Фармонга мувофиқ:
1) Қуйидагиларга:
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига унинг ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “O`zmedimpeks” ДУКни ўтказишга;
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига (Агентлик) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва уларнинг улгуржи савдоси устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бўйича функцияларини беришга розилик берилди;
2) Агентликнинг асосий вазифалари белгилаб берилди;
3) Қуйидаги тартиб ўрнатилди:
импорт қилишда Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхати Агентлик томонидан шакллантирилиши ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
дори воситалари ва тиббиёт буюмларини саноатда ишлаб чиқариш ва дорихонада тайёрлаш учун мўлжалланган, импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган хом ашёлар рўйхати Агентлик томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади, шунингдек, бир йилда камида икки марта янгилаб борилиши ва Агентлик ҳамда Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши шарт;
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси дори воситалари ва тиббиёт буюмлари миллий ишлаб чиқарувчиларига тижорат банклари кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, аммо 8 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги маблағга кафиллик беради;
“in bulk” маҳсулоти асосида ишлаб чиқариладиган дори препаратлари ва (ёки) тиббиёт буюмларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини узайтириш, шунингдек, уларни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш мазкур аналогик миллий маҳсулотни ички бозор эҳтиёжини таъминлайдиган ҳажмда ишлаб чиқарувчи бўлмаган тақдирда амалга оширилади;
2019 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар, синов тариқасида, дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини давлат томонидан харид қилишни амалга оширишда икки ва ундан ортиқ иштирокчилар — аналогик маҳсулотни (халқаро патентланмаган номи бўйича) миллий ишлаб чиқарувчилари мавжуд бўлган тақдирда давлат буюртмачиси импорт дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш таклифи мавжуд барча буюртмаларни рад этади;
4) Лабораториялар, клиник базалар, маҳаллий корхоналар ва дорихоналарнинг мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган муддатлари белгиланди;
5) Агентлик қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди ва уни шакллантириш манбалари ҳамда ишлатилиш мақсадлари белгиланди;
6) Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ҳамда фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан аптека ичида дори тайёрлаш мақсадида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун “тоза хоналар”, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек, лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиник-олди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (шу жумладан аптека ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.