Национальная база данных законодательства Республики Узбекистан
ONLINE TRANSLATE
Чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллаш

14-модда. Чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллаш

Чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллашда суд ушбу нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет давлатда шарҳланишига ва амалда қўлланилишига мувофиқ ҳолда аниқлайди.

Чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш мақсадида суд кўмаклашишни ва тушунтириб беришни сўраб, Ўзбекистон Республикасининг ҳамда чет давлатларнинг ваколатли органларига ёки ташкилотларига белгиланган тартибда мурожаат қилиши ёхуд экспертларни жалб этиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар талабларига ёки эътирозларига асос қилиб келтираётган чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши ва ушбу нормаларнинг мазмунини аниқлашда иқтисодий судга бошқача тарзда кўмаклашиши мумкин.

Агар кўрилган чораларга қарамай, чет давлат ҳуқуқи нормаларининг мазмуни аниқланмаса, иқтисодий суд Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқ нормаларини қўллайди.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

1. Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган кўп томонлама ва икки томонлама халқаро шартномалар, конвенциялар, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимларнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Иқтисодий судлар томонидан хорижий ҳуқуқ нормаларини қўллаш масаласи долзарб ҳисобланиб, агар бу Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномасида ёки уларга мувофиқ тузилган тарафларнинг келишувида назарда тутилган бўлса, муайян низони ҳал қилишда иқтисодий суд бошқа давлатларнинг ҳуқуқ нормаларини қўллаши мумкин. ИПКнинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгиланган. Ушбу қоидалар, биринчи навбатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, 1966 йилда қабул қилинган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро Пактда, 1966 йилда қабул қилинган «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро Пактда мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикаси қўшилган конвенцияга мисол тариқасида «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Кишинёв конвенциясини келтиришимиз мумкин.

Халқаро шартномаларда ҳуқуқий жиҳатдан коллизион нормаларни тартибга солиш қоидалари қўлланилиши лозим бўлган муайян қонунга ҳавола (мисол: Киев битими) ёки фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, шу жумладан иқтисодий процесс соҳасидаги тегишли ҳаракатларини бевосита ва билвосита тартибга солувчи қоидалар мавжуд бўлиши мумкин (мисол учун 1993 йилдаги «Турли давлатларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги хўжалик низоларини ҳал этишда давлат божлари миқдори ва уни ундириб олиш тартиби тўғрисида»ги битим).

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида чет эл ҳуқуқини қўллашнинг умумий қоидалари мавжуд бўлиб, муайян фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланиладиган хорижий ҳуқуқни белгилайдиган халқаро хусусий ҳуқуқнинг коллизион нормалари кўрсатилган.

Хорижий ҳуқуқ нормаларини қўллаш зарурати чет эл фуқаролари ёки хорижий юридик шахсларнинг фуқаролик муомаласида иштирок этиши ёки фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг бошқа хорижий элемент билан мураккаблашиши, шу жумладан фуқаролик ҳуқуқлари объекти чет элда жойлашганлиги билан боғлиқ (Фуқаролик кодексининг 1158-моддаси). Чет эл элементи юридик фактларда ҳам ифодаланиши мумкин бўлиб, қонунчиликда ушбу фактлар фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор қилиниши билан боғланади. Мисол учун, Ўзбекистон фуқароси чет элда битим тузса ёки хорижда моддий зарар етказиб қўйса, иккала ҳолатда ҳам унга нисбатан хорижий ҳуқуқ нормаси қўлланилади. Хорижий ҳуқуқ нормаларини қўллаш зарурати халқаро шартномалар, қонунлар ва тарафларнинг ҳуқуқни қўллаш тўғрисидаги битимларидан келиб чиқиши мумкин (ИПКнинг 13-моддаси бешинчи қисми).

2. Ушбу модданинг иккинчи қисмида чет эл ҳуқуқ нормаларининг мазмунини белгилаш тартибини аниқловчи Фуқаролик кодексининг 1160-моддасига мувофиқ бўлган чет эл ҳуқуқи нормаларининг мазмунини белгилашнинг асосий усуллари назарда тутилган.

Биринчидан, суднинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, бошқа ваколатли органларга — масалан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига, бошқа ташкилотларга — масалан, чет эл ва халқаро ҳуқуқ соҳасида фаолият олиб бораётган ихтисослаштирилган институтларга, илмий ва таълим муассасаларига сўров юборилиши, мутахассислар жалб этилиши мумкин. Шу билан бирга, иқтисодий суд Ўзбекистонда ҳам, чет элда ҳам фаолият олиб бораётган органлар, ташкилотлар ва экспертларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Хорижий ташкилотларга мурожаат қилинганда, хорижий ваколатли орган фақат хорижий давлат ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида тегишли халқаро шартнома ёки бошқа шартнома мавжуд бўлган тақдирда жавоб беришга мажбур эканлигига эътибор қаратиш лозим.

Иккинчидан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ташаббуси билан, яъни иқтисодий суд билан бир хил тарзда — масалан, тегишли давлат суд амалиётида мавжуд бўлган шарҳи бўйича чет эл ҳуқуқининг мазмуни тўғрисида рус ва хорижий экспертларнинг фикрларини тақдим этиш орқали.

Минск конвенциясининг 15-моддасига кўра, марказий адлия органлари, томонларнинг илтимосига биноан, бир-бирларига ўз ҳудудларида амалдаги ёки амалда бўлган ички қонунлар ва уларни адлия муассасалари томонидан қўллаш амалиёти тўғрисида маълумот берадилар.

Киев келишувининг 12-моддасида МДҲга аъзо давлатларнинг олий суд органлари ва адлия вазирликлари бошқа тарафнинг ваколатли органларининг сўровига кўра бир-бирига ўз давлатларида амалдаги ёки амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда уни қўллаш амалиёти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари ҳақида белгиланган. Ушбу Битим бир давлат — МДҲга аъзо бўлган бошқа давлат — МДҲ аъзоси ҳудудида фуқаролик қонунчилигини қўллаш қоидаларини белгилайди.

Агар суд чет эл ҳуқуқини юридик нормаларнинг яхлит ўзаро алоқадор тизими сифатида қўлласа, ҳеч бўлмаса улардан бирининг мазмунини аниқлашнинг иложи йўқлиги, чет эл ҳуқуқи тўлалигича қўлланиши мумкин эмаслигини англатади. Шу аснода, суд низоли муносабатга қўлланиши лозим бўлган чет эл ҳуқуқининг у аниқлаган алоҳида нормаларига таяниб, бошқаларини (унга ноаниқларини) эътиборга олмаслиги мумкин эмас. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларда суд чет эл ҳуқуқини тўлалигича қўллашдан воз кечишга ва тегишли муносабатларни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи ёрдамида тартибга солишга мажбур.

Чет эл ҳуқуқи моддий нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш умумий қоида бўйича суд қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўлади.