ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 03.06.2024 йилдаги ПФ-84-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тугатилди;

2) Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (Инспекция) ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди;

3) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилиши:

йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;

алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш;

б) яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилиши;

в) қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) белгиланган тартибда бекор қилиниши;

г) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари улгуржи реализациясига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилиши;

д) ҳар ярим йил якунлари бўйича ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлганда, белгиланган 60 фоизнинг бажарилмаган қисмига акциз солиғи суммасининг 50 фоизи миқдорида молиявий жарима ҳисобланиши белгиланди;

4) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

2025 йил 1 январгача ишлаб чиқариш қувватларидан ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳамда истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари қолдиқлари устидан назоратни амалга ошириш мақсадида истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно) ишлаб чиқарувчи ҳар бир корхонага Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари бириктирилади;

ишлаб чиқарувчи “Лицензия” ахборот тизими орқали лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида Инспекция томонидан Солиқ қўмитаси билан биргаликда солиқлар ва йиғимларнинг тўлиқ тўланганлиги ҳамда истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг қолдиқлари хатловдан ўтказилади;

5) 2024 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида истеъмол этил спирти алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун катта лотлар, бошқа ишлаб чиқарувчилар (хизмат кўрсатувчилар) учун эса — кичик лотлар орқали сотилиши белгиланди;

6) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб истеъмол ва техник этил спирти харид қилган ишлаб чиқарувчилар томонидан Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг ахборот тизимига харид қилиш жараёнида жойлаштирилган истеъмол ва техник этил спиртидан фойдаланиш мақсадларидан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланганда, охирги 12 ойда биржа савдоларида харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти ҳажмига ҳисобланадиган акциз солиғи суммасининг 2,5 баравари миқдорида солиқ органлари томонидан молиявий жарима қўлланилиши белгиланди;

7) Инспекцияга истеъмол ва техник этил спиртини масофавий онлайн кузатиш (GPS) тизими ўрнатилмаган, электрон ҳисобварақ-фактурасиз, товар-транспорт юк хатисиз ҳамда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаларига юклаш ва ташиш ҳолатлари лицензия талабларини бузиш деб баҳоланиб, лицензиянинг амал қилишини 10 кун муддатга тўхтатиб туриш ваколати берилди.

Бунда ушбу бандда назарда тутилган лицензия талаблари 1 йил ичида такроран бузилган тақдирда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида молиявий жарима қўлланилади;

8) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали тамаки маҳсулотларининг транзити учун қуйидаги талаблар жорий этилади:

товар ишлаб чиқарилган мамлакат сертификати, уни етказиб бериш шартномаси (битими), товарлар бир нечта қисмга ажратилиб, транзит йўли билан ташилган тақдирда, уни олиб ўтиш жадвалининг мавжудлиги;

юк олиб ўтувчи томонидан тегишли божхона тўловларининг суммаси Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказилганлиги;

тамаки ташувчи транспорт воситаларининг фақат инспекцион кўрик мажмуалари билан жиҳозланган чегара божхона постлари орқали ўтказилиши;

қабул қилувчи давлатнинг акциз маркаси бўлган тамаки маҳсулотларини республика ҳудудидан транзит олиб ўтишга рухсат этилиши, бундан акциз маркаси қўлланилмайдиган давлатлардан импорт қилиш ёки уларга экспорт қилиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ акциз маркаси талаб этилмайдиган ҳолатлар мустасно.