаркаларда сотиш ҳамда уларни инвойс асосида “экспорт” божхона режимига жойлаштириш;

заргарлик буюмларини кўргазма ва ярмаркаларда сотишдан тушадиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ўз ҳисоб рақамларига, шу жумладан банк ўтказмалари орқали ёки нақд пул шаклида киритиш ҳуқуқи берилади;

в) 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар:

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилиши;

“Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма савдоси доирасида Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ҳамда кейинчалик қайтариб олиб чиқиладиган заргарлик буюмларига нисбатан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда божхона йиғимлари ундирилмаслиги белгиланди;

4) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимларига қуйидагиларни амалга оширишга рухсат этилиши белгиланди:

заргарлик буюмлари билан чакана савдо қилиш, уларни тамғалаш ва асиллик даражасини аниқлаш қоидаларига риоя этилишини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказиш;

назорат тадбирларини ўтказиш жараёнларига “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси мутахассисларини жалб қилиш;

заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолиятини бошлаш (тугатиш) тўғрисидаги хабарномаларни қабул қилиш, мазкур соҳада лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя қилмасдан фаолият юритаётган шахсларни аниқлаш ва уларга зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича кўмаклашишга оид функцияларини аутсорсинг асосида Савдо-саноат палатасига бериш;

5) 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб:

чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади. Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябрга қадар расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмаслиги;

қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилиши;

Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилиши белгиланди;

жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилиши;

2027 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилиши белгиланди;

6) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

а) “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларни ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни олтин изловчилар усулида қазиб олувчи тадбиркорлик субъектларини ҳам аъзоликка қабул қилишга рухсат этилиши;

б) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб 2027 йил 1 сентябрга қадар:

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари учун белгиланган солиқ имтиёзлари “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ этилиши;

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкалари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилиши белгиланди.