Фармонга мувофиқ:
1) Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши белгиланди;
2) 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди ва қуйидагилар белгиланди:
ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши;
тиббий муолажалар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини оширишдан келиб чиқиб бажарилиши;
ҳамширалик иши фаолияти билан шуғулланаётган шахс белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши;
3) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга ошириш белгиланди ва ўқитишнинг янги тизими жорий этилди;
4) 2021 йил 1 июлдан нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилди:
махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобил тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;
нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этиш;
5) Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилди ва молиялаштириш манбалари белгиланди;
6) Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Палата) 2021 йил 1 июлдан унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилди ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилди;
6) Палатага қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришини таъминлаш;
аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш.