Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 17 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 13 июнда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонунчилик
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий принциплари
Қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, одил судловни таъминлаш учун молиявий ресурсларнинг етарлилиги, судлар фаолиятининг молиявий мустақиллиги суд ҳокимияти органлари (бундан буён матнда судлар деб юритилади) фаолиятини молиялаштиришнинг асосий принципларидир.
2-боб. Судлар фаолиятини молиялаштиришнинг манбаси, асоси ва ўзига хос хусусиятлари
4-модда. Судлар фаолиятини молиялаштириш манбаси ва асоси
Судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади.
Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қуйидагиларнинг фаолиятини молиялаштириш учун маблағлар назарда тутилади:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг.
Судлар фаолиятини молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
5-модда. Судлар фаолиятини молиялаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари
Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг моддий таъминоти, шу жумладан судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи, уларнинг меҳнати учун рағбатлантирувчи тўловлар, судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш учун харажатлар ҳамда судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг ижтимоий таъминоти инобатга олиниши керак.
Қонунчиликка мувофиқ судьяларга ва суд аппарати ходимларига пул мукофотлари ҳамда бир марталик моддий ёрдам учун маблағлар белгиланган тартибда ажратилади.
Судлар фаолиятини таъминлашга навбатдаги молия йили учун маблағлар, қоида тариқасида, ўтган молия йилида ажратилган маблағлардан кам бўлмаган миқдорда ажратилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадлари прогнозининг ижросидан келиб чиқиб судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини камайтириш мумкин эмас.
Судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
6-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашда ва келишишда судлар фаолиятини молиялаштириш тартиби
Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг судлар фаолиятини молиялаштиришга оид қисми бўйича бюджет сўрови тегишинча Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (бундан буён матнда Департамент деб юритилади) томонидан тайёрланади.
Ўзаро келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг таклифлари илова қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида ушбу лойиҳанинг судлар фаолиятини молиялаштиришга оид қисмида бошқа харажатлар қаторида одил судловни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг моддий таъминоти, Департаментни моддий таъминлаш, судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг ижтимоий таъминоти, судьяларни ҳимоя қилиш, судларни зарур ресурслар билан таъминлаш харажатлари ҳисобга олиниши керак.
7-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг судлар фаолиятини молиялаштириш бўйича муҳокамасида судларнинг иштирок этиши
Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталаридаги муҳокамаларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ва Департаментнинг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
3-боб. Судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш ва тасарруф этиш
8-модда. Судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш тартиби
Судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди учун — Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун — Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши учун — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан;
ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро иқтисодий судлар, туманлараро маъмурий судлар учун — Департамент томонидан амалга оширилади.
Ажратилган маблағларни жорий молия йили учун тегишли даража ва йўналиш бўйича тақсимлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг мажлисида тасдиқланади.
9-модда. Судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тасарруф этиш
Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан судлар фаолиятини молиялаштиришга тегишли молия йили учун ажратилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда тасарруф этилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
10-модда. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
11-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш
1. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-360-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, 12-сонга 1-илова; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 10, 605-модда, № 12, 772-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 7, 431, 433-моддалар, № 12, 783-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 5, 265-модда, № 8, 470-модда, № 9, 588-модда, № 11, 791-модда, № 12, 884, 891-моддалар; 2020 йил, № 3, 203-модда, № 11, 652-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 803, 804-моддалар, № 10, 973-модда, № 12, 1198-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда, № 6, 577-модда; 2023 йил, № 4, 272-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 9, 958-модда, № 10, 1080-модда, № 12, 1285, 1297-моддалар; 2025 йил, № 2, 201-модда, № 10, 1155-модда, № 12, 1324, 1327-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Давлат бюджетининг лойиҳасида Давлат бюджети даромадлари прогнозидан келиб чиқиб судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини камайтириш мумкин эмас»;
учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Жорий молия йили учун мўлжалланган Давлат бюджети тақчиллигининг тасдиқланган чекланган миқдори ортган тақдирда, судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини қисқартиришга йўл қўйилмайди»;
учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги ЎРҚ-427-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 4, 135-модда; 2019 йил, № 9, 591-модда; 2020 йил, № 11, 652-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 9, 904-модда; 2024 йил, № 9, 964-модда; 2025 йил, № 6, 727-модда) 34-моддасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34-модда. Кенгаш фаолиятини молиялаштириш»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Кенгаш фаолиятини молиялаштириш тартиби алоҳида қонун билан белгиланади».
3. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ЎРҚ-687-сонли Конституциявий Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 292-модда; 2024 йил, № 2, 117-модда) 91-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш тартиби алоҳида қонун билан белгиланади».
4. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги ЎРҚ-703-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 7, 663-модда; 2024 йил, № 2, 117-модда, № 8, 823-модда, № 9, 964-модда; 2025 йил, № 1, 8-модда, № 6, 727-модда, № 8, 969-модда, № 12, 1329-модда) 90-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«90-модда. Судлар фаолиятини молиялаштириш
Судлар фаолиятини молиялаштириш тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.
Ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланади».
12-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
13-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
14-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 сентябрь,
ЗРУ-1177-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1177/0923-сон)