ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 16.02.2024 йилдаги ПФ-36-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга кўра:

а) халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 220 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар 2024 йил 1 мартга қадар тижорат банкларига йўналтирилади. Бунда тижорат банклари томонидан йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан банк маржаси 4 фоиз) миллий валютада:

озиқ-овқат йўналишидаги, соҳада маҳсулот етиштиришдан тортиб уни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун – 10 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан;

айланма маблағлар учун – 18 ой муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан имтиёзли кредитлар ажратилади;

б) экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчи корхоналарга экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун 2 йил муддатгача улар томонидан охирги 12 ой давомида экспорт ҳажми:

100 минг АҚШ долларидан 1 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 100 минг АҚШ долларигача;

1 миллион АҚШ долларидан 2 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 1 миллион АҚШ долларигача;

2 миллион АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 1  миллион АҚШ долларигача;

4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 3 миллион АҚШ долларигача молиявий ресурслар ажратилади;

Бунда:

а) молиявий ресурслар йиллик 4 фоиз ставкадан (шундан 2 фоизи банк маржаси) ошмаган миқдорда тақдим этилади;

экспорт қилувчилар томонидан айланма маблағлар олингандан сўнг келгуси йилда экспорт ҳажми камида 20 фоизга ошмаган тақдирда, имтиёзли кредит тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

в) озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишловчи саноат корхоналари ва экспорт қилувчилар томонидан хорижий давлатларда савдо уйи ва дўконларини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг АҚШ долларигача маблағни хорижий ҳисоб рақамларга ўтказишга рухсат берилади;

2) Қуйидагилар белгиланди:

а) кичик саноат зоналари учун татбиқ этилган имтиёзлар улар таркибида ташкил этилган озиқ-овқат саноати технопаркларига ҳам жорий қилиниши;

б) кичик саноат зоналари таркибидаги озиқ-овқат саноати технопаркларида амалга ошириладиган инвеститсия лойиҳалари учун ажратиладиган ер участкалари бўйича маблағлар электрон онлайн ауксион савдолари ғолиблари томонидан уч йил давомида тенг улушларда тўлаб берилиши;

в) 2024 йил 1 январдан:

Халқаро аккредиация форуми (IAF) томонидан кўп томонлама тан олиш битимига киритилган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирида халқаро сифатни бошқариш тизимини жорий қилиш ҳамда зарур бўлган ускуна ва лаборатория жиҳозларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, лекин 500 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилиши;

йиллик тушумида тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган ҳамда ҳар йили 1 миллион доллардан ортиқ ҳажмдаги экспортни амалга оширувчи маҳаллий корхоналар томонидан инженер-технолог, маркетолог, дизайнер ва халқаро стандартлар бўйича хорижий мутахассислар жалб қилинганда, уларга ҳисобланган иш ҳақининг 30 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баробаридан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилиши;

3) Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси тасдиқланди ва унинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун табиий, молиявий ва моддий ресурслардан фойдаланишнинг самарали иқтисодий ва экологик бошқарув тизимларини жорий қилиш;

эркин бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган механизмлар орқали стратегик аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг хомашё захираларини яратиш;

озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш жараёнида табиий ва техноген офатлар, глобал сиёсий ва иқтисодий инқирозлар, пандемия, ҳарбий амалиёт ва бошқа ҳодисаларнинг салбий таъсири оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш, шунингдек, хабардор қилиш ва мониторинг платформасини яратиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ижтимоий ҳимоя миллий тизимларини такомиллаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш;

жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичларини назорат қилиш, соғлом овқатланиш тамойиллари ва уларга риоя қилиш амалиётларини кенг тарғиб этиш.