ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 08.10.2019 йилдаги ПФ-5847-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (Концепция) тасдиқланди ва унда қуйидагилар назарда тутилиши белгиланди:

олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш;

Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантириш;

республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш;

олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш;

халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш;

олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ва бошқалар;

б) Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди;

2) Нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика олий таълим кенгашини (Кенгаш) ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида сўровлар ўтказиш, жамоатчилик ва иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш орқали олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

олий таълимни давлат томонидан бошқариш тизими самарадорлигига ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар, улар томонидан таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигига холисона баҳо бериш;

таълим беришда юқори сифатни таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

олий таълим муассасаларида шаффофлик, холислик ва объективликни таъминлаш, коррупцияга шароит яратувчи омилларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширилиши бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва педагогларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича ишларни мазмунли ва мақсадли ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

халқаро алоқалар натижадорлигини таҳлил қилиб бориш, қўшма дастурлар самарадорлигини баҳолаш, ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, чет эллик профессор-ўқитувчилар ва хориждаги ватандошларни олий таълим тизимига жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида уларни республика олий таълим муассасалари шароитида қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

3) Қуйидагилар:

Кенгашнинг фаолияти натижалари, ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ҳайъат мажлисида йилига камида икки марта Кенгаш аъзолари билан биргаликда кўриб чиқилиши, натижаси юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниши;

Кенгаш томонидан тайёрланган таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, таркибида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади, улар Кенгашга вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак берадилар, сўралган зарур маълумотларни тақдим этиб бориши;

Кенгаш фаолияти натижалари, олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориши белгиланди.