ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 30.04.2021 йилдаги ПФ-6218-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши ва айрим ҳужжатларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиши белгиланди;

2) 2021–2023 йилларда давлат органларининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш бўйича «йўл харитаси» ва Давлат органларининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш схемаси тасдиқланди;

3) Олий Мажлис палаталари ва Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторига мувофиқ тизимлаштириш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди;

2022–2025 йилларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчилик тармоқлари бўйича тизимлаштириш дастури (Дастур) ҳамда схемаси тасдиқланди;

4) Адлия вазирлигининг қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш борасидаги қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:

Дастурда белгиланган тадбирлар доирасида қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни ўз кучини йўқотган деб топиш, шунингдек, заруратга кўра янги ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

масъул давлат органларига ушбу Фармонда белгиланган тадбирларни амалга оширишда методик ёрдам кўрсатиш;

қонунчилик соҳаларини тартибга солувчи ҳужжатларни тизимлаштириш доирасида янги қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузиш;

ишчи гуруҳларга давлат органлари, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар раҳбарияти розилиги билан хизмат вазифаларидан озод этган ҳолда ходимларни жалб қилиш;

ушбу Фармонда назарда тутилган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриладиган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотларни сўраш ва олиш;

мазкур соҳада халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш, халқаро молия институтлари ҳамда бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантларни жалб этиш.