Ҳужжат 15.10.2026 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лазерли нур тарқатгичларни ишлатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва лазерли нур тарқатгичларни ноқонуний ишлатишнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидагилар тақиқлансин:
а) халқаро стандартлар бўйича хавфлилик даражаси 3R, 3B ва 4-классга (синфга) мансуб бўлган лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичларни (ТИФ ТН коди 9013200000) ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, ўтказиш ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш;
б) жисмоний шахслар томонидан фойдаланиши мумкин бўлган лазерли кўрсаткичлар нурини:
кўчаларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортида, бошқа жамоат жойларида одамлар ва ҳайвонларнинг юзига (кўзига) йўналтириш;
оммавий тадбирлар, жумладан, концерт-томоша тадбирлари, спорт мусобақалари ўтказилаётган майдонлар ва иншоотларда уларнинг иштирокчилари, томошабинлар ёки бошқа шахсларнинг юзига (кўзига) қаратиш;
турар ва нотурар жойларнинг деразаларига, ҳар қандай турдаги транспорт воситаларига (ҳаво кемаси, темир йўл транспорти, автомототранспорт ва бошқалар) ва уларни бошқараётган шахсларга йўналтириш;
видеокузатув камералари ва хавфсизлик тизимларига йўналтириш.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 563-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги лазерли кўрсаткичларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, ўтказиш ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда сотиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 563-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси икки ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга учувчиларнинг кабиналари лазерли кўрсаткичлар билан нурланган тақдирда ҳаво кемалари экипажларининг ишлаш тартибини назарда тутувчи қўшимчалар киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўқувчилар ва ёшлар, уларнинг ота-оналари ўртасида лазерли кўрсаткичларни одамга ва парвоз қилаётган ҳаво кемаларига қаратишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласинлар.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 563-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 563-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 20 февраль,
50-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 8-сон, 105-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/396/1287-сон, 21.09.2018 й., 09/18/748/2024-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)