ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 23.01.2024 йилдаги ПФ-20-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини сифатли ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг муомаласини тартибга солишга жавобгар давлат органи этиб белгиланди;

2) 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

а) дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотлар аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун масъул бўлган ташкилот сифатида эътироф этилиши ҳамда уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари белгиланиши;

б) дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ потенсиал хавф-хатарларни тезкор аниқлаш ва уларга жавоб беришга қаратилган, халқаро стандартлар талаблари асосида фармакологик назорат тизими ташкил этилиши;

в) дори воситаларини тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этишда уларнинг хавфсизлигини назорат қилиш тизими жорий этилиши белгиланди. Бунда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фармакологик назорат таҳлили натижалари асосида инсон саломатлигига зарар етказиш хавфи юқори бўлган моддалар рўйхати шакллантирилиши белгиланди;

3) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Зарур амалиётлар маркази” давлат унитар корхонасини давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди;

4) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

а) 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотларда уларга берилган лицензия талабларига риоя этилишини бир йилда кўпи билан бир маротаба ваколатли органни хабардор этиш орқали назорат қилиш тартиби жорий этилади (жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан амалга ошириладиган назорат тадбирлари бундан мустасно);

дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ишлаб чиқилган контент Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулоса асосида эфирга узатилади;

янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда “Зарур сақлаш амалиёти – GSP” талабларига мувофиқ ташкил этилади;

б) 2026 йил 1 январдан бошлаб “Зарур сақлаш амалиёти — GSP” талабларига мувофиқлик бўйича сертификатга эга бўлмаган божхона омборлари ва эркин омборларда дори воситаларини сақлаш тақиқланади;

в) фармацевтика фаолиятини лицензиялаш жараёнлари Зарур амалиётлар (GхP) талабларига мувофиқлиги бўйича ўтказиладиган фармацевтик инспекциялар билан мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этилади.