Фармонга мувофиқ:
1) 2019 йил 1 апрелдан:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил) томонидан амалга оширилиши;
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши;
Савдо-саноат палатаси назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолиятини таъминлашда иштирок этиши белгиланди;
2) Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тасарруфидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилди;
3) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини амалга ошириш доирасида:
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиши;
назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тўғрисидаги хабарномаларнинг асослилигини, ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги ва ўрнатилган тартибда ўтказилганлигини ўрганши;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун назорат қилувчи органларнинг айбдор мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўриши;
тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисобот юритилишини, шунингдек ушбу соҳада назорат қилувчи органларнинг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти юритилишини таъминлаши;
назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш соҳасидаги қонунчилик нормалари қўлланилиши юзасидан маслаҳат ёрдамини кўрсатиши;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги норматив базани ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иштирок этиши белгиланди;
4) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг янгиланган тузилмаси ва штатлар жадвали тасдиқланди.