Фармонга мувофиқ:
1) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси негизида Агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди;
2) Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг қуйидаги вазифа ва функциялари Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ўтказилиши белгиланди:
узумнинг хўраки ва кишмишбоп навлари плантацияларини кенгайтириш, узумчиликни жадал ривожлантиришга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
узумчилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш;
хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш;
3) Янги узум плантацияларини яратиш учун қуйидаги мақсадларда субсидиялар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ажратилиши белгиланди:
хўраки ва кишмишбоп узум плантацияларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш;
хўраки ва кишмишбоп узум токзорларида ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан сув етказиб бериш, артезиан қудуқлар, қувурлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос станциялари қуриш, сув сақлаш учун сиғимлар сотиб олиш;
4) 2020 йил 1 августдан ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган табиий вино (қадоқлангандан ташқари) маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солиниши тартиби жорий этилди;
5) 2021 йил 1 июлдан истеъмол ва техник этил спирти реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS) билан жиҳозланган ҳамда 2022 йил 1 январдан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ҳамда узумзорларнинг ягона реестри ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисоблагич ўрнатилган автотранспорт воситаларида ташилиши белгиланди.