ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 17.01.2024 йилдаги ПФ-14-сон

Фармонга асосан:

1) 2024 йил 1 майдан бошлаб:

Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилиш;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегараларини белгилаш;

дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқини фақат «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали реализация қилиш;

дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олишни тақиқлаш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида қазиш ишларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларга розилик берилди;

2) Мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилиши;

ушбу банд билан белгиланган табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари Экология жамғармасига йўналтирилиши белгилаб қўйилди;

3) Экология вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

дарё ўзанларидан қум-шағал материалларини қазиб олишни сув хўжалиги ташкилотлари, «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси, Давлат экологик назорат инспекцияси ҳамда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда мониторинг қилиш ва бу борада доимий рейдлар ўтказиш, тартибни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўриб бориш;

дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган барча субъектлар томонидан тегишли мажбуриятларнинг бажарилишини қатъий назоратга олиш;

шартнома асосида реализация қилинган участкаларда дарё ўзанларини тозалаш ишлари якунланганидан сўнг, лойиҳа мажбуриятларининг бажарилишини жойида ўрганган ҳолда участкаларни қабул қилиш;

дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридаги бузилган ерларни босқичма-босқич рекультивация қилиш, табиий ландшафтни қайта тиклаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини мувофиқлаштириш.