ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 21.01.2022 йилдаги ПФ-55-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича комиссия (Комиссия) тузилди;

2) 2024 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини ижобий клиник синовлар натижалари, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда сертификатлаш жараёнлари асосида ўн йилгача бўлган муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилди;

3) Қуйидагилар белгиланди:

а) фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш йўналишида:

2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатли ташкилот томонидан расмийлаштирилган «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)»га эга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини ва “ISO:13485” сертификатига эга ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюм ва тиббий техникани мажбурий сертификатлаштириш тартиби бекор қилинди;

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш учун қабул қилинган буюртмаларга кўра намуналар танлашни ҳудудлардаги сертификатлаштириш органлари экспертлари орқали амалга оширишга рухсат берилди;

б) фармацевтика соҳасидаги чекловларни камайтириш йўналишида:

донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни хусусий тартибда амалга оширишга тақиқ;

дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга чеклов;

халқаро брендлар асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловлар бекор қилинди;

в) зарур амалиётлар (GxP) талабларини тизимли жорий этиш йўналишида:

2022 йил 1 апрелдан фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”, “Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)” ва “Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)” талабларига мувофиқ равишда ташкил этилди;

фармацевтика тармоғи ва республика соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларни зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаш муддатлари 2024 йил 1 январгача узайтирилди;

2022 йил 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилди;

2023 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харид танловларида фақатгина “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)” стандартлари асосида дори воситаларини, “ISO:13485” стандартлари асосида тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқаришни ташкил этган ташкилотлар ва “Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)” стандартларини жорий этган улгуржи савдо ташкилотлари қатнашишига рухсат берилди;

4) Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ва фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар эҳтиёжи учун келтириладиган ҳамда фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан дорихона ичида дори тайёрлаш мақсадида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун “тоза хоналар”, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек, лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиник-олди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (шу жумладан дорихона ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хомашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2028 йил 1 январга қадар божхона божларидан озод қилиниши белгиланди.